ЮРАКЛАРНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ва УНУТИЛМАС ҚЎШИҚЛАР

ЮРАКЛАРНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ва УНУТИЛМАС ҚЎШИҚЛАР

Ҳар бир халқнинг  ўз миллий мусиқа мероси ва ўлмас қўшиқлари бўлади. Ҳозир ногаҳон ёнимиздаги  радиодан “Кеча келгумдур дебон” ёки “Оқшомда жамолингни шаъмини мунаввар қил”  каби қўшиқлар янграб қолса, беихтиёр қўшилиб айтишимиз табиий. Ахир “Муножот”у  “Фарғона тонг отгунча”, “Жанон бўламан деб»у  “Мустаҳзод”ни билмайдиган одам борми? Шу боис бу гал изланишларимизни халқимиз  юрагидан жой олган қўшиқларга қаратишни маъқул топдик. Зеро, уларнинг  ижрочилари ва яралиш тарихи сизни бефарқ қолдирмаса керак.

65 ЙИЛЛИК ТАРИХГА  ЭГА ИЖРО

 1945 йилда Юнус Ражабий ўша  пайтларда энди тетапоя бўлаётган санъаткор Берта Давидовага “Муножот”ни  ўргатади. Бу ҳақида Бертахонимнинг ўзи шундай эслаганди:

– Юнус Ражабий  менинг овозимни эшитиб кўрганларида  “Овозингнинг ўзидан йиғи келади”, – дедилар. Ростдан ҳам қўшиқ айтсам, одамлар  биринчи сатрини ижро этишим билан йиғлай бошлашарди. “Муножот”

– мен шу қўшиқни  ўрганганимдан бахтли эдим. Бир йили Эски шаҳардаги Пушкин боғида концерт  бераётган эдик. Бир қўшиқчи аёл чиқиб, “Муножот”ни айта бошлади. Одамлар:  “Берта чиқсин”, Берта Давидова чиқсин”, – деб бақира бошладилар. Кейин  Мукаррама Турғунбоева чиқиб рақсга тушди. Одамлар яна тўполон қила бошлашди.  Мукаррама чиқиб келиб, ҳалиги хонандага: “Сиз бошқа “Муножот”ни айтманг”, –  деган эди. Ахир бу хотираларни қандай унутиб бўлади?..” Ҳақиқатан ҳам, Алишер  Навоийнинг  “Кеча келгумдир дебон ул  сарви гулрў келмади” сатри билан бошланувчи ғазал илк бор Берта Давидова  томонидан ижро этилиши билан халқимиз мумтоз қўшиқчилигининг нодир намунасига  айланди. Мана, 65 йилдан буён у ҳузур қилиб тингланади ва ёш санъаткорлар  томонидан қайта-қайта ижро этилаверади. Аммо Берта Давидова том маънода бу  қўшиқнинг ҳақиқий эгаси бўлиб қолди. Негаки, ўша пайтларда шу қўшиқни унинг  ижросида эшитиш учун минглаб одамлар концертларга боришган, ижродан завқланиб олқишлашганлигини  унутиб бўлмайди. Бугун ҳам радиотўлқинларда янграб қолиши билан беихтиёр  тингловчининг вужуди қулоққа айланиб, ҳузурбахшлик билан тинглай бошлайди.

“ФАРҒОНА ТОНГ ОТГУНЧА”СИЗ ОТМАГАН  ТОНГЛАР

“Фарғона тонг отгунча” айтилмасдан  отмаган тонг бўлмаган бир пайтлар, – дейди қадрдон акамиз. – Зеро, шу қўшиқ  барча ошиқларнинг дил ноласи бўлганди. Шунинг учун ашулачи бўлган-бўлмаган “Фарғона тонг отгунча”ни куйларди…» Зиёвуддинхон Каттахўжа ўғли  Хазиний томонидан ёзилган бу шеърнинг қўшиқ сифатида ҳам асрлар қаърига  муҳрланишининг энг асосий сабаби унда инсонни покликка ундовчи, ғафлатдан  чақириб олувчи, уйғоқ виждон билан яшашга ундовчи оҳанг борлигида эди. Жуда  катта фалсафа билан ижод қилган Хазинийнинг хазин, кўнгилларга ором берувчи  кўплаб қўшиқлари орасида жавоҳирга айланган “…Тонг отгунча” орадан қанча  йиллар ўтса-да, ўз қадрини йўқотгани йўқ. Уни ҳалигача севиб ижро этадилар.  Хазиний илму урфон, шеърият ва санъат оламига Қўқон ва Тошкент адабий муҳити  таъсирида кириб келди. Муқимий, Муҳий, Фурқат, Завқий, Камий, Хислат, Мискин,  Алмаий каби шоирлар билан басма-бас ижод қилиб, Тошкентда Мулла Тўйчи ҳофиз,  Шожалил ҳофиз, Садирхон ҳофиз сингари санъаткорлар билан ҳамкорлик қилди. Катта  мусиқий салоҳиятга эга бўлганлиги учун Хазиний танбурда “Насруллоий”, “Наврўзий  Ажам Гулёр” куйларини маҳорат билан чалган ва қўшиқ айтган. Зиёвуддинхон  Хазинийнинг “Фарғона тонг отгунча” шеъри ўзбек адабиётининг ноёб дурдонасига  киради. Шеъриятда тасодифий тимсоллар орқали кўплаб ижод намуналарини юзага  келтирган донишманд шоир Зиёвуддинхон Хазинийнинг “Фарғона тонг отгунча” қўшиғи  шу боис ҳам тингловчилар қалбидан мангу яшаётгандир.

ДУТОР ЧЕРТИЛГАНДА ЭСЛАНГАН  “ҲАЙ-ҲАЙ”

Бугун Зулайҳо Бойхонова томонидан  ижро этилиб тингловчилар меҳрини қозонган “Ҳай-ҳай” қўшиғини бундан бир неча  йиллар илгари машҳур санъаткор Неъматжон Қулабдуллаев куйлаганлигини катта ёшли  авлод вакилларининг деярли барчаси билади. Айниқса, дутор чертилганда бу  санъаткорни эсламайдиган санъаткор йўқ. Айнан шу санъаткор томонидан ижро  этилган “Индамади” қўшиғини ҳалигача ёш хонандаларимиз ўз йўлларида ижро  этишдан тўхташгани ҳам йўқ. Неъматжон Қулабдуллаевнинг ўзи шундай эслаганди:

– 1960 йилда Пўлат Мўминнинг  “Индамади” шеърига кўзим тушиб қолди. Шундай шеърлар бўладики, ўз куйи билан  бирга туғилади. Шеърни ўқияпман-у, хаёлимда унинг тасаввурий мусиқаси ҳам  шакллана бошлаяпти. Хуллас, шеърни куйга солиб, тайёр қилиб бўлганимиздан сўнг  куйланган биринчи даврадаёқ у ўз мухлисларини топди. Шу-шу уни ҳозиргача  сўрашади… Дарҳақиқат, Неъматжон Қулабдуллаев  ижодидаги ўзи яратган қўшиқларнинг халқчиллиги билан бирга халқ қўшиқларини ҳам  маромига етказиб куйлаши орқали ҳам инсонлар кўнглига йўл топган эди. Мисол  тарзида бир воқеани келтирамиз. 1976 йилда Ортиқ Отажонов ўғлига  суннат тўйи қилади. Ҳамма санъаткорлар жам бўлган. Неъматжон Қулабдуллаев энди  кириб келиши билан Мукаррама Турғунбоеванинг овози эшитилади: «Неъматжон, яхши  келдингизми? Қани, дарров “Тановорни” айтинг-чи, бир рақсга тушайлик”. Маълум  бўлишича, Мукаррама опа айнан шу санъаткор келмагунча рақсга тушмай турган  экан. “Ундан нега тушмаяпсиз?” – деб сўрашганида, опа шундай жавоб қилган:  “Неъматжон “Тановор”, “Таманно”, “Фарғона тонг отгунча” қўшиқларини ҳақиқий  фарғонача йўлда айтади. Мен унинг санъатини жуда ҳам қадрлайман…” Гувоҳи бўлганингиздек, саҳифамизда  хотирлаганларимиз санъаткор сифатида санъат оламида ўз ўрнини топган. Шу  туфайли уларнинг қўшиқлари ҳалигача халқимиз тилидан тушмайди. “Мозийга қайтиб”  саҳифасида ҳали бундай санъаткорларни кўп хотирлаймиз. Зеро, улар аллақачон мангуликка  ўзларини муҳрлаб кетишган.

 Бахтиёр Расулов

You must be logged in to post a comment Login