КЎККА УЧСИН СЕН АЙТГАН БАЁТ

CЕВИМЛИ ШОИР ВА АДИБ МУҲАММАД ИСМОИЛ ИЖОДИГА ЧИЗГИЛАР

Куз — зоҳиран дов-дарахтлар, ўт-ўланлар сарғайган, олтиндек товланган тилло япроқлар йўлакларни қоплагувчи хазон бир фасл. Унда баҳор чечакларининг умидбахш куртаклари йўқ, юракда гуллайдиган ишқ тўла ҳаёт, алвон адирларда лов-лов ёнадиган лолалар эҳтироси йўқ. Шу боисдан албатта, шоирларнинг кузга аталган аксарият тизмаларида ҳам дилда маҳзун туйғулар, маъсум ва бир маюслик қўзғовчи фикрлар кумуш мезонлар сингари чуваланиб юради. Кўп-кўп мардумлар эса кузга йилнинг тугаб бораётган бир бўлаги деб қарайдилар. Ким нима деса десин, нима ўйлас ўйласин, аммо мен бу фаслни — йил бўйи қилинган меҳнат, ҳатти-ҳаракатнинг натижаси, кафт-дагидек намоён бўладиган, ғалвир сувдан кўтариладиган кузни —фаслларнинг гул тожи, дегим келади. Қолаверса, баҳор гулларининг турфаранг алдамчи ваъдалари, мавҳум хаёлот ҳам унда йўқ. Куз кунлари табиатнинг бор бойлиги — шира-шарбатга тўлган мевазор боғларда, пайкал-у узумзорларда товланиб, турланиб, тусланиб кўзларни қа-маштиради. Сиз ҳам тикилиб қарасангиз,кузда бемаъни хаёлпарастлик, мавҳумот, сохталик, беранг идеал йўқли-гини дарров сезасиз.

Бу қиёслаш кимгадир эриш туюлар, аммо,ижод-корнинг ҳар бир яхши китоби, менга кузни, кузнинг шиғил-шиғил мевали боғлари-ю, ҳосили карвон-карвон араваларни тўлдирган сахий далаларни эслатади.

Китобни қўлга олиб, варақлай бошлаганда, китоб муал-лифининг иқтидори, фикри, таланти,муваффақиятлари-ю камчиликлари баайни кузги боғлар сингари аён кўринади. Асар —ижодкор руҳий оламининг кучи, қудрати, жило-лари кўзгуси. Ҳаётий воқеалар мавжи, тўфонлар шовқини, замонанинг катта-кичик фожиалари, курашлари,тўқнашув-лари, баҳслари; одамизот руҳий оламининг сирли хилқатлари, бу хилқатларни ларзага солувчи шовқин-суронлар, орзу-армонлар ярқираб туради бу кўзгуда. Пур-маъно, қуйма, енгил, тиниқ, силлиқ, теран, бўёқдор, беғубор,кўламли, тўкис мисраларга йўғрилган ана шундай китоблар завқу шавққа тўлдиради вужудингизни. Танг қоларлик даражада назокатли ифодалар, жонга титроқ солгувчи ҳаётий манзаралар таъсирбахшлиги билан сеҳрлаб ташлайди онгу шуурингизни.Хаёлга толасиз. Хотиралар уйғонади: болалик, ўсмирлик, илк муҳаббат, ширин изтироблар… Ўйлаб кетасиз. Фикрлай бошлайсиз. “Эҳ!” деб юборасиз. “Ҳув!” деб чексиз ҳайрат ила овлоққа чиқиб кетгингиз келади. Оташнафас шоир Насимий сингари:“Менга сиғар икки жаҳон, Мен бу жаҳонга сиғмасман”, дея ҳайқиргингиз, мудроқ осмон равоқларини ларзага солгин-гиз келади. Иқтидорли ижодкор Муҳаммад Исмоилнинг китобларини ўқиётганда ана шундай кайфият пайдо бўлади. Қадим Мирзачўл даштларининг бепоён кенгликларида сайр этиб, Ховоснинг атлас қиру ўрларида яйраб, Сирдарёнинг жимжимадор, суронли тўлқинларида сузгандай завққа тўл-дим. Айниқса, муҳаббат ҳақидаги шеърлари айрича оҳанг-у, айрича ранглари билан мудроқ эсдаликларни қўзғаб юборди.

Қаранг, севги, унинг ширин азобларига қаранг:

Гоҳ шодман, гоҳида кўзга келар ёш,

Гоҳ ойда бўлсам ҳам Сизни кўрарман.

Келсам, васлингизга беролмайман дош,

Кетсам ҳажрингизда ўтман, ўртанган.

Севгилим, севсангиз шу менга ҳаёт,

Шудир топганим бахт маржонларини.

Севгилим, кетсангиз йўқ менга нажот,

Адоғи бўлмайди армонларимнинг.

“Гоҳ шодман”шеъридан

Ёки:

Мени кучлироқ сев, кечагидан ҳам,

Керагидан ортиқ, кечагидан кўп.

Кеча қолмас эди юрагимда ғам,

Кеча севар эдинг керагидан кўп.

“Мени кучлироқ сев…” шеъридан

Ёки:

Сиз менга қуёшсиз,

Мен сизга кимман?!

Мен сизни севаман,

Сиз-чи, билмасман…

Бу севги бағримни

Тилгани тилган,

Сизни деб телбаман,

Сиз-чи, билмасман…

“Сиз менга қуёшсиз” шеъридан

Қаранг, нолалар қандай тоза, қандай ифорли! Завқ би-лан,ёйилиб, роҳат билан ўқийсан. Ёлғондакам оҳ-воҳ, ийи-ғи чиқиб кетган, бетутуруқ,юзаки ва қуруқ насиҳатгўйлик-дан йироқ, ҳаётий воқеа мавжида туғилган, йиғлаб юборгудек таъсирли, мисраларга ранг ва барқ инган, юрак-лар жизиллайди. Умуман,Муҳаммад Исмоил ижодининг ўзак мотиви муҳаббат, дейилса хато бўлмайди. Ўйлаб қарасанг, бу дунёда муҳаббат тўғрисида ёзмаган шоир йўқ. (Қолаверса, дунёда қўл тегмаган мавзунинг ўзи бормикан?) Бу мавзунинг ўзи ҳам қадим дунё қадар кўҳна.Лекин, Муҳаммаднинг шеър ва қиссаларини ўқиганда, муҳаб-батни ҳар бир қалб янгилайди, деган ҳикмат нақадар ростлигига яна бир карра ишонасиз.

Унинг мисраларида қаттиқ ранж ҳам, беомон ғусса ҳам,дилни пора-пора қилувчи қайғу ҳам бор. Лекин, гоҳ кўпириб, гоҳ ёйилиб оқувчи дарё сингари бирда асов, бирда сокин бу оқим тубида олам-олам хазина борлиги сизга таскин беради, шоир билан бирга қувонасиз, қайғуга ботасиз.

У кимларнингдир ёзганларидан таъсирланиб эмас, ўз юрагини титратган туйғуларини қалбга нурдай,сутдай сингувчи асл мисраларга жойлайди. У ўз қувончи, ўз дарди, ўз йўсини, ўз сиёқи, ўз дастхатига эга. Унинг ҳар бир асари бир эсдалик, бир ҳаяжон, бир изтироб меваси. Унинг ёзганлари “муҳаббат” дея аталмиш беадоқ уммонда бир томчидир, бир заррадир. Аммо ўзиники.

Бозор иқтисодиёти баҳонасида, “бозорбоп” китоблар пайдо бўлаётган, беандиша,ибо-ҳаёдан йироқ, миллий анъаналарни таҳқирловчи, завқ ўрнига ранж, ибо ўрнига ҳирс қўзғатувчи яланғоч, пала-партиш, суюқ “мажмуа”лар болалаб қолган бир замонда, беғубор муҳаббатни улуғлайдиган асарлар жамият учун, ёш авлоднинг баркамол ва мукаммал тарбиясини таъминлаш учун қанчалар керак, қанчалар қадрли ва нақадар ардоқли.

Шоир шеърларидан бирида севгилисига қараб:

Сизни севганларга айламанг шафқат,

Нафрат ва ғазаб-ла ўтда ёндиринг.

Фақат, менда сизга лойиқ муҳаббат,

Ёнингизда фақат мени қолдиринг

– дейишида ҳам; “Ён дафтар”даги ёзувларидан бирида: “Муҳаббат одамнинг ор-номуси, шаъни, шарафи жамланган тожга ўхшайди. Шундай одамни севгинки, у сенинг қал-бингнинг олий тимсоли бўлган тожни кийганда, одамлар маликага қараб, қалбингни нақадар улуғлигини кўрсинлар” дейишида ҳам олийжаноб туйғу — соф муҳаббатни ардоқ-лаш туйғуси мужассам. Шул боис шоирнинг ясамаликдан олис, жозибали, бурро,таги-тамалида фикрлар ғуж-ғуж сатрлари ошиқона ҳайқириқ бўлиб қалбингизга сингади. Ҳаётдаги оддий бир воқеа, арзимасдек туюлган бир манзара, кўзга кўринмас руҳий бир ҳолат таъсирида пайдо бўлган шеър шоир қалами қудрати билан улкан ҳодисага, бақувват мазмунга, муҳаббатнинг янгроқ садосига айланиб кетади.Фикрлашга ундайди. Фикр қилишга чорлаш эса энг катта мўъжизадир.

Бугунги ўқувчининг диди ниҳоятда баланд, қофияни қофияга уриштиришдан пайдо бўладиган омади, ғадир, ғўр, ялтироқ чизгилар билан қойил қилиб бўлмайди уларни. Улар,ҳақиқий шеър — замон ҳайқириғи, жон озиғи, тимсоллар силсиласи эканини яхши биладилар. Худди шу жўн ҳақиқатни англамаган, менсимаган ёки нусхакашликка ўтиб олган қаламкашнинг аҳволи вой. Инсон тақдири билан боғлиқ шу каби мураккаб жараёнга шоир тубандагича таъриф беради:

Кетмоқдаман аста-аста ташлаб қадам,

Барибир бор, йўл сўнгига етмоқ, етмоқ…

Бу дунёнинг бор азоби кичкина ғам,

Дунёда энг катта азоб кетмоқ, кетмоқ…

Мен Муҳаммад Исмоилни узоқ йиллардан буён кузатиб,ёзганларини ўқиб келаман. У менга туғишган инидек яқин, қадрдон. У билан Ёзувчилар уюшмасида,Ўзбекистон Мил-лий телерадиокомпаниясида анча вақт ёнма-ён ишладик. У ўзига хос мураккаб ва завқли ҳаёт йўлидан ўтди. Турли идораларда ишлаб, ҳаётни ҳар тарафлама чуқур ўрганди. “Оила ва жамият” газетасида бош муҳаррир, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телеканалининг “Мунаввар тонг” студияси бош муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида бош муҳаррир каби рутбаларда бўлди, масъулиятли лавозимларда хизмат қил-ди, зиммасидаги вазифани доимо сидқидилдан бажарди. Жамоада, эл-юрт ичида яхши инсон, ақлли раҳбар сифатида ҳурмат-эътибор қозонди. Айни пайтда, бир кун бўлса ҳамки асосий мақсад — ижод қилишни унутган эмас. Сермаҳсул ижод қилди.Ўтган йиллар давомида унинг ўнга яқин китоблари нашр этилди, қисса ва ҳикоялари асосида бир нечта бадиий фильмлар яратилди. Шеърлари, ҳикоялари, қиссалари тилга тушди, адабий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланди.

У тез ёзади,мазмунли ёзади, ёзганлари ҳаялламай ёруғлик кўради, тез ўқилади. У билиб ёзади,билганларини ёзади, мавзулари муаллақ эмас. “Ён дафтар”даги шингил фикрларида ҳам, шеър ва ҳикоялар-у, йирик қиссаларида ҳам лирик манзаралар ярқираб, чарақлаб туради. Қуруқ сўз-лардан қочади, бадиагўйлик қилмайди, баландпарвозликдан тийилади, китобларида ширали халқ тили, салмоқли фикрлар жаранглаб туради.

Замон сенга боқмаса, сен замонга боққайсан,

Умидлардан айрилиб, бир хас каби оққайсан.

Ўз қурбингни кишанлаб, кетсанг агар азобда,

Ҳар яхшига ёмон-у, ҳар ёмонга ёққайсан.

Муҳаммад Исмоил дунё кезди, дунё кўрди, халқаро адабий анжуманларда иштирок этди. Бир шеърида:

Тобора даврамиз бўлаётир кенг,

Энди инсонят нотиғидирман.

Чунки, мен дунёда тенглар ичра тенг –

Мустақил диёрнинг шоиридирман.

– дея таъкидлаганидек, она ватанимиз шаънини улуғлашга астойдил бел боғлаган бир шоирга айланди.

Мухтасар бу мақолада мен Муҳамад Исмоилнинг ҳикоя ва қиссалари, турли мавзулардаги бадиалари ҳақида тўхтал-мадим. Ваҳоланки, унинг насрий асарлари аллақачонлар ўқувчилар юрагидан чуқур жой олиб бўлган. Халқимизнинг ардоқли адиби,Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов бундан бир неча йил аввал, аниқроғи, 2005йилда ёш адибнинг янги китобига ёзган сўз бошисида: “Сизни севмай бўладими…”китобини унинг ижодидаги ҳамда ўзбек адабиётидаги янги бир қадам дейишга ҳақлиман” дея китобга юксак баҳо берган ва, айни чоғда, тўпламдан жой олган севги-муҳаббат ҳақидаги барча ҳикоя ва қиссаларни янада ўқимишли, янада ҳаётийлигини таъминлаш борасида ҳам аниқ хулоса ва истакларини баён қилган, ва,яна мана бундай сўзларни ёзган эди: “Аввалом, муаллиф севги ҳақида ёзганда ўз бошидан кечирган воқеалар, ўз қалбидан ўтган туйғуларга суянган. Бу яхши,албатта. Лекин…агар биз севгидай нозик ҳисларни ифода этишга жазм қилган қаламни гўзал куйни чертган танбурга ўхшатсак, бу танбурдан жаранглаган куйнинг айрим жойларида жиндек сохталик борлигини сезиб қоламиз. Бинобарин, ёзувчи бошидан кечирган севги ҳангомаларини куйлаганда, қала-мини яна бир бор чархлаб олишини, бу борада у фақат самимиятга суянишини истар эдик”. Улуғ адибнинг донишмандона ўгитлари Муҳаммад Исмоил учун бетимсол сабоқ бўлгани унинг кейинги асарларида аён кўринади. “Чиройлисан тенги йўқ” (2007 йил), “Кўксимни куйдирган аланга”(2008 йил) каби китобларидан жой олган “Сен — қалбимнинг ардоғидасан”,“Бошимдаги тожим — онам”, “Муҳаббат дарси”, “Оппоқ гулдай ойдин хотира”,“Балоғат бекати” сингари қисса ва бадиаларни ҳеч иккиланмай, ҳаётни бўяб-бежамасдан, тиниқ бўёқларда ҳалол тасвирлаш намунасига айланган асарлар дейиш мумкин.

Ушбу китобдаги«Қорақурт», «Актриса», “Диёнат дарёси”, “Эътироф”, “Шеърият шаҳзодаси” каби ҳикоя ва бадиаларда ҳам инсон қалби, унинг бутун мураккабликлари зўр маҳорат билан бадиий таҳлил-тадқиқ қилинади ва ана шу фазилати билан диққатни тортади.

“Шоирни тушуниш учун унинг юртини зиёрат қилиш зарур”, деган эди Гёте. Зеро, ҳар бир ёзувчи ижодининг пойдевори туғилиб ўсган жойида бўлади. Мен бу укам дунёга келган қишлоқ — Ховосда кўп марта бўлдим,меҳрибон онаси, ака-укалари гурунгларида иштирок этдим. Англаганларим шу бўлганки, Муҳаммад Исмоилдаги беғуборлик, нозик ҳиссиёт, тиришқоқлик, одамгарчилик ва бошқа бир талай ҳавасли фазилатларнинг илдизи ўша ерда — Ховос қишлоғининг кўчаларида, одамларида, шоир ўсган хонадонда. Катта ижодга илк турткини шу ерда қалбга юқтирган бўлажак адиб тинмай ўқиб (мен уни қадим замон файласуфлари –Плутарх, Румий, Ғаззолий асарларини мутолаа қилаётганини, Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий шеърларини ёдлаб ўтирганларини кўп кўрганман), ўрганиб, бетиним изланиб, ўз оғаларининг энг яхши анъаналарини эгаллашга интилиб, имилламасдан,шиддат билан асарлар ёзиб, тиришқоқлиги соясида асардан-асарга пағонама-пағона юксалиб, мақсадига эришиб бораётир.

Мен Муҳаммад Исмоилнинг ютуғини ошириб, камини яширганим йўқ. Билганимни, тушунганимни айтдим. Қолаверса, бўш асарга “пахта”қўйиш, пуфлаш ҳам нақ кўзбўямачилик билан баробар. Ундан ташқари, ёлғон мақтов— фирибгарлик билан талабчан ўқувчини чалғитиб бўлмайди. Чунки, ижодкорнинг китоблари ўқирманлар қўлида, уларнинг нигоҳидан қочиб ҳеч қаёққа боролмайди!

Оллоҳ менга шундай умр бер,

Тинмай кўкка кўтарсин ҳаёт.

Қучоғига олганда ҳам Ер,

Кўкда қолсин, мен айтган баёт!

Мен ҳам ана шу тилакка тилакдошман: Кўкка учсин, сен айтган баёт, дейман.

Абдусаид КЎЧИМОВ,

Ёзувчи, Давлат мукофоти совриндори

You must be logged in to post a comment Login