ИСЛОМ КАРИМОВ ФАРҒОНАДА САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

2015

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 11 март куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Н.Собиров очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Президент Фарғона шаҳрида амалга ошилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари халқимиз манфаати йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва унинг самараларига ёрқин мисол эканини, бундай бунёдкорлик одамларимиз кўнгилини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашини таъкидлади.

Ислом Каримов ташаббуси билан Фарғона шаҳри маркази яратилди. Шаҳар атрофида кичик ҳалқа йўли барпо этилди. Йўл бўйларига ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига  мос манзаралари дарахтлар экалди. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун янада кенг қулайлик яратмоқда.

Номзоднинг сайловолди дастурида саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, фермер хўжаликларини кўп тармоқли хўжаликларга айлантиришни давом эттириш, маҳаллийлаштириш ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини изчил ошириб бориш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда барча ҳудудларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида Фарғона вилояти ҳам изчил тараққий этмоқда. Ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8,4 фоиз ўсди. Саноатни ривожлантириш дастурлари доирасида 154,4 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 550 ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари кенг қўллаб-қувватланаётгани самарасида уларнинг сони ва вилоят иқтисодиётидаги салмоғи тобора ортиб бораётир. Бугунги кунда ушбу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши қарийб 62 фоизни ташкил этмоқда. Айни шу соҳада банд бўлган ишга лаёқатли аҳоли 79 фоизни ташкил этади. Шуни инобатга олиб таъкидлаш лозимки, Президент Ислом Каримов томонидан катта эътибор қаратилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси Ўзбекистонда жадал ривожланди.

Фарғона шаҳри фахрийси Омонжон Ҳошимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Энахон Сиддиқовалар учрашувда сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида вилоятнинг кўҳна – Марғилон, Қўқон, Фарғона шаҳарлари янги қиёфа касб этганини таъкидладилар. Бугун бу гўзаллик инсонлар қалбига, чеҳрасига ҳам кўчган. Сўзга чиққанлар Фарғона вилоятидаги 1989 йил воқеаларини ҳам эслаб ўтдилар.

– Кечагидек эсимда: 1989 йиллардаги Фарғона фожеаларини ўйласам, юрагим қақшаб кетади. Чунки шу қонли воқеалар ичида бўлганман. Ёниб турган кўчалар, одамлар хонадони, ёнаётган инсон қалби. Буларнинг ҳаммасини ким жойига қўйди – Президент Ислом Каримов, – деди О.Ҳошимов.

– Шўро тузумидан мерос қолган қашшоқлик туфайли жар ёқасига келган, ҳаёт даражаси иттифоқдаги республикалар ичида энг ночор аҳволда бўлган Ўзбекистон жуда қисқа вақтда халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонган “ўзбек модели”нинг мўъжизакор қудрати дунёга ибрат бўлган кучли давлатга айланди. Мустақиллик шарофатидан, истиқлол офтобидан, энг аввало, ўзбек аёли рўшнолик, ёруғлик кўрди. Шу билан бирга бу дориломон, саодатли кунларга етиб келгунга қадар халқимизнинг тортган мусибатлари, азоб-уқубатлари ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди, – деди Энахон Сиддиқова.

Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

 

You must be logged in to post a comment Login