СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ САМАРАСИ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон ҳукуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборатдир.

Ушбу жараёнда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларга, шу жумладан, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини ошириш, энг муҳими – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминловчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимни либераллаштириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди.

2014 йил 21 январда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим конун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддаларига ўзгартиришлар киритилди.

 Биринчидан, ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотли ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Судьяликка номзодлар ёшининг 25 дан 30 ёшга кўтарилиши ва иш стажи муддатининг уч йилдан беш йилга оширилиши катта ҳаётий тажриба ва касбий билимга эга бўлган шахслар судья бўлиб тайинланишига хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси бўлиш учун зарур бўлган иш стажи беш йилдан етти йилга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди судьяси бўлиш учун зарур бўлган иш стажи етти йилдан ўн йилга оширилди.

Шу ўринда хорижий давлатлар қонунчилигига назар ташлайдиган бўлсак, судьяликка номзодлар учун Германия давлатида 30 ёш, Бельгия, Словения ва Франция давлатларида 40 ёш этиб белгиланганини кўриш мумкин.

Иккинчидан, судьяларнинг касб тайёргарлигига нисбатан малака талаблари кучайтирилди. Хусусан, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда мажбурий тайёргарликдан (стажировкадан) ўтадилар.

Ўз навбатида Олий суд, Олий хўжалик суди ташкилотчи сифатида захирада турган шахсларнинг ўқиши ҳамда стажировка ўташларини амалга ошириши белгилаб қўйилди. Судьяликка номзодлар ўқув ва амалиёт ўташ даврида асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ўз вазифаларини бажаришдан озод қилинади. Бу судьяликка номзодлар учун ижтимоий кафолатларни таъминлашнинг муҳим механизми ва захирани шакллантиришда қўшимча рағбатлантирувчи омил ҳисобланади.

Бундай изчил ислоҳотлар судьялар иш сифатини яхшилашга, улар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга, аҳолининг судга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login