МЕН АМНИСТИЯГА ТУШДИМ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан Амнистия тўғрисидаги қарори кўплаб юртдошларимизга қувонч ҳадя этди. Зеро, мазкур қарорни инсонпарварлик тамойилининг ёрқин ифодаси сифатида эътироф этиш жоиз.

Фарғона шаҳар прокуратурасида жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахслар билан учрашув ўтказилди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, тадбиркорлар палатаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона шаҳар бўлими вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда жазодан озод этилган шахсларнинг оилавий шароитлари пухта ўрганилиб, уларга ижтимоий-маиший масалаларда ёрдам бериш энг долзарб вазифа экани алоҳида таъкидланди. Юзма-юз мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда жазодан озод бўлиб қайтган фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга прокуратура ходимлари ва бошқа тегишли соҳа мутахассисларидан жавоблар олишди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларга тадбиркорлар палатаси ва Марказий банк вилоят бош бошқармаси ходимлари давлат рўйхатидан ўтиш ва кредит олиш масалаларида ҳуқуқий маслаҳат бердилар.

Шу кунга қадар жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 40 нафар шахсларнинг барчаси ИИБ органларида профилактик ҳисобга олинди ва биометрик паспорт берилди. Шунингдек, улар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, моддий ёрдам пуллари билан таъминланди. Меҳнатга лаёқатли деб топилганларининг 24 нафари эса турли корхона-ташкилотлар ва хусусий секторга ишга жойлаштирилди.

Жазодан озод бўлганлар ўзларига кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.

You must be logged in to post a comment Login