ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ – ДЕМОКРАТИЯНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси янги сайланган депутатларнинг зиммасига улкан масъулият юклади.

Давлат раҳбари Олий Мажлиснинг аввалги таркиби фаолиятига аниқ рақам ва мисоллар билан холисона баҳо бериб, янги шаклланган парламент мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиши ҳамда сиёсий партиялар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг роли, партиялараро рақобат, баҳс-мунозараларнинг аҳамияти, депутатлик корпусининг фаолияти масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратганлиги депутатларнинг келгуси фаолиятида эътибор қаратиши зарур бўлган йўналишларни белгилаб беради.

Ўтган даврда яратилган мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база дунёда ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор суръатлар билан ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди, дейилади маърузада. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари сўнгги 10 йилда дунёдаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда. Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқариши, инвестициялар ҳажми ва аҳолининг реал даромадлари жадал равишда ўсиб бормоқда. Бундай натижалар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, албатта.

Президент томонидан депутатларнинг сайловчилар билан ишлашини тубдан яхшилаш, палаталар фаолиятига парламент назоратининг замонавий усулларини татбиқ қилиш устувор йўналиш сифатида белгиланар экан, жумладан, давлат бюджетини шакллантириш ва мамлакатнинг ушбу муҳим иқтисодий ҳужжати ижросини назорат қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.

Олий Мажлис палаталари томонидан назорат вазифасини амалга оширишнинг ана шу ва бошқа қатор шакллари ҳамда усулларини “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунда тизимли ва аниқ мустаҳкамлаб қўйиш зарурлиги белгиланди.

You must be logged in to post a comment Login