НАВОИЙ КЕКСАЛАРНИ ҚАДРЛАШ ХУСУСИДА

02

Бизга маълумки, миллий анъаналаримиз, бебаҳо қадриятларимиз қадим-қадимдан кексаларнинг  ардоқланишига, уларнинг иззат-ҳурматларини жойига қўйилишига катта асос бўлган. Халқ мақоллари, мумтоз адабиётимиз вакилларининг асарларида ҳам айнан шу мавзуга доир ҳикматларни ўқиганмиз. Юртбошимиз томонидан янги 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши эса бу қадриятларимизнинг бардавомлиги, ҳеч қачон ўлмаслигига далолат бўлди.

Хусусан ҳазрат Мир Алишер Навоий ижодида бу мавзуга бир неча марта мурожаат қилинганини кўрамиз. Жумладан, шоирнинг “Хазойин ул — маоний” девонида бир нечта қитъалар бор. Улардан бири ушбудир:  

Қарилар хотири нозикдур, эй тифл,
Шикастидин қилиб ваҳм, ўлма густоҳ.
Унуттунгмуки, атфол ўйноғонда
Синар оз майл кўргондин қуруқ шох.

Аввало шуни айтиш керакки, қитъа мумтоз адабиётимизнинг энг кўҳна шеърий жанрларидан ҳисобланади. Луғавий маъноси парча, бўлак, кесилган дегани бўлиб, маъно йўналиши аниқ белгиланмаган, чегараланмаган, икки ва ундан ортиқ байтли шеърдир. Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул: “Мир Алишер  Навоий қитъаларида табиатдаги оддий қурғоқчилик ҳодисаларидан тортиб, коинот сир-асрорларигача, чумолидан тортиб, инсон ҳолати ва қисматигача муносабат билдирилган”, деган фикрни билдирган. Биз сўз юритмоқчи бўлган асар ҳам олим фикрларининг далилидир.

Эй бола, қариларнинг хотири, қалби нозиклашиб қолади, андишасизлик, одобсизлик қилиб озор етказиб қўйма. Улар қалби шу қадар мўртлашганки, мисоли, ёш болалар ўйнаётганда қуруқлигидан озгина ҳаракат билан ҳам синиб кетадиган қуруқ шохдек.   Қитъада эса бу пайтда болалар ва умуман, ёшлардан қариларнинг кўнглига қарашлик, улар қалбига озор етказмаслик сўраляпти. Шеър болаларни одоб-ахлоққа чақириб, кексаларга яхши муомалада бўлишга, дилларига озор етказмасликка чақиряпти. Чунки шоирнинг ўзи таъкидлайдики, кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас; у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас.

Демак, хотири ва кўнгли нозиклашиб қолган қарияларга фақат ва фақат яхши ва ширин тил билан муомала қилишимиз шарт. Шу ўринда мисол қилиб “Фарҳод ва Ширин” достонидаги  бир воқеани келтирсак жоиз бўлар: Хоқон ўзининг қариб бораётгани, Фарҳод эса ақлли, мард ва паҳлавон йигит бўлиб, фақат Чин мамлакатига ҳоқонлик қилишгагина эмас, балки бутун оламга султон бўлишга ҳам лойиқ  эканлигини айтиб, тахтини топшириш вақти етганлигини айтади.

Қарилиқ айбини ёшурса бўлмас,

Борур чоғ бўлди, боқиб турса бўлмас.

Соқол оқи ўлумга пешравдур,

Тириклик сабзаси узра қиравдур.

Шунда Фарҳод бу сўзларни эшитиб зор-зор йиғлаб, отасига узоқ умр тилайди ва одоб билан бундай масъулиятли ишга тайёр эмаслигини баён қилади. Ва:

Чу сурди нуктани бу навъ дилкаш

Баёнидин атоси бўлди дилхуш .

“Маҳбуб ул-қулуб” асарида эса шундай мисраларни ўқиймиз: “Қарилик ёшлик майига хуморликдир, йигитликдаги соғломликни ҳасрат-ла қўмсашликдир. Қарилик кунлари шод юрган одамларни ношод этади. Кўнгилдаги ҳавас –орзулар шохи синади; балки барча тараддуд ва ҳаракатлардан кўнгил тинади.”  Шулар сабаб бўлса керакда улар кўнгилларининг нозиклашиб, салгина ножўя сўздан ҳам ранжиб қолишларига. Яна ҳазрат бобомиз таъкидлайдики: “Қариялар муҳтожликка тушиб қолса, касб-ҳунар қила олмаса ва тилашга тили бормаса, уларга раҳм-шафқат қилишга шошил ва қўлингдан келганча эҳсон қил”.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, кексаларни қадрлаш ва авайлаш, уларга етарлича ғамхўрлик қилиш бугунги кунда юртимизда давлат миқёсидаги, ҳукуматимиз диққат-эътиборидаги ишга айлангани улуғ бобомиз руҳларини ҳам шод қилган бўлса не ажаб?! 

Навоий даҳоси шундаки, унинг шеъриятида қаламга олинмаган муаммо, назардан четда қолган масала йўқ. Бу улкан шеърият бағрига кирганимиз сайин нимаики саволларимиз бўлса жавоб топамиз.  Йилимизнинг  “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши ва  бунга юқоридаги мисолларнинг  вобасталиги фикримизнинг исботидир.                               

Юртимизда байрамлар кўп. Мен истардимки, Ҳазрат бобомиз Мир Алишер Навоийнинг таваллуд кунлари ҳам улуғ байрамга айланиб, ҳар бир хонадонда нишонланса. Шу куни миллат маънавиятининг Қомуси бўлган шоир ҳикматлари такрор ва такрор ўқилса, эшитилса, таҳлил қилинса ва ибрат олинса. Зеро шоирнинг ўтлуғ муножотларини ўзимизга-да тадбиқ қилсак хато бўлмас:

Илоҳи, ғафлат уйқусидамиз, бедор қил ва жаҳолат мастлиғидамиз, ҳушёр қил.

You must be logged in to post a comment Login