ИСТЕЪФОДАГИ МАЙОР МАГЗУРА СЕЙФУЛЛИНА

1515

Фарғона шаҳрининг Ойбек мавзесида яшовчи табаррук 90 ёшни қаршилаган истеъфодаги майор Магзура Сейфуллина хонадонида бўлиб, онахон билан дилдан суҳбатлашганимизда, мазкур йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинганидан ғоят хурсанд эканини билдирди. Узоқ ҳаёт йўли ҳақида гапириб берди.

1936 йилнинг февралида Юсуф Сейфуллин Россия Федерациясининг Ульяновск вилоятидан Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳрига оиласи билан кўчиб келди. Бу ер уларга, айниқса, қизи Магзурага жуда ёқди. Кейинчалик улар Қувасойга кўчиб ўтишди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганида Донбассдаги кимё заводини Қувасойга кўчириб олиб келишди. Заводда ишлаш ва уни қўриқлаш учун ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ташкилланиб, бўлинмага Юсуф Сейфуллин ҳайдовчи бўлиб ишга жойлашди. Қизи Магзура 18 ёшга етгач, бўлинмага алоқачи вазифасига ишга олинди. 1945 йилда улар Фарғонага кўчиб келишди. Магзура бўлинмада алоқачилик билан бирга котибалик ҳам қила бошлади. Бироз оғирроқ бўлсада, унга салобат бериб турадиган хизмат кийимида туни билан навбатчилик қилар, бошлиқнинг барча  кўрсатмаларини аниқ ва тезкорлик билан бажарар эди. Хизмат осон эмасди.  Бўлинмада бор-йўғи 3 нафар аёл ишларди. 

Бу ажойиб аёлга бутун умри  давомида “Доим тайёрман!” деган шиор ҳамроҳ бўлди. Ишдан ажралмаган ҳолда кечки мактабни, кейинчалик олий ўқув юртини тамомлади.

Билимли, ижро интизомига қатҳий риоя этишга одатланган М.Сейфуллинани молия-иқтисод  бўлими инспекторлигига, 1949 йилда эса вилоят ички ишлар бошқармаси хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ўтказишди. Оддий инспекторликдан иш бошлаган Магзура Сейфуллина кейинчалик кўп йиллар шу бўлимга раҳбарлик қилди. 34 йилдан сўнг майор унвони билан нафақага чиқди.

Онанинг ҳаётий тамойиллари фарзандларига мерос бўлиб ўтган. Ўғиллари Равиль ва Рашид политехника институтини тамомладилар. Магзура Юсуповна набираси Зуҳра билан алоҳида фахрланади. У ИИВ Акадамиясини тамомлаб, вилоят ички ишлар бошқармасида хизмат қилди. Ҳозирда истеъфодаги майор.

Фарзандлари, невараю чеваралари ўзларининг шундай оналари ва бувилари борлигидан фахрлансалар арзийди. Камтар, камсуқум, онахоннинг бисотида ўн иккита медаль ва давлат мукофотлари бор. Энг охиргиси 1995 йилда берилган Ўзбекистон Республикасининг “Жасорат” медалидир. Яна кўплаб ҳукумат ва Ички ишлар вазирлигининг ташаккурномалари, Фахрий ёрлиқлар унинг ­уйини безаб турибди.

– Турмуш ўртоғим, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мазгут Хусаинович Мухамедзянов мени қўллаб-қувватламаганида бунчалик муваффақиятларга эриша олмас эдим. Биз ўттиз тўққиз йил бахтли ҳаёт кечирдик, – дейди М.Сайфуллина мамнунлик билан.

You must be logged in to post a comment Login