БЕКТЕМИР ЯНА ОЛТИН МЕДАЛЬ ҚЎЛГА КИРИТДИ

bektemir

Маълумки, спортни ривожлантириш учун катта маблағ талаб этилади. Бу борада Ўзбекистон Ҳукумати томонидан барча чоралар ишлаб чиқилган бўлиб, биргина 2014 йилда спорт соҳасини тараққий эттириш учун 500 миллиондан зиёд АҚШ доллари миқдорида маблағлар сарфланди. Мамлакатимизда спортга ошно бўлаётган ёшлар сафининг кенгайши уларнинг халқаро майдонларда қўлга киритилаётган муваффақиятларда ҳам кўриш мумкин.

Болгария пойтахти София шаҳрида бокс бўйича анъанавий “Странжа” ҳалқаро турнири ўз ниҳоясига етди. 10 вазн тоифасида ўтказилган баҳсларнинг 7 тасида мамлакатимиз вакиллари шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олишди. Қувонарлиси, 75 кг вазн тоифасида мусобақада қатнашган вилоятимиз вакили, ёшлар ўртасида Осиё, жаҳон ва олимпиада ўйинлари ғолиби, катталар ўртасида мамлакатимиз чемпиони Бектемир Мелиқўзиев Ирландия давлатининг вакили Михаил Ореллини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб ўзининг навбатдаги олтин медалини қўлга киритди.

Вилоятимизнинг яна бир вакили, тажрибали боксчимиз Элшод Расулов бу сафар ушбу ҳалқаро мусобақанинг кумуш медали билан кифояланди.

– Президентимизнинг: “Биз дунёда ҳеч кимдан кам эмасмиз”, деган сўзлари биз, ёшларга ҳамиша кўтаринки руҳ, қўшимча куч ва ўзимизга қатъий ишонч бағишлайди, – дейди бокс чемпион Бектемир Мелиқўзиев. Шу туфайли ҳам юксак марраларни мақсад қилиб, бирма-бир ютуқларга эришяпмиз. Бугунги кунда менга тенгдошларим, маҳалладошларим, ватандошларим ҳавас қўзи билан боқаётганликларини, менинг келажагимга катта ишонч билдираётганликларини доимо қалбдан ҳис этаман. Ҳар сафар шоҳсупага кўтарилганимда вужудимда кечган ҳолатни икки оғиз сўз билан таърифлашга ожизман. Айниқса, ўсмирлар Олимпиасида шу қадар қаттиқ ҳаяжонланган эдимки, хурсандлигимдан кўзимга қувонч ёшлари келганди. Мен ўзининг бой ўтмиши ва буюк келажагига эга бўлган юртда тўғилиб, вояга етаётганлигимдан ҳамиша фахрланаман ва бундан кейин ҳам озод ва обод юртда камолга етаётган ёшлар нималарга қодирлигини дунё спорт ареналарида исботлашга ваъда бераман. 

You must be logged in to post a comment Login