АЁЛ ЯРАТГАН ДУНЁ

zulfiya_4(2)

Халқимизнинг меҳр-муҳаббатини қозонган Зулфияхоним номини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар нафақат адабиётимиз балки халқимиз оналарига бўлган эҳтиром ифодасидир. Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида” ги қарори вилоятимиздаги таълим даргоҳларида меҳнат қилаётган илм-фан жонкуярларини ҳам жуда қувонтирди. 

Фарғонада Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган 15 нафар шоиранинг издошлари бор. Улардан беш нафари Фарғона Давлат университети талабаларидир. Ҳозирги кунда университетда фаолият кўрсатаётган “Зулфия” клубида 70 нафардан зиёд истеъдодли талабалар ижодий изланишлар олиб бормоқда.

… Бундан 47 йил муқаддам Ҳалимахон Ҳўжақулова, Сорахон Қўлдошева, Гулсум Фармонова билан биргаликда Водилда Зулфия опа билан танишганмиз. Ўша ҳаяжонли танишув бир умр ёдимда муҳрланиб қолган. Шундан кейин бир неча бор республика миқёсидаги хотин-қизлар тадбирларида шоира билан дийдорлашардик. 1977 йилда Кисловодск шаҳридаги  “Ўзбекистон” санаторийсида  дам олаётган пайтимизда  опа билан  яна учрашиб қолдик. Бу забардаст шоира билан ҳар куни суҳбатдош бўлганимдан бахтиёр эдим. Фарғоналикларни жуда яхши кўраман, дердилар суҳбат чоғида. Марғилон атласи, ширмой нонини, ўсмани ёқтирардилар. Доимо мендан бир бола бор, оти Алишер деб эслаб ҳозирда  ФарДУ даги ҳамкасбим, иқтисод фанлари номзоди, доцент, таълим соҳасида бир неча халқаро лойиҳалар соҳиби Алишер Юнусовни сўрар эдилар. Унинг олижаноблиги ҳақида тўлқинланиб гапирардилар.

1979 йили республика хотин-қизларининг 8-мартга бағишланган анжуманида Тошкентда Зулфияхоним билан учрашдик. Ҳой, пошшохон, Шоҳимардон тоғларида бойчечаклар роса очилгандир деб, қўлларимни сиқиб, бағирларига тортиб кўришдилар, бойчечак ҳақида тўрт сатр шеър ўқиб бердилар.

Мен бугун дилбар Фарғонамизда Зулфияхонимнинг шогирдларини кўрсам қувонаман.  Таниқли ижодкорлар Санъатхон Маҳмудова, Малика Мирзаева, Энахон Сиддиқова, Зуҳро Алиева, Матлуба Деҳқон қизи, Муҳаббат Иброҳимова,  марҳума Мақсуда Эргашева… шоира издошлари номларини яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Аёл бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратади, дейди донишмандлар. Таъбир жойиз бўлса эрк, садоқат, меҳр куйчиси Зулфия опа гўзал Ўзбекистон ва унинг келажаги учун ёруғ тимсол бўлиб қолади. Аёл яратган дунё завол топмагай!!!

You must be logged in to post a comment Login