БАҲОР КЕЛДИ СИЗНИ СЎРОҚЛАБ…

zulfia

Дилбар Ўзбекистонда кўкламдан муждалар кўп. Ер бағрини ёриб чиққан нозик майсаларни кўриб,  буёғи баҳор дейсиз, энтикиб. Қушлар шўх-шўх сайраркан, уларнинг тилини тушунмайсиз, лек қанотларида баҳор сасини келтирганини сезасиз.  Кўчаларда нуроний отахонлар дийдорини кўриб кўкламга ташаккур дейсиз.

Қаерлардадир қайнаётган сумалак ҳидини туйиб қадриятларимизга сайқал бераётган момолар заковатига тасанно айтасиз. Ҳа, биз баҳорни қиёссиз манзаралари билан севамиз.

Баҳор Зулфияхоним шеъриятининг жарангдор сатрлари билан, унинг издошлари камоли ва том маънода халқимизнинг аёлга эҳтироми ифодалари билан тароватлидир. Баҳор аёлни улуғлаган, меҳрини оналарга поёндоз қилиб ёзган халқимизнинг ижодкорона қалби билан ҳамоҳангдир.

Дарҳақиқат бугун Ўзбекистон шоира номини кўзу кипригида шарафлади.  Унинг некбин овозини, муҳаббат, вафо, садоқатга йўғрилган сатрларини юксакларга кўтарди. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан пойтахтимиз Тошкентнинг сўлим гўшасида шоиранинг муаззам ҳайкали  бунёд этилди. 1999 йил 10 июнь куни Президентимиз қарори билан аёлларга ҳурмат ва эътибор тимсоли сифатида “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди.  Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида” ги қарори ҳам буюк юртнинг шоирага бўлган эъзоз, олқишлари бардавомлигини яққол кўрсатиб берди.

Ҳар баҳор кўнглингга ҳур насимларни бахшида этиб, интизор кўзларни қувонтириб қаршимизда  Зулфияхоним издошлари саф тортадилар, уларнинг ўзбекона мағрур хитоблари янграйди. Мукофот совриндорлари истеъдодли қизлар муҳташам саройларнинг баланд минбарларида қалбларидаги эзгу сўзларини авж пардаларда изҳор этадилар. Совриндорларнинг камоли беихтиёр бугунги Ўзбекистон аёлларига берилган баҳодир. Уларнинг кўксиларида ярақлаб турган Зулфияхоним сурати туширилган нишонни кўриб, ифтихор қиламиз. Қайси юрт, қайси мамлакатда шоир номи билан бериладиган мукофот бор?! Шоирнинг эл ўлмаса шоирлари ўлмагайдир, деган сатрлари ёдга тушади. Бинобарин, шоирларини,  адабиёт фидойиларини улуғлаган халқнинг сўзи ўлмагай!!!

Не бахтки, Зулфия номидаги мукофот совриндорлари орасида Зулфия яратган чаманзорга гул экиб, уни кўкартирган фарғоналик шоиралар бор. Ва не ғурурки уларнинг илк ижоди отахон газетамиз – “Фарғона ҳақиқати” да йўргакланган, уларга таҳририят ижодий жамоаси оқ йўл тилаган.

Ўшанда Наргиза лицей ўқувчиси эди. Бир туркум шеърларини кўтариб таҳририятга келди. Шеърларини тайёрлаб бош муҳаррир ўринбосарига олиб кирдим. Наргиза кўзлари жавдираб устозга қандайдир умид илинжи билан тикилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Бош муҳаррир ўринбосари унинг шеърларини газетада чоп этиш учун имзо қўйибди.  Бир шеъридаги “Ватан, ўйинқароқ болангни кечир” деган сатри устозга жуда ёққанидан ёш ижодкорга ана шу сатр ҳақида сўз очибди. Буни қаранг Наргиза Охунованинг худди шу шеърлари Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг назарига тушди. Зулфия номидаги Давлат мукофотини олишига унинг шеърларидаги бетакрор топилмалар ҳам сабаб бўлди. Фарғона Давлат университетида таҳсил олаётган кезларида, таҳририятда бир муддат иш ҳам ўрганди. Бадиий ижодда ўз йўлини топди.

“Ота, менга гулдан айвон қуриб беринг” дея сатрлар битган Зулфияхоним издоши Дилнавоз Қўлдошеванинг ижодига илк баҳони ҳам “Фарғона ҳақиқати” берган.  У ФарДУ да таҳсил олиб амалиётни таҳририятимизда ўтади. Ижод майдонида журналистик маҳоратини синади. Эндиликда Дилнавоз ФарДУ магистранти. Ўтган йили Республика хотин-қизлар қўмитаси тавсияси билан бу икки шоиранинг тўпламлари нашрдан чиқди.

Ҳар баҳор фан, таълим, санъат, спорт, адабиёт йўналишларида совриндор бўлган Зулфияхонимнинг фарғоналик қизлари билан суҳбатлашиб юрак энтикади. Зеро, баҳор ажиб кашфиётлари билан, тенгсиз муждалари билан шоирани сўроқлаб келади. Унинг руҳини шод этиб эзгулик боғларини яратиб қайтади. Кўнгил саройларини  хазиналари билан тўлдириб кетади. Шундай баҳорларни севмай бўладими, дўстлар! Юртимнинг қалбига айланган баҳор, сенга таъзимлар даркор!!!

You must be logged in to post a comment Login