Ватан олдидаги бурчимни оз бўлса-да уддалай олдиммикан?

SHS_3147

Фарғона шаҳридаги Санъат саройида “Нима қилдик  Ватан учун?” шиори остида ўтказилган ижодий учрашув том маҳнода қўшиқ байрамига айланиб кетди.

Бугун Фарғонага келган ҳар қандай инсоннинг мислсиз ўзгаришлардан кўнгли яйрайди, тинч ва фаровон ҳаёт учун шукрона айтади.

Мафтункор диёримиздаги осойишталик, ободлик, гўзал ҳаётга дилбар қўшиқлар, дилтортар наволар ярашади. Айниқса, кўклам нафаси сезилаётган, кўнгилларда баҳорий илиқлигу, наҳорий тиниқлик уфуриб турган кезларда  кўнгил қўшиқ исташи табиий.

Гала-концерт тароватли рақслар, завқли тароналарга ҳамоҳанг тарзда анча давом этди. Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳсинбек Мўминов, эл севган қўшиқчилар Зиёда Қобулова, Отабек Муҳаммадзоҳид, Шаҳло Рустамовалар ҳамда “Божалар” гуруҳининг чиқишларини томошабинлар олқишлар билан қарши олдилар.

Тадбир давомида викторина ўйинлари ўтказилиб, топқир ва зукко иштирокчиларга ҳомийларнинг совғалари – китоблар тўплами топширилди.

– Бокс бўйича ғолиблик шоҳсупасига кўтарилганимда, жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғи ҳилпираганда Ватан олдидаги бурчимни оз бўлса-да уддалай олдиммикан, дея хаёлимдан ўтказаман, – дейди бокс бўйича жаҳон чемпиони Акмал Қосимов. – Яратилган шароитларга яраша ҳали, ўз устимда тинмай ишлашим, Олимпиада ўйинларида иштирок этишим ва ғолиб бўлишим керак. Ватаним мендан шуни кутмоқда.

– Ватан ҳақида қўшиқ айтганимда гўзал Ўзбекистонимизнинг улуғворлигидан, шундай бетакрор ва мафтункор диёрнинг фарзанди эканлигимдан тўлқинланиб кетаман, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова. – Ўзим туғилиб ўсган Фарғонадаги муҳташам Санҳат кошонасида Ватан ҳақида куйлаш менга қувонч ва фахр бағишлади. Юртимиздаги ижобий ўзгаришлар, чекка ҳудудларда қурилаётган спорт майдончалари, мусиқа ва санҳат мактаблари янги истеҳдодларнинг кашф бўлишига, чемпионлар етишиб чиқишига замин яратяпти. Бу ғамхўрликларга лаббай деб жавоб беришга интилаётган ёшларнинг сафи тобора кўпайиб бораётганлиги кўнгилга ишонч ва таскин беради.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари, эстрада юлдузлари Фарғона шаҳридаги 4-мусиқа ва санҳат мактабида ёш санҳаткорлар билан  учрашув ҳам ўтказишди. Мактаб ўқувчилари санҳатда эришган ютуқларини намойиш қилишди.

Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида  “Куйла, ёшлигим” танловининг вилоят босқичи ҳам бўлиб ўтди.  Танловда 40 нафардан ортиқ эстрада санъатига қизиқувчи ёшлар ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этишди.  Улар томонидан жонли ижро этилган  Ватан, она, дўстлик, ёшлик ҳақидаги қўшиқлар ҳайъат томонидан холисона баҳоланиб, энг муносиблари кўрикнинг республика босқичида қатнашиш учун саралаб олинди.

Бундай маънавий-маърифий тадбирлар, самимий мулоқотлар ёшларни янги‑янги изланишларга ундаши, юртга муҳаббат туйғуларини янада жўш урдириши табиий. Шак-шубҳасиз, меҳр, эътибор, рағбат бор жойда эзгулик ва яхшилик камол топади, файзу барака, фаровон ҳаёт ҳукм суради. “Нима қилдик Ватан учун?” деган юрак ҳайқириғи эса шу тинчликни қадрлашга, байрамлари ўзига ярашадиган юртни севишга ҳамиша чорлаб туради.

You must be logged in to post a comment Login