ФАРҒОНАДА БОБУРХОНЛИК КЕЧАСИ

SHS_4152

Неча асрларки миллий мумтоз қўшиқчилигимиз анъаналари  авлоддан-авлодга бегард, безавол узатилиб мангулик сари интилмоқда. Замирига теран маъноларни,  боқий муҳаббат, дунё ҳақиқатларини яширган сатрлар куй ва қўшиқларда жаранглаб дунё аҳлини ҳам ҳайратга солмоқда. Зотан, асрлар ғамини куйлаётган “Муножот”, “Ушшоқ” лар қалбларнинг кашфиёти, аждодларимизнинг армонларга йўғрилган орзу-мақсадлари тантанасидир. Шу боис мумтоз қўшиқларни тинглаганингиз сайин руҳингизда майин эпкинлар эсади, кўнглингиз тебранади. Забардаст санъат дарғалари Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Берта Давидова, Саодат Қобулова, Фаттоҳхон Мамадалиев, Ҳабиба Охунова каби ҳассос овоз соҳибларининг номлари халқимиз қалбидан муносиб жой олганликлари ҳам ана шунда.

Муҳташам Санъат саройида бўлиб ўтган “Назм ва наво” концерт дастури буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунларига бағишланди. Дастур адабий композиция билан бошланди.  Саҳнада Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов ижросида Алишер Навоий сиймоси намоён бўлди ва шоир монологи янгради.

Юнус Ражабий номидаги мақомчилар ансамбли хонандалари ижросида, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов мусиқаси билан  “Сарафроз” қўшиғи тингланди.

Концертда Навоий ва Бобур ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни Маҳфуза Давронова, Муштарий Акбарова, Наргиза Фармонова, Алишер Абдуғофуров, Сардорбек Ғофурбеков, Озодбек Тилланазаров каби ёш ижрочилар маромига етказиб жонли ижрода куйладилар ва мухлислар олқишига сазовор бўлдилар.

Эл севган санъаткорлар Матлуба Дадабоева, Шуҳрат Қаюмовнинг чиқишларини томошабинлар ўзгача ҳаяжон билан қарши олдилар. Саҳнада ғижжак тўлғониб нола қиларкан, ижрочи, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоиловнинг истеъдодига яна бир карра мухлислари қойил қолди. Концерт дастуридаги қўшиқларнинг кўпини устоз санъаткорнинг ўзи басталаган. Қарсаклар остида янграган мумтоз куйлар ҳар бир томошабинга маънавий озуқа берди, десак хато бўлмайди.

– Кексаларни эъзозлаш йилида энг чиройли байрамларга, тўйларга бизни таклиф этишаётганлигидан жуда мамнунмиз, – дейди фахрий Баҳриддин ота Фозилов. – Анчадан буён жонли қўшиқларни соғиниб қолган эканмиз, яйрадик. “Қаро кўзим”, “Муножот”, “Ёр эмас”, “Топмадим” каби ажойиб ашулалар ёшлар томонидан қойилмақом қилиб ижро этилди. Шу кошонада бугунгидек кечалар, байрамлар бўлаверсин, Фарғона аҳли учун қурилган Санъат саройи элнинг яхши кунларига хизмат қилаверсин!

– Ёш мақомчилар ансамблининг биринчи марта гастролга чиқиши, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов. – Санъатга ошуфта бўлган фарғоналикларга муҳташам санъат саройида жонли овозда концерт бериш уларга ҳам ҳаяжон, ҳам фахр бағишлади. Ансамбль асосан ёшлардан иборат. Бугунги томошабинларнинг аксарият қисмини ҳам ёш ўғил-қизлар ташкил этгани бизни қувонтирди. Уларнинг кўзлари ёниб, мақомларга бош тебратиб ўтиришди. Мактабда ёд олган ғазалларини шундай гўзал оҳангларда, жонли ижрода тинглаганликларидан ҳайратларини яширмадилар. Бугунги авлод мумтоз мусиқамизга қизиқяптими, демак, эртадан кўнглимиз тўқ.

– Мен она тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ бераман, –дейди Қўқон шаҳар 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гулҳаё Қодирова. – Бугунги “Назм ва наво” кечаси ўқувчиларни Ҳазрат Навоий ва Бобур Мирзоларга янада яқинлаштирди. Ёқуб Аҳмедовнинг Навоий сиймосида чиқиши, Шуҳрат Қаюмов томонидан маромига етказиб айтилган бетакрор ғазаллар,  Абдуҳошим Исмоиловнинг ғижжакда мақом куйларини ижро этиши, катта ашулаларнинг жонли ижрода  янграши барчада унутилмас таассуротлар қолдирди. Буюк аждодларини севган, уларнинг меросини ардоқлаган халқнинг толеи ҳам баланд бўлади.

You must be logged in to post a comment Login