ИСТИҚЛОЛ ДОВОНИ

4

Бундан икки йил аввал хорижлик шериклар билан ҳамкорликда транспорт коммуникацияси соҳасида мамлакатимиз учун улкан стратегик аҳамиятга эга бўлган яна бир лойиҳани амалга ошириш бошланди. Бу ўринда сўз Ангрен-Поп йўналишида электрлаштирилган янги темир йўл ва қарийб йигирма километрлик темир йўл тоннели қуришни кўзда тутадиган лойиҳа ҳақида бормоқда.

Бу тоннель Ўзбекистоннинг марказий қисмини Фарғона водийси вилоятлари билан ишончли боғлаш, республикамиз ҳудудида ягона темир йўл транспорт тизимини шакллантириш бўйича ишларни якунига етказишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, у Европа қитъасини Осиё билан боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг муҳим бўғини бўлиб ҳам хизмат қилади.

Истиқлол берган имкон, мамлакатимизнинг юксак тараққиёти ва иқтисодий салоҳияти туфайли Қамчиқ довонида шундай оламшумул ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бугун режалашлаштирилган ишлар жадаллик билан олиб борилаётганини кузатиб, йўлсозлар, темирйўлчилар, тегишли соҳалар мутахассислари билан суҳбатлашиб, кўнглинг шу азим тоғлардек юксалиб кетади.

Улкан тоғлар, ҳайбатли дарахтлар, силлиқ тошлари ипакдек мулойим тип-тиниқ сойлар ортидан бир қараганда сокин, аммо ҳаёт дарёдек шовуллаб оқиб ётган довон йўлидамиз. Табиатнинг бор кўрку таровати, ўт-ўланларнинг ўткир бўйи, тоғ қушларининг нағмаларига тўлиб-тошган улуғвор кенгликлар – мисоли мўъжиза. Замонамиз Фарҳодлари қоя-тошлар салтанатида жасорат кўрсатишмоқда.

Тоғдаги бепоён дарахтзорларнинг шохларига илинган ой чиройидан кўзлар қамашади. Сойларда тошларга урилиб, шарқираб шуълалар оқади. Мана шу сирли заминда, водийнинг дала ва даштларидан олис масканда орзуга тўла тоза қалб билан ёлғиз қоласиз. Тун қўйнида гуриллаб ишлаётган замонавий техникалар худдики тиним билмас дунёнинг доимий ҳаракатини эслатади. Аслида ҳам қитъалар, мамлакатлар доимо ҳаракатда: бири мағрибдан машриққа томон илдам югурмоқчи бўлади, иккинчиси тараққиёт тизгинини жиловлашга уринади, яна бошқасининг ҳам хатти-ҳаракати ўзига етарли. Лекин бу ҳаракатлар замирида бир бутунлик бор, ҳар бири қўшилиб борлиқни яратади. Якка ҳолда равнақ-ривож йўқ, тараққиёт йўқ.

Шу маънода, табиатда улуғ бир тенглик мужассам. Табиат дунёсининг феъли, иши-ҳуши ўзининг қонунидек табиий. Биз табиат қўйнида энг олий баркамолликка эришамиз, инсон ва табиат тақдири уйғун эканини ҳис этамиз. Шундай лаҳзаларда бокира, соф, мусаффо қалбимиз табиатнинг фарзандидек гўё. Бундай пайтда юракнинг иқрори нақадар самимий, дилрабо.

Бу жойларда умргузаронлик қилувчи одамлар бир қарашда оддий, лекин табиат ва тириклик дунёсининг ғоятда билимдонларидир. Тоғлардек мўйсафид ва донишманд чолнинг довон кенгликларида саман отини чоптириб юриши нақадар ажойиб. Бу от Мангубердининг жийрони, Алпомишнинг ғиркўки, Гўрўғлининг ғироти… Қаердан бошланишини билиб бўлмайдиган жилғалар тоғ какликлари, кабутарлар хониши тинмайдиган даралар бағрини тилиб оқиб ўтади. Оқ булутлар, оппоқ капалаклар рақси жилға бошида соябон, тоғ гиёҳлари ифори, атри эса жилғанинг покиза йўлига гард юқтирмайди. Сирдарё соҳилида сочини қирқ кокил қилиб ўриб олган олма юзли қиз майин жилмайиб, ошиқ қалбингиз тўлқинларини мавжлантираверади!..

Орзуларимиз рўёбга чиқадиган кунларга яқин қолди. Йигитларимиз бугунгидек ғайрат-шижоат билан ишлаб туришса, яқин вақт ичида яна бир “Аср қурилиши” ниҳоясига етказилади. Мутахассисларимиз ушбу соҳада ҳар қандай улкан лойиҳани амалга оширишга салоҳиятли эканликларини Қаршининг дала-даштлари, сурхон чўлларида исботлаб бўлишди. Энди уларнинг олдида забт этилиши зарур бўлган яна бир довон бор. Ишонамизки, замонамиз Фарҳодлари бу довони ҳам муваффақиятли забт этишади.

You must be logged in to post a comment Login