ХАЛҚАРО МЕЗОНЛАР АСОСИДА

saylov

XXI аср бошида дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳуқуқий давлатчиликнинг ривожланиши ҳам ҳокимиятни амалга ошириш амалиётида, ҳам ижтимоий онгда сайловларнинг ўрни ва аҳамияти кескин ошганлиги билан эътиборлидир. Демократик давлатларда сайлов давлат ҳокимияти органларини шакллантиришнинг амалий механизми ҳисобланади. Шу боисдан ҳам бу давлатларда ушбу институтларнинг аҳамияти ҳеч қандай шубҳа остига олинмайди.

ЕХҲТнинг демократик сайлов соҳасидаги асосий стандартлари 1990 йилдаги Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжатида мустаҳкамлаб қўйилган. ЕХҲТ сайлов принциплари еттита калит сўзида акс этган: универсаллик, тенглик, эркинлик, ҳаққонийлик, яширинлик, ойдинлик ва ҳисобдорлик. Бу фуқароларнинг ҳар бир овози ҳисобга олинишини ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органлари шаклланишига кўмаклашиши мумкинлигини англатади.

Ўзбекистоннинг қонунчилигига барча асосий халқаро сайлов стандартлари имплементация қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб кўйилганидек, сайлов бевосита ҳокимият ва халқ иродасининг олий ифодасидан бири, давлат ҳокимияти сайланадиган органларининг асоси ҳисобланади. Бу борада сайлаш ва сайланиш ҳуқуқининг қонунда тартибга солиниши, сайлов тартиби, шунингдек сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларининг чекланиши умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ва қонунда мустаҳкамлаб қўйилган кафолатларни чеклаб қўймайди, уларнинг татбиқ этилиши камситиш тусига эга эмас.

Умумий сайлов ҳуқуқи принципи назарда тутганидек, ҳар бир фуқаро ўз мамлакатида ўтказиладиган ҳар қандай умумдавлат сайловида овоз бериш ҳукуқига эга. Умумий сайлов ҳуқуқи фуқаронинг жинси, тили, дини ёки диний эътиқоди, сиёсий ва бошқа қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, озчиликни ташкил қилувчи миллатга ёки этник гуруҳга тааллуқлилиги, мулкий ҳолати ёки шу каби ўзга ҳолатларга кўра камситиш билан боғлиқ чекловларсиз амалга оширилади. Фақат суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш жойларида суд ҳукми билан сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар.

Тенг сайлов ҳуқуқи принципи назарда тутганидек, ҳар бир фукаро сайловда тенг асосларда иштирок этишга ҳақли ва ҳар бир овоз бир хил кучга эга. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга ва бошқа фуқаролар билан тенг асосда ўзининг овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга ҳақли. Ҳар бир сайловчи эркин овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга ошириш учун сайлов участкасидан, шунингдек овоз бериш хонасидан тенг равишда ва тўсиқсиз фойдаланиши мумкин.

Яширин овоз бериш принципи Ўзбекистон қонунчилигида мустаҳкамланган. Ушбу принцип сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини билдириши устидан ҳар қандай назорат истисно этилишини, эркин танлаш учун тенг шароитлар таъминланишини англатади.

Ўзбекистон қонунчилигида сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралиги принципига алоҳида ўрин берилган. Қонунчилик палатасига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, фукароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ қарорлар расман эълон қилинади ва сайлов қонунларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда умумий эътиборга етказилади. Ушбу принципга риоя этиш сайловларни миллий ва халқаро кузатишни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Эркин сайлов фуқароларга ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига ҳеч қандай таъсирсиз, зўравонликсиз, зўравонлик ишлатиш таҳдидисиз ёки бошқа ноқонуний таъсирсиз ўзининг сайловда иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги хусусида қонунда йўл қўйилган шаклларда ва қонуний усулларда, сайлов натижалари ва овоз бериш натижалари қандай бўлишидан қатъи назар жазоланишдан ёки таъсир кўрсатишдан қўрқмасдан қарор қабул қилиш имконини беради. Бюллетень тўлдиришда овоз берувчидан ташқари бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Ўзбекистонда ҳакқоний сайлов принципини татбиқ этиш учун ҳуқуқий асослар яратилган. Сайлов халқнинг эркин билдирилган хоҳиш-иродасини аниқлаш ва унинг бевосита татбиқ этилишини таъминлайди, реал сиёсий фикрларнинг хилма-хиллиги, мафкуравий ранг-баранглик ва кўппартиявийлик мавжуд.

Сайловда сайловчиларнинг номзодлар, сиёсий партияларнинг номзодлари рўйхати, шунингдек сайлов жараёни тўғрисидаги ахборотдан эркин фойдаланиши, номзодлар ва сиёсий партияларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши таъминланади.

Адолатли сайловлар сайлов жараёни барча иштирокчиларига сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий шароитлар таъминлайди. Адолатли сайлов принципини татбиқ этиш учун эса юридик асослар яратилган.

You must be logged in to post a comment Login