ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ҚОНУНЧИЛИГИНИНГ РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ

saylov

Давлат ҳокимиятини эркин ва ошкора, муқобиллик асосида ташкил этиладиган сайловлар орқали шакллантириш демократиянинг олий кўринишидир. Сайловлар орқали  фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштироки амалга оширилади. Мустақиллик йиллари мобайнида Ўзбекистонда янги сайлов қонунчилиги тизими шаклланди. Бу борадаги дастлабки қадам 1991 йилнинг 18 ноябрида қўйилди. Айнан шу куни “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб кўппартиявийлик асосида сайлов ўтказишга ҳуқуқий замин яратилди.

Мамлакатимизда сайлов қонунчилиги, жумладан Президент сайлови тўғрисидаги қонунчилик қисқа даврда муайян тараққиёт босқичини босиб ўтди. Жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий, маънавий юксалиб, сайлов қонунчилигининг такомиллашиб боришига хизмат қилади.

Қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширишлари белгилаб қўйилган.

Ушбу  умумэътироф этилган принциплар халқаро ҳуқуқ нормаларида ўз аксини топган. Жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1948 йилда маъқулланган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 21-модда 3-қисмида сайлов ва сайлов ҳуқуқига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда давлат хокимиятининг асосини халқ эрки-иродаси ташкил этиши; мазкур ирода муддатли ва қалбакилаштирилмаган сайловларда ўз ифодасини топиши; сайловлар умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз беришни таъминловчи бошқа шаклллар орқали ўтказилиши белгилаб қўйилган.

1994 йил 5 майдаги “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Сайловларни ташкил этиш, адолатли, ҳаққоний бўлиши, сайлов жараёни демократик асосларда ўтиши кўп жиҳатдан сайлов органлари уларнинг тузилиши,  тизими ва фаолиятига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда сайлов комиссияларининг аҳамияти беқиёсдир. 1997 йил 26 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги”га Қонунига қўшимча ва тузатишлар киритилиб, унга кўра сайлов комиссияларининг тизими аниқ белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишни Ўзбекисон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комисияси таъминлаши кўзда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигининг ривожланиши ва сиёсий ҳаёт сайловларни ўтказишни ташкил этувчи ягона сайлов органини  яратиш заруриятини вужудга келтирди. Марказий сайлов комиссиясини Ўзбекистон Республикаси давлат органлари тизимидаги ролини кенгайтириш мақсадида 1998 йил 30 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонуннинг 1-моддасида, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Републикаси Президенти сайловини, Олий Мажлисига  сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун тузилиши ҳамда ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши ҳамда ўз фаолиятида фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ва референдум тўғрисидаги қонунларига ҳамда бошқа қонунларига амал қилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни давлат ҳокимияти бошқа органларининг ҳеч қандай аралашувисиз таъминлайдиган, давлат органлари тизимида алоҳида ўринга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилиши сайловларнинг демократик руҳда ўтиши, очиқлиги ва ошкоралигининг ҳар томонлама таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда жаҳон андозаларига мос келадиган, очик, ошкора сайловларни ўтказишга имконият яратадиган, жамиятда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, замон талабига жавоб берадиган демократик сайлов қонунчилиги шаклланди.

You must be logged in to post a comment Login