Акмал Саидов сайловчилар билан учрашувда фарғоналикларни эътироф этди

akmal_saidov

19 февраль куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссиясининг раиси Н.Собиров очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили М.Бекмирзаева йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

А.Саидов сайловолди дастури ҳақида гапиришдан олдин Фарғона замини, унинг буюк фарзандлари, донишманду фузалолари, миллий қадрият, анъана ва урф одатларини эътироф этди.

Номзоднинг сайловолди дастурида ўзбек халқининг тарихий, маданий ва интеллектуал мероси, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, бойитиш, унинг ютуқларини аҳоли, биринчи навбатда, навқирон авлод орасида кенг тарғиб этиш билан бирга аҳоли учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, уй-жой қурилиши ва инфратузилмани қўллаб-қувватлаш, ёш оилалар учун уй-жой қурилиши давлат дастури бажарилишининг бундан кейин ҳам тизимли равишда давом эттирилишига кўмаклашиш ва бошқа қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. 

Учрашувда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши раиси А.Мирсаидов, Бувайда тумани “Бештерак” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси И.Эназаров ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Президент сайлови миллий қонунчилигимиз асосида очиқ ва ошкора ўтаётганини алоҳида таъкидлади.

You must be logged in to post a comment Login