Фарғонада Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов сайловчилар билан учрашди

SHS_4260

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Ҳотамжон Кетмоновнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.  

Учрашувда жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан партия номзодининг биографияси ҳамда Сайловолди дастури сайловчиларга таништирилди ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар,  вилоят аҳлини қизиқтираётган ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда таъкидланганидек, истиқлол йилларида олиб борилган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, мамлакат иқтисодий салоҳияти ортмоқда, аҳоли турмуш фаровонлиги ўсяпти. Давлатнинг манзилли дастурлари асосида аҳоли бандлиги ҳамда юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришлар ташкил этиш орқали иш ўринлари яратилиши ижтимоий-иқтисодий ўсишнинг бош омилига айланмоқда ва мазкур жиҳат номзоднинг  сайловолди дастурида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ёшларни, айниқса, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашнинг истиқболли йўналишлари кашф этилиши муҳим. Шунингдек замонавий хизматлар кўрсатиш тармоғини стратегик ривожлантириш ҳам олдинги ўринларга чиқмоғи зарур ва бунда компьютер технологиялари, алоқа воситалари ва транспорт, электрон тижорат сингари интерфаол хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашда аниқ корхона ва бошқа иш берувчиларни маълум коллежларга бириктирилиши самара бериши мумкин. «Корхона – коллеж» ҳамкорлиги эса ўз навбатида битирувчиларни олдиндан иш билан таъминлаш, бўлажак иш жойларида ишлаб чиқариш амалиётини ўташда мақбул йўл саналмоқда.

Албатта, мазкур мақсадларга эришишда қонунчилик асосларини такомиллаштириш,  мавжуд меъёрий-ҳуқуқий негизни ривожлантириш талаб этилади. Мазкур масала, айниқса, имкониятлари чекланган шахслар, ногиронларни иш билан таъминлашда ҳуқуқий асослашни талаб этмоқда.

Ижтимоий ҳимоя кўламини кенгайтиришдаги муҳим жиҳатлардан яна бири тариқасида аҳоли эҳтиёжманд қатламларини боқимандалик кайфиятидан чиқариш ва уларда ташаббускорликни ривожлантириш, пенсия тизимини янада такомиллаштириш,  соғлиқни сақлаш ва таълим тизимидаги эришилган муваффақиятларни давом эттириш  саналмоқда.

Учрашув давомида номзод ўз маърузаси билан қатнашди ҳамда иштирокчилар саволларига жавоблар қайтарди. Номзоднинг ишончли вакиллари, маҳаллалар оқсоқоллари сайловчилар, айниқса, ёшларни кутилаётган сайловда фаол иштирок этишга чақирдилар. 

You must be logged in to post a comment Login