ФАРҒОНАДА ЗУЛФИЯНИНГ 100 ЙИЛЛИГИ НИШОНЛАНДИ

SHQ_0796

“…аслида, бу дунёда айрилиқ ва ҳижрон барчанинг ҳам бошида бор. Аммо ғам-андуҳ ва ҳасратларни матонат билан енгиб, тоғдек бардоши билан вафо ва садоқат рамзига айланган Зулфия опа сингари аёллар ҳар қандай юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир”.           

Ислом КАРИМОВ.

Фарғонанинг кўркига-кўрк қўшиб турган Санъат саройи бугун эл фидойилари, маънавият жонкуярлари, адабиёт ихлосмандлари, санъат мухлислари билан яна гавжум бўлди.

Икки буюк ватандошимиз – Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек алломалар таваллуд топган муборак кунларда Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллиги нишонланаётгани истиқлол оналари– хотин-қизларимизга  кўрсатилаётган  чексиз эътибор ва эҳтиром ифодасидир.

Санъат саройида бўлиб ўтган “Эл суйган аёл” мавзусидаги адабий-мусиқий анжуманда вилоят фаоллари, вилоят илмий жамоатчилик вакиллари, адабиётимиз намояндалари, таниқли ижодкорлар, талаба-ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Энахон Сиддиқова очиб, сўзни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевга берди.

– Шу кунларда бутун мамлакатимизда Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда, – деди вилоятимиз ҳокими.–1999 йилда Президентимиз Фармони билан Зулфия номидаги  Давлат мукофотининг таъсис этилиши ҳамда Юртбошимизнинг “Юксак маънавият–енгилмас куч” асарида Зулфияхонимга берган юксак баҳоси ўзбек аёлининг тимсолини том маънода намоён этади.

Ҳоким вилоятда маънавий-ижтимоий соҳа самарадорлигини  юксалтириш, аҳолининг фаол фуқаролик позициясини оширишда намуна кўрсатган 200 нафар турли соҳа вакилларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари топширилганини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Саодат” журнали бош муҳаррир ўринбосари Қутлибека Раҳимбоева, таниқли шоира Мунаввара Усмонова юртимизда кенг миқёсда нишонланаётган шоира таваллуди билан боғлиқ эзгу тадбирлар, Зулфияхонимнинг ибрат мактаби, бетакрор фазилатлари  хусусида сўз юритдилар.

Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзод – истеъдодли қизлар шоирага аталган шеърларини инглиз, япон тилларида ўқиб бердилар.

Саҳнага хассос шоиранинг фарғоналик қизлари– Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари таклиф этилдилар ва улар ўз ижод намуналаридан ўқидилар.

Вилоятимиз санъат усталарининг концерт дастури, Зулфия  шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар, куй ва рақслар кечага файз бағишлади.

You must be logged in to post a comment Login