ШОИРЛАР СУЛТОНИГА ЭҲТИРОМ

02Дунёда шундай улуғ зотлар бўладики, уларнинг қутлуғ номини аввало ўзлари мансуб бўлган халқ, қолаверса, бутун олам аҳли асрлар бўйи фахру ифтихор билан тилга олади, эҳтиром ва эъзозга лойиқ билади. Мана, беш ярим асрдан зиёд вақт ўтибдики, халқимизнинг улуғ фарзанди, тенгсиз шоир ва мутафаккир Алишер Навоий даҳоси барҳаётликда, мангуликка дахлдорликда бардавом бўлиб келмоқда.

Биз бу улуғ аждодимиз билан ҳар қанча фахрлансак ва унинг ҳикматларидан бир умр сабоқ олсак арзийди. Навоий ижоди қанча кўп ўрганилса, унинг янги-янги қирралари шунча кўп очилиб бораверади. Бутун умри давомида одамийликни куйлаб ўтган шоирнинг  асарлари вақт ва замон ўтган сари ёшариб бораверади.

Вилоятимиз марказида қад ростлаган Алишер Навоий ҳайкали пойида шоир таваллудига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги ташкилот, корхона, таълим-тарбия муассасалари раҳбарлари, шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, илмий жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ўқитувчи мураббийлар ва ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, таниқли шоира Энахон Сиддиқова олиб борди. Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Мадаминович Ғаниев маросим иштирокчиларини эҳтиром тадбири билан муборакбод этди.

– Алишер Навоий она тилимизнинг шону шуҳратини оламга ёйди. Навоий бобомизнинг буюк мероси халқимизнинг бунёдкорлик  ишларида, ижтимоий-маънавий ҳаётида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди, – деди вилоят ҳокими ўз сўзида, – Муҳтарам Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир” дея Навоий шахси ва ижодига энг гўзал ва муносиб  баҳони берганлар.

Филология фанлари доктори, навоийшунос олим Ҳабибулла Жўраев Навоий асарларининг бугунги ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида гапириб, улуғ шоир қолдирган мерос биз учун маънавий, маданий, адабий замин эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов, умидли ёш шоир Мирзоозод Мирзонеъматовлар  улуғ бобокалонимизга бағишланган шеърларини ўқиб бердилар.

Фарғона Давлат университети талабаси, Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси  Моҳигул Жалолова барча ёшларимизни Навоийга муносиб ворис бўлишга чақирди.

Фарғона санъат коллежи ўқитувчиси Гулмира Чаварованинг Навоий ғазали билан ижро этган қўшиғи ҳаммани хушнуд қилди.

Эҳтиром тадбирида шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди. 

You must be logged in to post a comment Login