“ҚУДАЖОНЛАР”. САИДА РАМЕТОВА РЕП КУЙЛАДИ?!

“ҚУДАЖОНЛАР”. САИДА РАМЕТОВА РЕП КУЙЛАДИ?!

 

Бугунги ўзбек киносида оилавий муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин муносабатлари кўпроқ ёритиляпти.Албатта бундай мавзудаги фильмлар томошабинларимизга манзур бўлиши табиий.Сабаби кинозалга борган томошабин ўзининг руҳиятига, турмуш тарзига,муаммоларига яқин бўлган фильмларни кўришни хоҳлайди.  Қуда- андачилик ришталари хақидаги фильмлар айниқса, аёлларни кўпроқ қизиқтиради. Айни пайтда Алишер Навоий номли киносаройда намойиш этилаётган “Қудажонлар” фильми киносевар мухлисларга хақиқий туҳфа бўлди,десак хато бўлмайди. Фильмга халқимизнинг севимли актрисаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова бошчилик қилди.

Ушбу фильмнинг премьерасига ташриф буюрган меҳмонларни карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди. Киносарой атрофида кўплаб машҳур актёр ва актрисаларни учратишингиз мумкин эди. Ичкарига кириб жойлашиб улгурмасимизданоқ саҳнага Ҳосила Раҳимова чиқиб ўзининг дилтортар қўшиқларини ижро этди. Фильм кўришдан олдин Ҳосила томошабинларнинг руҳиятини кўтариб, рақсга чорлади. Саида Раметова жамоаси мазза қилиб рақсга тушди. Даврани Шоира Рауфбоева олиб борди. Шунингдек, Фатхулла Маъсудов ва Саида Раметовалар ҳам сўзга чиқди. Энг ажабланарлиси, фильм кўриб турган бир пайтимизда тўсатдан Саида Раметова ҳаттоки реп куйлаб юборди. Бу жараённи кўриш учун “Қудажонлар” фильмини кўриб репни эшитиб, мазмунини чақиш керак. Фильмда бугунги куннинг совчиликка бориш ва совчиларни кутиб олиш ҳолатлари юмор асосида кўрсатиб берилган. Фильмда бош қаҳрамонлардан бири Алия Тўхтанова сочининг узунлиги билан кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Азиз Раметов, Жамила Ғофурова,Ҳамид Тошпўлатов, Вазира Юнусова, Маҳфуза Боботиллаеваларнинг қаҳрамонлари ҳам томошабинларга манзур бўлди.

Ушбу фильмда кўплаб машҳур актёр ва актрисаларимизни кўриш мумкин. Масалан,  Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова,Жумадулла Раметов, Ҳамид Тошпўлатов, Вазира Юнусова, Абдурайим Абдуваҳобов,Ботир Муҳаммаджонов, Зуҳра Ашурова, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Маҳфуза Боботиллаев, Муяссар Бердиқулова, Меҳриддин Раҳматов, Жамила Ғофурова, Мадина Мумтоз, Азиз Раметов, Алия Тўхтанова. Хуллас, буёғи юлдузлар ёғдуси! Ҳамид Тошпўлатов роль ижро этиш бирга картина директори вазифасини ҳам бажармоқда. Фильмнинг режиссёрлари Валижон Умаров хамда Александр Гамиров. Фильм продюссери Саида Раметова. Фильм хақида маълумот олиш мақсадида севимли актрисамиз Саида Раметовадан ҳам фикр олдик.

Саида Раметова (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист):

-Яхши ниятлар билан “Қудажонлар”номли фильмни суратга олдик. Бу фильмимиз орқали қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни жиддий комедия асосида очиб беришга ҳаракат қилдик. Ғоя мендан чиқди. Маҳфуза Боботиллаева билан биргаликда сценарий ёздик. Имкон қадар бугунги ҳаётимизда учраётган воқеаларни акс эттиришга ҳаракат қилдик. Фильм орқали йўқолиб кетаётган миллий урф-одатларимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик.  Авваллари қизларимизда ибо-ҳаё бор эди. Ҳаттоки,укасини юзига тик қараб гапирмас эди. Бугун отасига ҳам гап қайтарадиганларни кўряпмиз. Никоҳсиз фарзандлар туғилишини гапирмаса ҳам бўлади.

-Кинога қўл уришингизга нима сабаб бўлди?

-Кўпчилик мухлисларимиз бугунги кинолардан шикоят қилишди. Қизларимизни юриш-туриши кийиниши,йигитларимизнинг ахлоқ-одоби тўғрисида танқидий фикрларни кўп эшитдим. Миллий,тарбиявий аҳамиятга эга бўлган фильм яратиш истаги туғилди. Бу фильм орқали ўзимизнинг қадимги урф- одатларимизни кўрсатиб беришга интилдик. Ҳар бир қаҳрамонимизнинг либосида ўзбекона руҳ бор.

Ҳамид Тошпўлатов, (актёр):

-Ўзбек киносида ҳали бундай фильм бўлмаган. Аминманки, томошабин кетган вақтига ҳам, пулига ҳам ачинмайди.Ушбу фильмда ишлаш мен учун жудаям мароқли кечди. Чунки анчадан бери мана шундай профессионал жамоа билан ишлашни истагандим. Мана ниятимга ҳам етдим. Энди фильм қандай чиққанлигини томошабин кўриб баҳо беради.

Шоира Рауфбоева, (киножурналист):

–Саида Раметова серқирра ижодкор. Оилапарвар. Кечани кеча, кундузни кундуз демасдан тиним билмай шу фильм учун жон куйдириб меҳнат қилди. Улардаги куч-ғайрат шижоат бугунги ёшларимизда йўқ. Фильм бугунги кунда қуда-андачиликдан олдин бўладиган жараёнларни ўз ичига олган. Такрорий фильмлардан  эмас. “Ёндим-куйдим”дан анча йироқ.Муҳаббатни изҳор этишни ҳам сўзсиз ифодалаб беришга ҳаракат қилган. Ўзбек миллий руҳиятини олиб чиқишга интилишган. Ҳар ҳолда ярим яланғоч кийимлардан узоқлашиб жаргон сўзларини умуман ишлатилмаганлиги фильмни сифати қай даражада эканлигини кўрсатиб беради.   Бу фильмни бугунги ёшларимиз фақатгина кўриши керак.

 

Дилбаҳор Худойбердиева

You must be logged in to post a comment Login