ТЕМУРИЙЛАРНИНГ УЛУҒ ВАКИЛИ

02153

Жаҳон маданияти ва цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган, илм-маърифат аҳлининг эътироф ва эҳтиромига сазовор бўлган темурийлар сулоласининг буюк намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсининг бетакрор ва ибратли жиҳатларига мухтасар назар ташлаш, шубҳасиз, миллий маънавий тараққиётимизнинг зарур шарти, баркамол инсон шахсини тарбиялашнинг муҳим омилидир.

Бобур шахсининг камол топишида уни дунёга келтирган оила, ота ибрати, давр хусусиятлари, ижтимоий-сиёсий зиддиятлар жуда муҳим роль ўйнаган. Андижонда темурийзода подшо Умаршайх Мирзо хонадонида таваллуд топган, болалигиданоқ дунёвий ва диний илм асосларини, шеъриятнинг нозик сирларини, саркардалик маҳоратини пухта эгаллаган шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсида ўрта аср ижодкорларига хос қомусий билимдонлик, илмпарварлик, инсонпарварлик ва адолатпарварлик фазилатлари тўла мужассамлашган, айниқса, ростгўйлик, ҳақиқатпарварлик, мардлик ва жасурлик сингари фазилатлар унинг вужудига ота ибрати, она сути билан кирган эди.

Бобур шахсининг камол топиши ХV аср ўрталарида  Туркистонда  темурийлар салтанатининг инқирози авж олган, ўзгарган янги тарихий давр янгича ижтимоий-сиёсий ғояларга эҳтиёж сезаётган ғоят мураккаб ва зиддиятли дамларга тўғри келди.

Бобурнинг бутун ижтимоий-сиёсий фаолиятида тасаввуф пирларининг, хусусан, Хожа Убайдулло Аҳрорнинг ижобий таъсири катта бўлганлигига “Бобурнома”да зикр этилган жуда кўп далилларни келтириш мумкин.

Бобур ўз замонасининг пешқадам мутафаккири, жасур саркарда, фозил ва комил фарзанди сифатида ижтимоий ҳаётда эзгулик, гўзаллик ва ҳақиқатни қарор топтириш учун бир қўлида қалам, иккинчи қўлида қилич билан курашди. У ёвузлик ва тубанликка, шафқатсизлик ва адолатсизликка, ёлғончилик ва фирибгарликка қарши фақат сўз билангина эмас, балки сиёсатнинг қўли, кучи билан ҳам зарба беришга интилди.

Бобур адолатпарвар ҳукмдор, истеъдодли шоиргина эмас, балки ҳаётни бутун борлиғи билан севган ва ундан лаззатланишни билган зийрак ва зукко тарихчи, наботот ва ҳайвонот оламининг зукко билимдони, турли халқларнинг урф-одатлари, дини, эътиқодига ҳурмат билан қараган, ҳар бир шаҳар ва қишлоқ, дарё ва тоғлар ҳақида чуқур билимга эга бўлган синчков табииётшунос ҳам эди. “Бобурнома”нинг ХIX асрдаёқ жуда кўплаб жаҳон тиллларига таржима қилиниши ана шу ҳақиқатнинг исботи, жаҳон илм-маърифат аҳли томонидан эътироф этилишидир.

Бобур шахсининг яна бир ноёб қирраси унинг ижодий фаолияти ва хулқ-атворида тасаввуф ғоялари билан дунёвийликнинг гармоник уйғунлигидир. Шубҳасиз, унинг ижтимоий-фалсафий қарашларида ислом илоҳиёти ва тасаввуф ғоялари етакчи ўрин эгаллади, аммо у ҳаёт неъматларидан завқ олишни, одамларга фақат яхшилик қилишни ва ўзидан яхши ном қолдиришни чинакам инсоний ҳаётнинг маъноси деб билди.

Бобур шахсининг энг қимматли ва ноёб жиҳати унинг чинакам инсоний муҳаббат завқи ва изтиробларини бутун вужуди билан ҳис этиши, ана шу умумбашарий ишқ дарди уни ҳеч қачон тарк этмагани, ҳаёт маҳбубасига бўлган оташин ишқ изтироблари алангасида олижаноб инсоний сифатларининг камол топганидадир.

Инсониятнинг завол нималигини билмайдиган маънавият оламини кўп асрлардан бери чароғон этиб келаётган, замондошларимизга эзгулик, гўзаллик ва ҳақиқат йўлини кўрсатиб келаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари улуғ аждодларимизнинг ҳамма замонлар учун ибратли шахси, бой мероси олимлар томонидан тўлароқ ва чуқурроқ тадқиқ ва таҳлил этилгани сайин уларнинг олижаноб инсоний фазилатлари, ўлмас ғоялари бутун улуғворлиги билан бизни эзгу ва савобли ишларга ундайверади. Чинакам инсоний ҳаётнинг завқ-шавқи ва абадийлиги ҳам ана шундадир.

You must be logged in to post a comment Login