“БОБУРНОМА” ДУНЁ ТИЛЛАРИДА

123

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари “Бобурнома” – темурийлар даври ўзбек классик насрининг манзур намунаси ва XVI аср бошидаги ўзбек  адабий тилининг нодир ёдгорлигидир.

«Бобурнома»нинг XVIII асрдан бошлаб ўзбек тилидан лотин, голланд, француз, немис, инглиз, рус, ҳинд тилларига таржима қилиниши тасодифий ҳол эмас. У форсчага Акбаршоҳ саройида уч марта таржима қилиниб, шулардан энг муваффакиятлиси Байрамхоннинг ўғли Абдураҳимхон томонидан 1589 йил қилинган таржимадир. Аврангзеб замонасида “Бобурнома” нинг эски ўзбек тилидан қайта кўчиртирилган бир нусхаси фан оламида «Ҳайдарабод нусхаси» номи билан машхурдир.

Ушбу ёдгорликнинг энг қадимги ва мўътабар қўлёзмалари XVI асрнинг охирги чорагига мансуб бўлиб, Абдураҳимхоннинг форсча таржимасида бизгача етиб келган. Улар Акбарнинг сарой кутубхонасида етишган ҳинд миниатюра санъатининг усталари томонидан ишланган расмлар билан зийнатланган. Шундай қўлёзмалардан ҳозирги пайтда икки тўлик нусхаси мавжуд бўлиб, бири Лондондаги Британия музейида кўчирилиш тарихи кўрсатилмаган ҳолда сақланмоқда.

Нью Делидаги Миллий музейда сақланаётгани 1598 йили кўчирилган. «Бобурнома»нинг XVI аср оҳирида кўчирилиб, ҳозирда эса йўколиб кетган яна бир нусхасидан йиртиб олинган қисми Москвадаги Шарқ халқлари маданияти музейининг мулки ҳисобланади. Унга бағишланган алоҳида миниатюралар ҳам бор. Бу миниатюралар 1960 йили санъатшунос профессор С.Тюляев томонидан Москвада нашр этилган.

«Бобурнома» Европада дастлаб 1705 йилда Витсен таржимасида голланд тилида чоп этилган. Лекин  сал олдинроқ 1697 йили француз шарқшуноси Бартоламе Эрбало Моленли «Шарқ кутубхонаси» қомусидаги «Бобур ёки Бобар» номли мақоласида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур тўғрисида илк бор маълумот берган эди.

Бобур ҳаёти ва ижоди, «Бобурнома»ни ўрганишда, унинг кенг тарғиб қилишда француз шарқшуносларининг муносиб улушлари бор.

А.де Лонперие, А.Ж.Клапрот, Ж.Дранжете француз бобуршунослик мактабининг атоқли намояндаларидир. Паве де Куртейл 1871 йилда «Бобурнома»ни биринчи бўлиб асл нусха тилидан французгача мукаммал таржима қилди.

Асарни ўрганишда немис олимлари ҳам ҳисса кўшганлар. 1810 йили шарқшунос, сайёҳ олим Юлиус фон Клапрот томонидан «Бобурнома»даги Фарғона водийси тасвири қисми немис тилига таржима қилиниб, «Осиё адабиёти, тарихи ва тилшунослиги архиви» китобида Петербургда чоп этилди. 1828 йили Лейпцигда А.Кайзер Жон Лейден ва Уильям Эрскинларнинг инглизча таржимасини қискартирилган ҳолда немис тилида нашр эттиради.

«Бобурнома»ни ўрганишда инглиз шарқшуносларининг роли бениҳоя катта бўлган. Инглиз шарқшунослари Бобур Мирзо шахсияти, шунингдек, унинг шоҳ асарига ХIХ асрнинг бошларидан қизиқа бошладилар.

Жон Лейден ва Уильям Эрскинларнинг  1826 йилда «Бобурнома»нинг инглизча таржимаси чоп этилди. У нафақат инглиз тилида, балки Европада амалга оширилган биринчи тўлиқ таржима эди.

«Бобурнома»ни ўрганишда рус олимлари ҳам муносиб хисса кўшганлар. Бу ишни араб тилининг йирик билимдони Георг-Якоб Керр бошлаб берган. У эски ўзбек тили бўйича билимини такомиллаштириш мақсадида китоб қўлёзмасидан нусха  кўчира бошлаган ва 1737 йилда бу ишни ниҳоясига етказган. Бу қўлёзма 420 варақдан иборат бўлган. Фанда мазкур нусхани «Керр нусхаси» деб аташади.

«Бобурнома»нинг асрлар давомида турли миллат ва элатлар томонидан қизиқиб ўрганилиши, таржима қилиниши ҳамда қайта-қайта нашр этилиши, бир томондан, ушбу асарнинг комусий ва ҳаққонийлигидан бўлса, иккинчи томондан, улуғ ватандошимиз қаламига мансуб шоҳ асарнинг жаҳон маданияти хазинасидаги бебаҳо дурдона эканлигини эътироф этиш демакдир.

You must be logged in to post a comment Login