Фарғонадаги кичик корхона 30 мингта янги иш ўрни яратишни уддаламоқчи

DSC_2398

Бешариқ туманидаги “Водий наслли парранда” хусусий кичик корхонаси раҳбари Боҳиржон Турдалиев атиги 200 та товуқ боқиш билан тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эди. Ўтган йиллар мобайнида корхона мисолида Бешариқда етти хазинанинг бири бўлган паррандачилик соҳасида ўзига хос мактаб яратилди. Бу тадбиркорнинг ўзи эндиликда катта салоҳиятга, иқтидорга эга бўлган корхона раҳбари. Ҳозирда 45 та иш ўрни яратилган корхонада йилига ўртача 60 минг дона она товуқ, 10-15 тонна товуқ гўшти, 250-300 минг дона зотдор жўжалар аҳоли ва корхона-ташкилотларга сотувга чиқарилади. Айни пайтда тухум йўналиши бўйича боқувдаги 80 мингта товуқдан кунига 50 минг дона тухум олинишига эришилмоқда.

Вилоятимизнинг олис ҳудудидаги корхона мукаммал шарт-шароитга эга. Муҳташам маъмурий бино, замонавий инфратузилма, ахборот коммуникация технологиялари, хизмат кўрсатиш ва сервис дунёвий андозалар билан бўйлашади. Корхона мутахассислари билан суҳбатлашиб, паррандачилик соҳасида улар учун ҳеч бир мураккаб, қийин жиҳати қолмаганини англаб етасиз. Бу тармоқ ривожи бўйича жаҳонда АҚШ, Германия, Исроил каби давлатлар етакчи бўлса, билим ва тажриба, самарадорлик, истиқболли режалар бўйича энди бизникилар ҳам улардан асло қолишмайди.

– Дунё паррандачилигида эришилаётган ютуқлар билан ҳар куни интернет тармоғи орқали танишиб борамиз. Бу борада улардан орқада қолаётган жиҳатларимиз деярли қолмади, – дейди корхона раҳбари Боҳиржон Турдалиев. – Агар баъзи тиббий ва эмлаш воситаларини ҳисобга олмасак, озуқа базасидан тортиб, товуқларни парваришлашгача бўлган барча жараёнлар бўйича хорижга боғлиқлик томонларимиз йўқ.

Кейинги йилларда корхона фаолияти жадал ривожланишида пойтахтимизда ташкил этилаётган халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдо ярмаркасининг аҳамияти беқиёс бўлди. Ярмаркада иштирок этган тадбиркор Украина ва Германияда ишлаб чиқарилган 3 та 120 минг бош паррандага мўлжалланган замонавий технология, Хитойда ишлаб чиқарилган соатига 1000 дона тухум қадоқлаш идишлари ишлаб чиқарувчи тармоқни ишга туширишга эришди. Ҳозирги кунда Германиянинг “Хелманн” компанияси билан келишувга кўра, 400 минг АҚШ доллари маблағи эвазига янги паррандачилик жиҳозларини олиб келиб ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбиркор Боҳиржон Турдалиев вилоят ҳокимлиги кўмаги билан яна бир ташаббусни бошлади. Гап шундаки, “Водий наслли парранда” кичик корхонаси 17 млрд. сўм имтиёзли банк кредити ҳисобига 3 млн. 200 минг дона 1-2 ойлик наслли жўжаларни парваришлаб, келишув асосида вилоят аҳолисига, корхона-ташкилотларга етказиб бериш имконига эга бўлади. Бунинг учун корхонада жўжа парвариши учун хориждан келтирилган инкубация, соҳада янги иш бошлаганларга амалий ва техник ёрдам кўрсатиш учун барча қулайликлар мавжуд. Келинг, ушбу ташаббус нечоғли муҳимлигини англаб етиш учун бир-иккита оддий рақамларга эътибор қаратиб кўрайлик. Агар 3 млн. дона жўжа 100 тадан тақсимланса, вилоятимиздаги 30 мингта оилага етади. Шу тариқа хонадоннинг камида бир нафардан аъзоси жўжа парвариши билан банд бўлса ҳам энг камида 30 мингта янги иш ўрни яратилади. Бу рақамлар корхона-ташкилотлар мисолида таққослаб кўрилганда ҳам салмоқли рақамлар келиб чиқади. Бу – ҳазилакам гап эмас. Айни шу ўринда вилоят ҳокимлиги бу каби эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлаётгани мазмун-моҳиятини англаб етгандек бўламиз.   

– Муҳтарам Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасини мароқ билан ўқиб-ўрганмоқдамиз, – дея суҳбатни давом эттиради Б. Турдалиев. – Маърузада тадбиркорлик фаолиятимизга янада куч-қувват бағишловчи, янги ютуқ ҳамда марралар сари ундовчи эътибор ва рағбат бор. Бундай ғамхўрликка жавобан эса астойдил, сидқидилдан ишлайдиган пайт келди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик – барқарор иқтисодий ўсиш ва мамлакатимизнинг келажак истиқболи, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан айни мана шу устувор вазифанинг қандай ҳал этилишига боғлиқ.

Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойиларига қарата айтган “Агар менга қолса, бу каби фидойи меҳнаткашларимизнинг ҳар бирини орден-медаллар билан тақдирлаган бўлардим!” деган юксак эътирофи қалбларимизни тоғдек кўтарди. Ҳар бир фуқаросини боши узра баланд кўтараётган азамат юртда яшаётганимиздан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. 

You must be logged in to post a comment Login