Фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди

_DSC7598

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида сўзлаган нутқида алоҳида қайд этганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, бу жараёнда солиқ юкини пасайтиришга қаратилгандир.    

Давлат раҳбарининг 2014 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга туширилди. Микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди. Қарорга асосан бир қатор солиқ имтиёзларининг муддатлари узайтирилди. Бу ҳақда Фарғона шаҳрида ўтказилган семинарда маълум қилинди.

Семинарда ҳар бир иштирокчига зарурий қўлланмалар тарқатилгани солиқ қонунчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўлиқ тушуниб етиш имконини беради. Солиқ тўловчилар тадбир мобайнида ҳар бир йўналиш бўйича намойиш бурчакларидаги махсус стендлар, буклетлар, слайдлар, видеоролик ва бошқа кўргазмали воситалар орқали ўзларини қизиқтирган барча маълумотларга эга бўлишди. Ўзгаришлар ва имтиёзлар доирасида юзага келаётган саволларга соҳа мутахассислари шу жойнинг ўзида батафсил жавоб бериб боришди.

Семинар якунида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келаётган намунали солиқ тўловчиларнинг бир гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

You must be logged in to post a comment Login