Фарғона замонавий мезонларга тўла мос келувчи гўзал диёрга айланмоқда

25

Муҳтарам Президентимизнинг 2011 йил 15 ноябрь кунги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори вилоятимиз маркази – Фарғона шаҳрининг эртанги истиқболини белгилашда, ҳар жиҳатдан обод ва фаровон шаҳарга айлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Фарғона шаҳрининг Бош режасини ишлаб чиқишда давлатимиз раҳбарининг таклиф ва тавсияларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада жойнинг ландшафти, яъни табиий жойлашуви, аҳолининг турмуш ва яшаш тарзи, миллий қадриятларимиз ва замонавий мезонларни ўзаро уйғунлаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Бу қарор ижросига мувофиқ вилоят ҳокимлиги томонидан белгиланган Дастурда Фарғона шаҳрида 2012-2015 йилларда кўзда тутилган объектларда қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Режага кўра Фарғона шаҳрининг йўл-транспорт тизимини такомиллаштириш, шаҳарнинг архитектуравий кўриниши, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини янгилаш, инженерлик ва коммунал инфратузилмасини реконструкция ва модернизация қилиш, экологик зарарли бўлган ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи саноат корхоналарини ҳудуддан кўчириш каби ишларни амалга оширишнинг манзилий рўйхати тасдиқланди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг қарори асосида Фарғона шаҳрида умумий узунлиги 84,8 километр бўлган умумфойдаланувдаги ички автомобиль йўллари, шаҳар кўчалари ва кўприкларни қуриш, қайта қуриш ҳамда таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. 

Бош режа асосида биринчи навбатда кичик ҳалқа йўли барпо этишга киришилди. Айни жараёнда турли ҳудудларни марказ билан боғловчи кўчаларни реконструкция қилиш ва янги магистрал йўллар қуриш орқали бу мақсадга эришилди. Шу тариқа кичик ҳалқа йўлининг 14,2 км қисмида қурилиш ишларининг биринчи босқичи якунланди. Алишер Навоий, Ал-Фарғоний массивлари ҳамда Қувасой кўчаси фойдаланишга топширилди. Ҳозирда Сайилгоҳ, Форобий ва Ниёзий кўчаларида реконструкция ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Кичик ҳалқа йўли бўйлаб жойлашган уй-жойлар ва бино-иншоотларнинг фасадлари рангини уйғунлаштириш, дарвозаларини миллий кўринишга келтириш, йўл ўртасидаги панжара тўсиқлар рангини танлаш бўйича белгиланган топшириқлар бажарилди. Йўл четига пиёдалар йўлаклари барпо этилди, гулзорлар яратилди ва хориждан валюта ҳисобига келтирилган қимматбаҳо каштан, дуб каби каттароқ ёшдаги ноёб манзарали дарахтлар экилди.

Кичик ҳалқа йўлининг барпо этилиши “Қўқон-Фарғона” йўналишидаги магистрал шаҳар ичига кирмасдан ҳаракатланишига, қўшни туман ва шаҳарлардан келувчи автомашиналар оқими Фарғона шаҳрига кирмасдан ўтиши ва бунинг натижасида шаҳарнинг марказий кўчаларидаги тирбандлик ва шовқин-суроннинг олдини олишга шароит яратади. Энг муҳими, шаҳарнинг табиати мусаффолиги, мўътадил иқлими, экологиясини яхшилайди.

Шаҳарнинг “Мустақиллик” ва “Аҳмад Фарғоний” кўчаларида ландшафт архитектураси асосида “Каштан дарахтлари аллеяси” ташкил этилди. Шаҳарнинг марказий қисмида эса 20 мингдан ортиқ каштан, дуб, кустарник, Қрим қарағайи, япон софораси каби манзарали дарахт кўчатлари экилди. Шу тариқа шаҳарда дарахтлар экилган ва кўкаламзорлаштирилган майдонлар 100 гектарга яқинлашди. Шаҳарнинг марказий кўчаларидаги рангли мусиқали фавворалар иқлим мўътадиллигини таъминлаш билан бирга, халқимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун ҳузурбахш кайфият бағишламоқда.   

Фарғона шаҳрининг Бош режаси лойиҳаси тақдимоти ташкил этилаётган пайтда Юртбошимиз жуда ҳам таъсирли бир фикрни ўртага ташлаган эдилар. Яъни, ўша пайтда Фарғона шаҳрида ҳар бир инсонга тўғри келадиган яшил, кўкаламзорлаштирилган ҳудуд дунёвий меъёрлар кўрсаткичидан анча паст бўлган. Бу соҳага жиддий эътибор қаратилгани туфайли ҳозирда шаҳарнинг табиат олами, яшил хиёбонлари, манзарали дарахтлари, кўкаламзорлаштирилган ҳудудлари дунёвий андозалар даражасига етказилмоқда.

Бунёдкорлик жараёнида шаҳарсозлик меъморчилигининг муҳим бўғини – муҳандислик коммуникация тармоқларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда йўл минтақасида жойлашган 27 километр ичимлик суви, 15 километр электр ва 18 километр газ тармоқлари тўлиқ янгитдан тортилиб, йўл четига кўчирилди. Шунингдек, 110 та трансформатор капитал таъмирланди, 11 таси алмаштирилди ҳамда 2 та электр энергия тарқатиш шохобчаси қурилди. Фарғона шаҳрининг иссиқлик тизимини яхшилаш дастури доирасида 21 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Натижада 46 та ижтимоий соҳа муассасалари ва 585 та кўп қаватли уйлар иссиқлик билан таъминланди.  

Дастурда шаҳарсозлик талабларига ва қурилиш меъёр қоидаларига жавоб бермайдиган, аҳоли соғлиги учун зарарли, маънан эскирган бинолар ва турар жойлар ўрнида замонавий иншоотлар бунёд этишга алоҳида эътибор берилган. Спорт ва соғломлаштириш объектлари, кўркам хиёбонлар ва дам олиш масканлари барпо этиш борасида собиқ “Фарғона ёғ-мой” корхонаси жойлашган ҳудудда 1000 ўринга мўлжалланган санъат саройи ва 500 ўринли амфитеатр, замонавий сузиш ҳавзаси – бассейн қурилди. 40 гектар майдон ободонлаштирилиб, 11 минг туп каштан, дуб, сосна, саффора, берёза, пахта дарахти каби манзарали дарахтлар ўтқазилди, кўркам боғ ва хиёбонлар яратилди, иккита мусиқали-рангли фавворалар қурилди, пиёдалар йўлаклари, суғориш тармоқлари яхшиланди. Яқингача ҳам ушбу корхонадан чиқаётган бадбўй ҳид бутун шаҳар экологиясига салбий таъсир кўрсатарди. Эндиликда бу ерда фарғоналикларнинг фахру ғурурига сабаб бўлаётган муҳташам санъат кошонаси бунёд этилди.

Фарғона фуран бирикмалари заводи ўрнида “Мустақиллик” шаҳарчасини барпо этиш ва биринчи босқичда 12 та кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Ҳарбийлар шаҳарчаси ҳудудини оптималлаштириш ҳисобига бўшатилган майдонда 34 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиб, 86 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.

Бунёдкорлик ишлари доирасида 20 минг ўринга мўлжалланган замонавий стадион ва футбол мактаби қурилиши ишлари якунига етказилаётгани ҳам тарихий воқеадир. Стадион қурилишида Термиз, Навоий, Наманган шаҳарларидаги стадионлар намунасидан келиб чиқиб, машъала тайёрланди ва ўрнатилди. Кириш устунлари, бино фоелари ва бошқа жойларга миллий қадриятларимиз асосида қўшимчалар киритилди. Стадион ҳудудида ташкил этилган хиёбонда 5 мингга яқин ноёб дарахтлар ва бутасимон ўсимликлар кўкка бўй чўзмоқда.

Фарғона вилояти маркази – Фарғона шаҳрининг кўрку тароватини бутунлай ўзгартириб юбораётган бу каби эзгу ташаббуслар асосида бугунги кунда Фарғона тарихий қурилишлар, буюк бунёдкорликлар жараёни билан ҳамнафас яшамоқда. Фарғоналиклар улкан янгиланишлар, ўзгаришлар даврининг бевосита гувоҳи, иштирокчиси бўлиш бахтига мушарраф бўлишди. Шунинг учун ҳам нафақат бугун, балки кейинги эллик, юз йилларни ўйлаб бошланган бу хайрли иш ўзини фарғоналикман, шу юрт фарзандиман деган барча-барча юртдошларимизни бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишга, жараённинг фаоли ва фидойиси бўлишга ундамоқда.

Бугун Фарғонада бўлган ҳар бир юртдошимиз бу жараёнларни ўз кўзи билан кўриши, ҳайрат ва ҳаяжонга тушиши, қалби фахр-ифтихорга тўлиши айни ҳақиқат. Вилоятимиз марказида замонавий шаҳарсозликнинг ўзига хос, Фарғонага монанд тимсоли яратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу ишлардан кўзланган бош мақсад юртдошларимизга фаровон турмуш кечиришлари учун муносиб шарт-шароит яратишдир.

Ўзбекистоннинг гавҳари ҳисобланган Фарғонада бўлаётган янгиланишлар тимсолида мамлакатимизнинг иқтисодий куч-қудрати ошиб бораётгани ва халқимизнинг фидокорона меҳнати самараси эканини яққол ҳис этамиз. Бу ютуқларнинг яна бир мезони – тинчликдир. Тинчлик бор жойда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик бўлади, осойишта ҳаёт таъминланади.

Бунёдкорликнинг яна бир бош омили – Мустақилликдир! Имкониятларимиз кенглиги ва ютуқларимиз кўплиги мустақиллик шарофатидан, албатта. Мустақиллик ва Тинчлик ҳаётнинг энг улуғ икки эгиз тушунчасидир. Ана шу икки неъматни кўз қорачиғидай асрай олган, шу эзгу мақсадга яраша меҳнат қилган халқ буюк келажак сари дадил одимлайди, улуғ орзу-ниятларни рўёбга чиқараверади.

You must be logged in to post a comment Login