2014 йилда Фарғона вилоятида 19 млрд. 742 млн.сўмлик 28 та лойиҳа амалга оширилди

14

Фарғона вилоятида кейинги йилларда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари, хусусан, пахтачилик ва бошоқли дон экинлари бўйича ҳосилдорлик сезиларли даражада ортиши таъминланди. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудлар ободлиги ва фаровонлиги, қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи ҳамда даромади яхшиланишида муҳим омил бўлди.

Соҳа мутахассислари ушбу ютуқларни соҳа ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат самараси сифатида эътироф этаётганлари бежиз эмас. Қишлоқ хўжалиги соҳасига янги ва илғор технологияларни жорий этиш, тармоқларни замонавий мезонлар асосида такомиллаштириш мақсадидаги изчил саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир.      

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида 2014 йилнинг 3 март куни Фарғона вилояти ҳокимининг “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш” бўйича 60-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, шу асосда махсус Дастур ишлаб чиқилган.

Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш мақсадида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун вилоятимизда марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобидан 110,1 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Ажратилган маблағлар доирасида 2008-2014 йилларда 125,1 минг километр коллектор дренаж тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди, 10,5 минг километр таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилди. Ушбу тадбирлар натижасида жами 247 минг 400 гектар суғориладиган майдонларнинг 110 минг гектари ёки қарийб 45 фоизининг мелиоратив ҳолати яхшиланди.    

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури бўйича биргина 2014 йилнинг ўзида вилоятимизда 28 та лойиҳа бўйича 19 млрд. 742 млн. сўмлик мелиоратив объектларни қуриш ва қайта қуриш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Натижада 40 минг 149 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилди.

Бу борада 1560,4 км очиқ зовур тармоқлари, 237 дона тик зах қочириш қудуқлари ва 12 та мелиоратив насос станцияларида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди.

Реконструкция қилиш ва қуриш йўналиши бўйича эса 24 та зах қочириш қудуқлари ва 153 дона кузатув тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилди, янгитдан қурилди. Олтиариқ, Фарғона, Данғара ва Тошлоқ туманларида коллектор тармоқлари, мелиоратив насос станцияси ва сув ўлчаш иншоотлари реконструкция қилинди ҳамда таъмирланди.

– 2014 йилда амалга оширилган мелиоратив тадбирлар самараси туфайли сизот сувларнинг сатхи 0-1,5м. оралиғидаги майдонлар 11 минг гектардан ортиқроқ, кўчли шўрланган майдонлар қарийб 1000 гектарга камайди, – дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги Гидрогеологик мелиоратив экспедиция бошқармаси бошлиғи Расулжон Жўраев. – Бунинг натижасида пахта ҳосилдорлиги вилоятимиз миқёсида ўртача 1,7 центнер, буғдой ҳосилдорлиги 2,3 центнерга ошди.

2014 йил сарҳисоби Фурқат туманида ҳам сизот сувлари сатхи ва кучли шўрланган майдонлар сезиларли даражада камайганидан далолат беради. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг муҳим омили сифатида фурқатликлар якунланган йилда пахта ва буғдой ҳосилдорлигини ўртача 1,5-2 фоизга кўпайтиришга муваффақ бўлишди.

  – Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадидаги республика Дастурига асосан ўтган йили туманимиз миқёсида 6 та тик зах қочириш қудуқлари таъмирланди, бу йил 3 та шундай қудуқларда реконструкция ишлари амалга оширилади, – дейди “Сўх-Исфара” ирригация тизими Фурқат тумани бўлими бошлиғи Равшан Мелиев . – 2014-2015 йиллар мобайнида тумандаги 2,4 км зовурларни тозалаш ишлари режалаштирилган бўлиб, ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 2 млрд. 365 млн. сўм ажратилган. Ҳозиргача “Яйпан” ДУК корхонаси томонидан 5 та техника жалб этилган ҳолда режа 80 фоизга бажарилди.

Айни соҳада вилоят ҳокимлиги томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган бўлиб, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши қатъий назоратга олинган.

Ерга меҳр берсанг, меҳр кўрасан, дейди доно халқимиз. Халқимизнинг ризқ-насибаси она замин бағрида экан, еримизнинг қуввати-мадори кучли бўлишига эришиш лозим.

– Маълумки, биз қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор бермоқдамиз, – деди Президентимиз шу йилнинг 16 январида мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида. – Бу вазифа энг муҳим устувор йўналишлардан бири бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг самарадорлиги, мамлакатимизнинг иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нафақат қишлоқ меҳнаткашлари, балки бутун Ўзбекистонимиз аҳолисининг моддий фаровонлигини ошириш бебаҳо бойлигимиз бўлган еримизнинг унумдорлиги, унинг сифатини мунтазам яхшилаб бориш билан узвий боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг “Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари” доимий комиссияси томонидан туманлар миқёсида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган маҳаллий дастурлар ижроси доимий назоратга олинган. Бу масала вақти-вақти билан вилоят Кенгаши сессияларида муҳокама этилиб, ютуқ ва камчиликлар аниқ таҳлиллар, ўрганишлар асосида сарҳисоб этиб борилади.

Тегишли мутасадди идоралар айни жараёнда доимий мониторинглар олиб бориб, унинг натижалари ҳақида халқ депутатлари вилоят Кенгашига ахборот бериб бориши таъминланади. Таҳлилий маълумотлар асосида белгиланган вазифаларни бажаришда лоқайдлик қилаётган тааллуқли ташкилотларнинг раҳбар ва ходимларига нисбатан амалдаги тартибга кўра чора кўриш юзасидан таклифлар киритилади.

You must be logged in to post a comment Login