ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИГА ТАЙЁРГАРЛИК ҚАНДАЙ?

Юртбошимиз томонидан қабул қилинган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да демократик ўзгаришларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор вазифалари белгиланган. Концепция юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасида узоқ муддатга мўлжалланган дастур ҳисобланиб, ушбу йўл билан ҳаётнинг барча соҳаларида замон ва давр руҳига мос демократик ўзгаришлар ва янгиланишлар амалга ошириб келинмоқда.

Концепция Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, ахборот соҳасини ислоҳ этиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш соҳасидаги йўналишларни ўз ичига қамраб олган. Ушбу йўналишларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали биз юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақини таъминлашга эришамиз.  

Концепциянинг Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш бобида эркин сайлов ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш принциплари, ҳар бир шахснинг сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқи миллий давлатчилигимиз моделининг асосини ташкил этади. Унда «Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишнинг, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қитлувчи аҳамиятга эга масаладир» деб белгиланган. 

Шу билан бирга Конституциямизнинг баъзи моддалари ҳамда бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, айрим қонун ҳужжатларини янги таҳрирда қабул қилиш, янги қонунлар қабул қилиниши ҳам келажаги буюк давлат қуриш йўлидаги кейинги қадам бўлди.                                                                                 

Бош Қомусимизга, шунингдек, “Сайловчилар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги  қонуннинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич амалга оширилиши, сайловларнинг халқаро принцип ва нормаларга мос ҳолда ўтказилишини таъминлашга олиб келди.

2014 йилда бўлиб ўтган сайловларда мамлакатимизнинг обрў-эътибори ва равнақи, эл-юртимиз фаровонлигини янада юксалтириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқнинг ишонган энг муносиб номзодлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига депутат этиб сайланди. Бўлиб ўтган сайловлар ўз вақтида қабул қилинган Қонун ва қарорларнинг нақадар тўғри ва самарали эканини кўрсатиб турибди. Айни кунда жойларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган муҳим санага катта тайёргарлик кўрилмоқда. Амалдаги қонунимизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча ҳаракатларга давлат ва ҳокимият тузилмалари, жамоат бирлашмалари томонидан аралашишга қаратилган уринишлар қонун билан тақиқланиши ҳам мамлакатимизда сайлов тизимининг очиқ ва ошкора, демократик тарзда ўтказилишини кўрсатиб турибди.     

Буюк давлат қуриш йўлидаги вазифаларни амалга ошириш учун халқимизнинг меҳнати билан тўпланган салоҳиятимиз ва имкониятимиз бор. Бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқарилиши натижасида эртанги кунга бўлган ишончимиз янада ортиб, келгусида мустаҳкам пойдевор бўлади. Бу ўз навбатида, жамиятимизнинг ўтган давр мобайнида демократик ўзгаришлар, ҳар қайси фуқаронинг танлаш эркинлигини таъминлаш ва кучли фуқароллик жамиятини жакллантириш йўлида том маънода қандай улкан қадам қўйилганини яна бир тасдиқлайди. Шунингдек, мамлакатимизнинг тараққий топган давлатлар қаторига чиқиши йўлидаги янги бир қадамидир. 

You must be logged in to post a comment Login