“СЎХ-ЧАШМА”НИНГ ЗИЛОЛ СУВЛАРИ

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Фарғона вилояти олис Сўх туманининг дилтортар гўшаларидан бирида жойлашган Чашма булоқ сувининг довруғи бутун водийга ёйилган. Маълумки, дунёдаги истеъмолга яроқли сувларнинг ўртача қаттиқлиги 7-8 даражада бўлиши талаб этилади.  Кўп йиллик лаборатория тадқиқотлари  Сўх чашмаси сувининг қаттиқлиги 1,8-2 даражада эканлиги исботланган. Бу тоза сувни истеъмол қилиш учун Фарғона водийсидан кўплаб кишилар ташриф буюради.

Бу талабларни эътиборга олиб, сўхлик тадбиркор  Ҳабибулло Ёрматов “Сўх-Чашма” ишлаб чиқариш фирмасини ташкил этди. “Агробанк” нинг туман бўлими томонидан ажратилган 300 миллион сўмлик кредит ҳисобига  Испания ва Хитой давлатларидан сувни қадоқлайдиган, шаффофлигини таъминлайдиган замонавий технологиялар олиб келинди. Корхона ташкил қилинган дастлабки йили фақат Сўх тумани аҳолисига 50 миллион сўмлик қадоқланган сув етказиб берилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич икки баробарга ортди. 100 миллион сўмдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилиб, сўхликлардан ташқари Қўқон, Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Риштон туманидаги истеъмолчиларга ҳам тоғнинг булоқ суви етказиб берилди.

– Чашма булоқ сувига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ҳаракатидамиз, – дейди корхона раҳбари Ҳабибулло Ёрматов. – Истеъмолчиларнинг талабларини ҳисобга олиб,  сувни озон билан таъминлашни кучайтирадиган технологиялар ҳамда кислородни кумуш фильтр билан аралаштириб берадиган ускуналар олиб келиб ўрнатишга киришдик. Бу мақсадларга 100 миллион сўм маблағ йўналтирилади. Ҳозирги ишлаб турган технологияларни яқинда туманимиздаги коллежларни битирган 20 нафар ёшлар маҳорат билан бошқаришяпти.  Ишлаб чиқаришни кенгайтирсак, улар сафига яна 10 нафар ишчилар қўшилади. 

You must be logged in to post a comment Login