МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ – ТИНЧЛИГИМИЗ КАФОЛАТИ

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкилий-бошқарув, сиёсий-ҳуқуқий, моддий-техникавий таъминот жиҳатидан юксак даражага кўтарилди.

Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий ҳуқуқ манбаалари орасида Конституция алоҳида ўрин тутади. Ундаги ҳарбий соҳани тартибга солувчи нормаларнинг барчаси мудофаани ташкил қилишга йўналтирилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасини бевосита  ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлардан иборатдир. 

Конституциянинг 125 ва 126-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилди.

Қуролли кучларни ташкил этиш ҳарбий тадбирлардан бири бўлиб, фуқароларнинг ҳарбий хизматга бўлган муносабатини аниқлаш принципи  шулар жумласига киради. Конституциянинг 52-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қиларкан, ўзининг тинчликсевар давлат эканлигини баралла ошкор этди ҳамда ўзининг мудофаа сиёсати батамом тинч-тотув яшаш, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик, уларнинг суверенитети ва мустақиллигини ҳурмат қилиш, шунингдек, мавжуд давлатларо чегараларнинг дахлсизлиги ва ўзгармаслиги принципларига асосланишини маълум қилди. Ҳарбий ислоҳотнинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Олий Мажлис сессияларида сўзлаган бир қатор маърузаларида чуқур очиб берилди. Юртбошимиз ташаббуслари билан шартнома асосида ҳарбий хизмат қилишга ўтиш орқали миллий армиямиз ихчамлаштирилди.

Давлатнинг мудофаа қудрати асосида мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаб бориш мақсадида юқори малакали офицерларни тайёрлашга хизмат қиладиган бир қатор ҳарбий ўқув юртлари ташкил этилди. 1993 йилда Тошкент алоқа электротехника институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети) ҳузурида алоқа хизмати мутахассислари ҳамда  2012 йили Тошкент тиббиёт академиясида харбий врачларни тайёрлайдиган ҳарбий факультет очилди. 1994 йилда Қуролли кучлар Академияси ташкил этилиб, бу ерда олий ҳарбий малакали офицер кадрлар тайёрлашга киришилди.

Истиқлол шарофати билан ҳарбий қисмларда хизматни ўташ учун яратилган шарт-шароитлар тизими, тузилиши ва сифати тубдан яхшиланди, имтиёзлар кўлами кескин кенгайтирилди. 2002 йил 12 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун муддатли ҳарбий хизмат календарь ҳисобида ўн икки ой (олий маълумотли шахслар учун – тўққиз ой) қилиб белгиланиши, шунингдек Президенмизнинг 2008 йил 20 ноябрдаги «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан фуқароларимизни муддатли ҳарбий хизматга йилига бир маротаба – февраль-март ойларида чақириш белгиланди.  

Президентимизнинг 2012 йил 31 май кунги қарори билан Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқароларга барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлашда республиканинг барча олий таълим муассасасарига киришда тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида армиямиздаги ахлоқий-руҳий ва маънавий муҳит тамоман янгиланди, фуқароларимиз ва ҳарбий хизматчиларда ҳарбий хизматга бўлган муносабат тубдан ўзгарди, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун энг шарафли ва нуфузли касблардан бирига айланди.

You must be logged in to post a comment Login