Бағрикенглик – қон-қонимизга сингиб кетган фазилат

Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мамлакатимизда қурилаётган демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан саналади.Қуръони Каримнинг “Бақара” сураси 256 оятида: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”, дейилади.  Шу маънода, юртимизда асрлар давомида турли хил миллат ва элатлар тинч-тотув яшаб келишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7 боб, 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” , дейилади. Халқимизда виждоний бурч деган муқаддас ифода бор. Виждон – бу инсоннинг кундалик фаолияти, хулқ-атвори учун оила, жамоат, жамият ва Ватан олдида маънавий масъулиятни ҳис этишидир. Шу юксак ахлоқий тушунча шахсни ўз фаолиятига баҳо беришга ўргатади. 

Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги  Қонунида фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ва бурчлари белгилаб қўйилди. Кўпмиллатли давлатимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шарти қилиб белгиланди.

Мазкур Қонун баъзи ҳолатларда ёшларни диний билим олиш борасидаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳам тартибга солади. Чунки сир эмас, айрим калтабин одамлар ўз фарзандларини диний таълим олишлари учун ноқонуний “ҳужра”ларга топшириб, оқибатда уларни чаласавод бўлишларига сабабчи бўлиб қоляптилар. Умумтаълим мактаби ўқувчилари орасида дарс машғулотлари пайтида жума намозларини ўқиш учун масжидларга бораётгани ёки “ҳужра”ларда норасмий шаклда дарс олаётганлари ҳам учраб турибди. Бу каби ҳолатлар болаларни вақти келганда турли диний-экстремистик ғоялар сиртмоғига илиниб, боши берк кўчаларга кириб қолишларига “имкон” туғдиряпти. Қонуннинг 3-моддасида “Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларни ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда ўқитишга йўл қўйилмайди”, дея қайд этилган бўлса, қонуннинг 9-моддаси хусусий тартибда таълим беришни ман этади. Бу билан ҳеч қандай таълим бериш ҳуқуқига эга бўлмаган муллалар фаолиятига чек қўяди.  Ушбу  қонунни бузганлар учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 241-моддасида муайян жазо белгиланган. Республикамизда таълим тизимининг ўқув дастурига диний предметлар киритилишига йўл қўйилмайди. (7-модда).

Диний таълим махсус ўқув юртларида амалга оширилади. Диний ташкилотларнинг Марказий бошқарув органлари, руҳонийлар ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун ўқув юртлари ташкил этишга ҳақлидирлар. Диндан сабоқ берувчилар, мураббийлар тегишли пухта билимга ва уни ўқитиш ҳақидаги махсус рухсатномага эга бўлишлари  шарт. Тошкент Ислом университетининг  очилиши мазкур талабни бажариш ишига хизмат қилади.

Халқлар, элатлар эркинлигини таъминлашда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддаси айниқса, аҳамиятлидир. Унда қайд этилишича, ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган  манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ ҳар йили Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилиниб, барча мусулмонлар бу икки байрамни меҳр-оқибат, саховат шодиёнаси сифатида кенг нишонламоқдалар. Муборак Ҳаж сафарига ҳар йили беш мингдан ортиқ ҳамюртларимиз бориб динимизнинг бешинчи фарзини адо этиб қайтмоқдалар. Юртимизда икки мингдан зиёд масжидлар фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга  рус проваслав черкови, рим католиклари, яҳудий  ва бошқа ташкилотлар диний конфессияга мансуб ташкилотлар бўлиб уларда қонун доирасида диний маросимларни бажариш имконияти яратилган.

Бугунги кунда вилоятимизда адлия бошқармаси томонидан рўйхатидан ўтган 198 та масжидлар бўлиб, уларда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларини тугаллаган, ҳар томонлама пухта билимга эга бўлган маърифатли имом-хатиблар иш олиб бормоқдалар. Улар вилоятимизнинг маданий-маърифий тадбирларида фаоллик билан иштирок этмоқдалар. Маҳаллаларда, таълим муассалаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш, турли диний-экстремистик ғояларга қарши тадбирлар олиб боришда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Ҳозирги пайтда барча масжидлар ўз кутубхонасига эга бўлиб, унда диний-маърифий  китоблар мавжуд. Шунингдек, имом-хатиблар ҳар йили диний билимларини мустаҳкамлаш, дунёвий билимларини ошириш мақсадида Самарқанддаги имом Бухорий номли Халқаро ҳадис Марказига ўқишга юборилади. 

You must be logged in to post a comment Login