ЯНГИ ҚОНУН ФУҚАРОЛАРГА ЕНГИЛЛИК ЯРАТМОҚДА

Ўтган йил 3 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш тартибини янада такомиллаштирди.

Мазкур Қонун билан 2002 йил 13 декабрда кабул қилинган янги тахрирдаги «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ва бошқа бир қатор қонунлар бекор қилинди.

Янги Қонун қабул қилиниши натижасида юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди. Ушбу соҳадаги қонунбузилиши учун жавобгарлик белгиланиб, давлат органларига, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш тартиби аниқлаштирилди.

Қонунда мурожаатларнинг шакллари, турлари, уларга қўйиладиган талаблар белгиланди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, мурожаат этиш ҳуқуқларининг кафолатлари мустаҳкамланди.

Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, муддатлари, мурожаатларни кўрмай қолдириш асослари, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат органларининг мажбуриятлари, моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка оид қоидалар ҳам қонунда ўз ифодасини топди.

Янги қонуннинг аввалги «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонундан бир қатор фарқли жиҳатлари мавжуд.

Хусусан, юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлари илгари қонун йўли билан тартибга солинмаган эди. Энди бу қонун билан ушбу масала ҳам мустаҳкамланди.

Қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини кабул қилиш жадвалида қабул вақти ва жойи кўрсатилиши ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлиши шарт.

Бундай жадвал маъмурий бинонинг ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларига жойлаштирилади. Қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида ҳам эълон қилинади.

Давлат органларининг қабулни ўтказувчи раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари ҳар қандай масалалар, шу жумладан, ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳакли эмас, фақатгина уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақида уларга ушбу қонунда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, қабул рад этилиши мумкин.

Шахсий қабул давомида давлат органининг раҳбари карорига кўра ҳамда мурожаат этувчининг ёзма розилиги билан махсус техника воситалари (аудио ва видео ёзув, шунингдек, фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин. Давлат органларининг раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин.

Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.

Мурожаатда қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Мурожаатни қайтариб олиш ҳақидаги ариза давлат органлари томонидан қонунбузилишини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилишини истисно этмайди.

Мурожаатларга жавоблар, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилиниши, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга караб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак.

Мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари. Шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида мурожаатларни бир йилда камида бир марта умумлаштирилиб ва таҳлил қилиб борилади.

Қонунда мурожаатлар тури ва шаклидан қатъи назар, улар электрон ёки оғзаки бўладими, бир хил аҳамиятга эгалиги мустаҳкамланди.

Қонунга кўра электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак.

Қонун мурожаат этиш ҳуқуқларининг бир қатор кафолатларини ўзида мустаҳкамлаган бўлиб, унга кўра мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда камситишга йўл қўйилмайди.

Мурожаатлар давлат органлари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт. Жисмоний ёки юридик шахс мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқиш қонунга хилоф равишда рад этилганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

Бундан ташкари, мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб колган маълумотлар ошкор этилмаслиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари муносабати билан уларнинг хавфсизлиги кафолатлари ҳам қонунда ўз ифодасини топган.

Қонунда мурожаатларни кўрмай қолдириш асослари ҳам белгиланган. Унга кўра, аноним мурожаатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Аноним мурожаатлар деганда жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек, имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар тушунилади.

Мухтасар айтганда, мазкур қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини белгилайди. Давлат органларининг ушбу соҳадаги ишини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтаришга ҳуқуқий замин яратади.

You must be logged in to post a comment Login