Сўх: мозий ва ҳозирги замон

Сўх воҳаси Марказий Осиёнинг қадимги масканларидан бири ҳисобланади. Археолог олимларнинг берган маълумотларига кўра, бу ерда қадимги тош давридан одамлар яшай бошлаган. Шу боисдан қатор таниқли олимлар ва ўлкашунослар бу кўҳна диёрнинг ўтмиши хақида илмий асарлар ёзганлар. Ҳозирги кунда бу хайрли ишни давом эттираётган олим тарих фанлари номзоди Ўринбой Сўфиевдир. Сўх аграр касб-ҳунар коллежида ўқитувчи бўдиб ишлаётган бу инсон ёшларга билим ва тарбия бериш билан баробар ўзи туғилиб ўсган воҳанинг ўтмиши ва ҳозирги куни хусусида бир неча китоб ва мақолалар эълон қилди. Биз қуйида унинг “Сўхнома: тарих ва истиқлол одимлари” деб аталган, 2013 йилда “Фарғона” нашриётида чоп этилган охирги рисоласи тўғрисида айрим мулоҳазалар билдиришни лозим топдик.

Рисоланинг бошланишида муаллиф Сўх воҳасининг табиати ва жўғрофий жойланиши ҳақида маълумотлар бериб, унинг ўтмишига назар ташлайди ҳамда археологик, этнографик ва ёзма манбаларга таянган ҳолда, Сўх қадимий диёр эканлигини таъкидлайди.

Сўх воҳасининг кейинги тарихи хусусида ҳам талай қизиқарли маълумотлар келтиради. Лекин афсуски, бу маълумотлар Сўх диёрининг хронологик кетма-кетлигидаги яхлит ўтмишини тиклаш имкониятини бермайди. Албатта, бу муаллифнинг айби бўлмай, балки манбаларнинг етишмаслиги оқибатидир. Аммо бундан қатъи назар, рисолада бу қўҳна диёрнинг тарихи билан боғлиқ этиборга лойиқ маълумотлар мавжуд. Жумладан, Сўх Бобур мирзонинг қадамжоларидан бири бўлиб, у тожу-тахт учун олиб борган курашда мағлубиятга учраб, Кобулга кетишдан олдин бу ерда бир йилча умргузаронлик қилган. Шунингдек, рисолада Сўхнинг Қўқон хонлиги ҳукмронлиги ва совет давридаги тарихига оид маълумотлар келтирилган.

Рисоланинг асосий қисми Сўх туманинг истиқлол даври тарихига бағшланган. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Сўх минтақадаги энг қадимги деҳқончилик ўчоқларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда ҳам қишлоқ хўжалиги туман иқтисодиётининг асосий тармоғи саналади. Муаллиф конкрет факт ва мисоллар асосида туманда фермер ва дехқон хўжаликларининг равнақ топишини кўрсатиб ўтади. Шунингдек, китобда амалга оширилаётган ободончилик ишлари, туман инфратузилмаси ривожланиши хусусида маълумотлар келтирилади.

Муаллиф шунингдек, Сўхдаги таълим жараёни ва яратилаётган шарт-шароитлар, жамоат ташкилотлари, хусусан, “Маҳалла”, “Нуроний”, “Камолот”, Хотин-қизлар қўмитаси  фаолиятини ёритишга ҳам етарлича этибор беради.

Рисолада Сўхликлар аждодларнинг маънавий меъросини асраб-авайлаб келаётганликлари алоҳида таъкидлаб ўтилади. Жумладан, фақат сўхликларга хос “Ёвайлохонли” бунга мисол бўла олади. Халқ куй ва қўшиқларини сақлаб қолиш ва омма орасида тарғиб этишда “Сўх-Чашма” фольклор-этнографик ансамблининг ўрни каттадир. Китобда Сўх туманида туғилиб ўсган ва республикамизнинг турли шаҳарларида меҳнат қилаётган шоир ва ёзувчилар, санъаткор ва олимлар ҳақида маълумотлар келтирилади. Сўх аҳлининг маънавий хаётида “Садои Сўх” газетаси ва “Сўх телевизион каналининг” ўрни ҳам кўрсатиб ўтилади.

Халқнинг маънавий хаётида қадимий зиёратгоҳлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўх туманида бундай зиёратгоҳларнинг сони йигирматтага етади. Истиқлол йилларида ҳашар йўли билан ҳамда саховатманд тадбиркорлар кўмагида кўп мозор ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилиб, одамларнинг дам олиш масканларига айлантирилди.

Китобнинг сўнгида сўхликларнинг истиқлол туфайли шукроналик туйғуси билан яшаб, юртнинг порлоқ келажагига ишонч билан қараётганликлари ҳақида сўз юритилади. Китобда туман хаётини акс эттирган кўп фотосуратлар жой олган. 

You must be logged in to post a comment Login