ШУКРОНА АЙТИШНИ СИЗДАН ЎРГАНДИМ…

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, алломаи замонлар, буюк донишмандлару мутаффаккирлар сиймоси ҳамиша кўз ўнгимизда нуроний кўринишда намоён бўлади.  Халқимиз орасида ҳизр назар қилган, деган жумла таърифида ҳам ана шундай нуроний қиёфага ишора мужассам этган. Ёши улуғ муҳтарам кишилар билан учрашганимизда онгли равишда қадриятларимиз, анъаналаримизга риоя қилишга эҳтиёж сезамиз. Падари бузрукворларимиз, волидаи муҳтарамаларимизга кўрсатган эҳтиром туйғуси уйғонади қалбимизда. Уларни эъзозлаб, кўнгилларини кўтаргимиз келади, ўгитларини тинглаймиз, дуоларини оламиз. Бинобарин, кекса авлод билан қалбимиз ўртасида эзгулик кўприклари ўрнатилган. Ҳа, уларни борлиги жуда улуғ неъмат эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Умр бекатларида изтиробга тушсак, табаррукларимиз ҳузурига ошиқамиз. Ҳаётнинг ўнқир-ўнқир йўлларида қоқилсак, улар бизни руҳан суяб, қўлимиздан тутади. Зафарлар қояси сари баландлаб борарканмиз, боболар синиқ табассум ва танбеҳ билан бизни  кибр, манманликдан халос этадилар. Меъёрни унутган кунимиз, уларнинг насиҳатлари фикримизни тиниқлаштиради. Зотан, кексаларнинг бой ҳаётий тажрибаси бор. Турмуш синовлари, машаққатли кунлар боболарнинг иродасини тоблаган. Саховатда беназирларимиз  очни тўйдирганлар, усти юпунга тўн кийдирганлар. Етимни бошини силаб, мусофирга бошпана берганлар. Агар теран улуғларимизни умр йўлини кузатиб, теран мушоҳада қилсак, қалбимиз уйғонади.

Иккинчи жаҳон уруши, урушдан кейинги қаҳатчилик, мустабид тузум тайзиқларини кўриб, оғир кунларга гувоҳ бўлиб, ҳаётга ташналик   билан боқиб, дориломон кунлар нашидасини сураётган кексаларимиз биз учун том маънода шукронаи давлатдир.

Кечагидек ёдимда. Хизмат тақозоси билан пиру бадавлатлар истиқомат қилаётган файзли хонадонга борганман. Шинам, покиза ўриндиққа чўккан онахон косага нон тўрғаб, уни ивитиб емоққа тутинди. Ўғли бу ҳолатдан ўнғайсизланиб уйда егуликлар сероб, лекин онамиз қуруқ нонни шундай ейишни хуш кўрадилар деди. Очарчилик йилларини бошидан кечирган кекса кампир нигоҳини тепага, ўғлига қаратиб, сиз ёшлар  ҳали ноннинг мазасини яхши билмайсизларда, қуввати етмиш икки томирингга етиб боришини билмайсизларда деганди. Мушфиқ она бир замонлар зоғора нон ҳидидан хумори ёзилгани, бир бурда емай ухлаб қолгани, очликдан силласи қуриб  бемор ҳолга келган кишиларни кўргани ҳақида афсоналар сўзлади.

Шу равишда она ўтмиш ҳикоялари билан болалари, набираларига шукрона айтишни ўргатаркан.

Кексалик палласида инсон донишмандлик мақомига кўтарилади. Сўзлар салмоқли, қадамлар вазмин тортади.  Уларни оташин қалб билан ардоқлаш, гапларини малол олмаслик, кўнгилларини оғритмаслик, сабр ва эътибор билан хизматларини адо этиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас вазифаси саналади.

Болажон халқмиз. Нуридийдаларимизга меҳр бериш билан бирга улардан қуёш каби ҳароратли меҳрни кутамиз. Мазкур 2015 йил Кексаларни эъзозлаш йилида нуронийлар билан ёш авлод ўртасидаги ришталар мустаҳкамланади.  Бағри бутун оилаларда олтин тўйлар бўлади, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш шодиёналари нишонланади!!!….

You must be logged in to post a comment Login