МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Арнольд Шварценеггер − Калифорниянинг  38-губернатори, сиёсатчи-республикачи, культурист, тадбиркор, келиб чиқиши  Австриядан бўлган америкалик киноактёр. Ҳолливуддаги энг кўп ҳақ тўланадиган  актёрлардан бири. Унинг шу йил губернаторликдан кетиб, кинога қайтиш асносида  катта ғалвалар чиқиб қолди: Шварценеггер рафиқаси билан ажрашиши шов-шувларга  сабаб бўлди …

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Болалик ва мушаклар   Арнольд Алоис Шварценеггер 1947 йилнинг 30 июлида Австриянинг Грац  шаҳридан унча узоқ бўлмаган Тал қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси Густав  Шварценеггер (1907-1972) ва онаси Аурелия Шварценеггер (1922−1998) оддий  одамлар эдилар. 1945 йил 20 октябрда уларнинг тўйи бўлган. 1946 йилнинг 17  июлида оиланинг тўнғичи Мейнхард таваллуд топди. Орадан бир йилдан ошиқроқ вақт  ўтиб, бўлажак юлдуз дунёга келди. − Менинг ота-онам жуда қашшоқ эдилар, − деб хотирлайди Арнольд. − Уйда  марказий иситиш тизими ҳам, телевизор, ҳатто ҳожатхона ҳам йўқ, у ҳовли  орқасида жойлашган эди. Арнольд отасининг ўгитига амал қилиб, дастлаб футбол билан шуғуллана  бошлади, 14 ёшида эса культуризм ёқиб қолди. У ҳар куни Грацдаги машғулотлар  залига қатнар, мазкур клуб шанба-якшанбада ишламаса-да, Арнольд нарвон орқали  дераза ойнасидан кириб, дам олиш кунларида ҳам мушакларини шишириш билан банд  бўларди.

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Танкдаги гантель 1965 йилда, 18 ёшга тўлиши муносабати билан Арнольдни бир йиллик ҳарбий  хизматга чақиришган эди. Бўлажак юлдуз у ерда танк механик-ҳайдовчиси ҳарбий  мутахассислигига эга бўлди. У ўсмирлар ўртасидаги “Европа мистери” танловида иштирок этди ва юқори  ўринга сазовор бўлди. Аслини айтганда, бу Арнольднинг дебют чиқиши эмас эди.  Бунгача, икки йил муқаддам Грацдаги унча машҳур бўлмаган беллашувда у иккинчи  ўринни олган эди. Кейинроқ ўзининг ҳикоя қилишича, дала шаротидаги тактик  машғулотлар пайтида ҳам у машқ қилиш учун жой ва вақт топган. Арни қўлбола  гантель ясаган ва уни танкда сақлар эди. − Чехословакияга ёндош чегарада олти ой хизмат қилганимизда бир кунда  ўн беш соатлаб танк ҳайдашимга тўғри келган, − дейди Арнольд. − Мен қўл  насосини ишга солиб, ёқилғи ҳайдар, улкан бочкалар билан “курашар” ва таъмирлаш  ишлари билан машғул бўлардим. Биз окоп ёки танк тагида ухлаб, тонгги соат олтида  туришга мажбур эдик. Аслида эса мен ошнам билан бешда уйғониб, штангаларимиз  сақланаётган танк жиҳозлари бўлмасига кирар ва бир соат мобайнида – умумий  уйқудан уйғониш вақтигача машқ қилардик. Кундузги ўқувдан сўнг яна бир соат  машқ қилардик. Ҳақиқий атлетикачи ҳамиша, хоҳлаган вақтида машқ қилиш учун вақт  ва жой топа олади.

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Мюнхен:  муштлашув ва жарималар

Ҳарбий хизматдан сўнг, 1966 йили Арнольд Мюнхенга кетиб, фитнес-клубда  ишлай бошлади. Бу вақтда у қўл учида зўрға яшар, уй топмагунча машғулотлар залидаги  пол узра ётишига тўғри келарди. Ўша вақтларда у ўзини тажовузкор тутиб, деярли  ҳар куни муштлашар, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани боис жарима пулини  йиғишига тўғри келарди. Маълум фурсат ўтгач, у машғулотлар залини ўзи бошқарадиган бўлди, шунга  қарамай, барибир қарзларини тўлай олмасди. 1966 йилда Арнольд Лондонда ўтказилган “Коинот жаноби” танловида  америкалик Шет Йортондан кейинги иккинчи ўринни қўлга киритди. Бундай натижани  ўзи ҳам кутмаган, олтинчи-еттинчи поғонани чамалаган эди. Орадан бир йил ўтиб,  1967 йилда ёш Шварценеггер яна ушбу танловда қатнашиб, мутлақ ғолибликни қўлга  киритди.

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Салом,  Америка!

1968 йилнинг сентябрида 21 ёшли Арнольд Америкада пайдо бўлди. АҚШга  келишни у 10 ёшида орзу қилган эди. Аммо у инглиз тилини яхши билмас, бу эса  чинакамига муаммо туғдирар эди. Шварценеггернинг АҚШга ташрифи расмий эмас эди, албатта. У 1960  йилларнинг охири ва 1970 йилларда океанортида ноқонуний юриб, виза тартибларини  бузган. Шундай бўлса-да, Санта-Моникадаги Gold’s Gym клубида Жо Вейдер ҳомийлигида  шуғуллана бошлади. 1970 йилда 23 ёшида Арнольд Нью-Йоркда “Олимпия жаноби”  танловида биринчи титулни қўлга киритди. Бунга унинг беш йил вақти кетди,  бошқаларга эса ўн йил талаб қилинарди. “Замонавий бодибилдинг энциклопедияси”  китобида Шварценеггер ўзи ёзганидек, “Ҳакамлар атлетчиларни фалон иштирокчи  саккиз йил, бошқаси уч йил шуғулланади”, деб баҳоламайди”. Бор кучи билан ишлаш унга кўпроқ ғалабалар туҳфа этди. 1980 йилда у яна  “Олимпия жаноби” ғолиблигини қўлга киритди. Бу пайтда Шварценеггер ўттизни уриб  қўйган эди. У жисмоний машқлардан кўра энди кўпроқ овқатланишга  диққат-эътибор қаратганди. Шундан сўнг Шварценеггер спортдаги мавқеига нуқта  қўйди. У ўз тажрибаси ҳақида журнал ва китобларда ёритиб, бодибилдингнинг  оммалашувига катта ҳисса қўшган эди. 1979 йилда Шварценеггер Висконсин университетида сиртдан ўқиб,  иқтисодиёт бўйича бакалаврлик мақомини олди. 1983 йили АҚШ фуқаролигига қабул  қилинди. Ўзининг айтишича, ўшанда у шу қадар қувонганки, кун бўйи қўлида байроқ  кўтариб юрган. Орадан беш йил ўтиб, у ўзининг “Арнольд  Классик” танловини таъсис этди.

Талаффуз,  рекорд  ҳамда губернаторлик

Арнольд Шварценеггер 1970 йилларда кинода суратга туша бошлаган. Унинг  муаммоси кино учун нотабиий бўлган ўта катта мушаклари ва узундан-узоқ  мулоқотлардан қочишга мажбур қиладиган немисча лаҳжасида эди. Арнольд вазнини  камайтиришига тўғри келган. У актёрлик маҳорати бўйича сабоқ олишга ва  талаффузини яхшилашга ҳаракат қилди. “Йиртқич”нинг режиссёри Жон МакТирнан  шундай деган эди: “Бу йигит − лаёқатли. У билан ишлашга бошқалардан кўра кўп  пул сарфланади, деб айтишганди. У жуда тез ўрганади”. Шварценеггер кинематографдаги ўзининг биринчи “Геркулес Нью-Йоркда”  фильмини энг ёқтирмайдиган киноасари сифатида тилга олади.

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Омма ҳам дастлабки  фильмларни оғир қабул қилган. “Конан-варвар”дан кейингина унга муваффақият бўй  кўрсата бошлади. Арнольднинг гонорарлари узоқ вақтгача кам бўлган. “Барчасини  ёдга олиш”, “Терминатор-2”  суратга олинганида кўпайди. 2003 йилда ишланган “Терминатор-3” эвазига Шварценеггер 35  миллион доллар гонорар олиб, киноиндустрияда ўзига хос рекорд ўрнатди. “Охири замон”, “Олтинчи кун” ва “Зиён бадали” фильмлари ҳам  томошабинлар томонидан унча илиқ қарши олинмади. 2003 йилда узоқ кутилган  “Терминатор-3: машиналар ғалаёни” экранга чиқди. Мухлислар унда намоён бўлган  56 ёшли Арнольдни чинакамига олқишладилар. Ўша йили у Калифорния губернаторлиги  сайловида ғалаба қозонди. Оммавий ахборот воситалари сайловолди компаниясини  ўзига хос сарлавҳаларда ёритди: “Governator” (“terminator” ва “governor”  дурагайи − “губернатор”), “Югураётган одам”, “Терминатор-4: номзоднинг  ғалаёни”.

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Губернаторлик курсисига ўтирган Шварценеггер штатда харажатларни  қисқартириш кампаниясини бошлаб юборди, ўзининг йилига 175 минг долларлик  губернаторлик маошидан воз кечди. Кўп ўтмай, у тезда кучли мухолифга рўбарў  бўлди ва натижада обрўсига анча путур етди. Шунга қарамай, 2006 йилда у яна  губернаторликка сайланди. Шварценеггер сиёсатга муккасидан шўнғиди. У Киото  протоколига имзо чекди, Ироққа қарши урушни қоралаб, АҚШ президенти Жорж Бушга  нисбатан бир неча зиддиятли чиқишлар қилди. 2011 йилда Шварценеггернинг ваколат  муддати тугади, учинчи марта номзодини унинг қўйишга қонун йўл бермас эди.

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Бизнес

Арнольд Шварценеггер 30 ёшларидаёқ миллионер эди. Унинг мол-мулки  омилкорлиги туфайли қулоч ёйди. Арнольд почта жўнатмалари бизнесини йўлга  қўйди, “Pumping Bricks” қурилиш компаниясига асос солди ва кўчмас мулк билан  жиддий шуғулланди. Унга Висконсин университетида таҳсил олгани катта ёрдам берди. Шу  чоққача бизнеси яхши йўлга қўйилган бўлса-да, у мазкур соҳани янада чуқурроқ  ўзлаштирди. Бодибилдинг бўйича китоблар ва видеокассеталар сотуви унга яхшигина  пул олиб келарди. Шон-шуҳратга эришгач, катта-катта гонорар оладиган бўлди. Дарвоқе, Шварценеггернинг кўчмас мулкдаги фаолияти ўзига хос. “У  Ҳолливуд сайёраси” ресторанлар тармоғининг ҳамкорларидан бири эди. Аммо кейин  ўзининг ҳиссасини сотиб юборди. Шварценеггернинг молиявий империяси юрагини асосан киностудиялар,  комикс ва видеоўйинлар сотувидан чегириб қолинадиган фоизлар ташкил этади.  Унинг активлари 2007 йилдаёқ 200 миллионни ташкил этган.

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

Муҳаббат(лар),  тўй ва метин тарбия

1969 йили Шварцнеггер инглиз тили ўқитувчиси бўлган Барбара Аутланд  Бейкерни учратди. Дўстлари оддийгина изоҳ беришди: “Арнольд севиб қолди”.  Уларнинг муносабати 1974 йилда интиҳо топди. Барбара у ҳақда қувноқ, шубҳали,  алпқомат, деб ёзган эди. Муносабатлари дарз кетгани сабабини эса “Тоқат қилиб  бўлмайди – олам унинг теграсида айланади”, дея қайд этган. Барбара Бейкер  “Австрия эмани соясида” номли китоб ҳам ёзди, Шварценеггер қаршилик кўрсатиш у  ёқда турсин, ҳатто унга уч соатлик интервью берган. 1975 йили пляжда Шварценеггер Сью Морей исмли сартарош қиз билан  танишди, 1977 йилнинг августидан эса тележурналист, Жон Ф.Кеннедининг қариндоши  бўлган Мария Шрайвер билан учраша бошлади. Морей унинг олдига шарт қўйди,  Шварценеггер эса Шрайверни танлади. 1986 йилнинг 26 апрелида Шварценеггер ва Шрайвернинг тўйи бўлиб ўтди.  Оилада бирин-кетин тўрт нафар фарзанд туғилди: Кэтрин Юнис Шварценеггер (1989  йил 13 декабрь), Кристина Мария Аврелия Шварценеггер, (1991 йил 23 июль),  Патрик Арнольд Шварценеггер (1993 йил 18 сентябрь) ва Кристофер Саргент Шрайвер  Шварценеггер (1997 йил 27 сентябрь). Шварценеггер узоқ вақт Брентвуддаги салкам 1000 метр квадратдан  иборат уйда истиқомат қилган. У қатъий интизом тарафдори эди. Болаларини тонгги  соат олтида уйғотар, бадантарбия ва тобланиш машқларини бажаришга мажбур  қиларди. Агар уй ичида ўйинчоқлар тартибсиз ётганини кўрса, ҳар қандай  ўйинчоқни ҳам каминга (печкага) улоқтирарди.

МАШҲУРЛИК ОРТИДАГИ ҒАЛВАЛАР

 Кумуш тўйдан сўнг Шу йилнинг май ойида Арнольд Шварценеггер хотини Мария Шрайвер билан  ажрашишини маълум қилди. Ваҳоланки, икки ҳафта олдин уларнинг кумуш тўйи бўлиб  ўтган эди. Маълум бўлишича, 2000 йилларнинг бошида Шварценеггернинг уй  хизматчиларидан бири бўлган аёлдан никоҳсиз фарзанди туғилган. Боланинг онаси Милдред  Патрисия Баэна узоқ вақтгача буни сир тутиб келган.  Никоҳсиз фарзанд ҳақида эшитган Мария Шрайвер дарҳол ажрашиш ҳақида ариза берган. The Daily Mail ёзишича, ушбу ажрим Ҳолливуддаги энг қиммат ажрашув  бўлиб, Мария умумий маблағнинг ярмига эга чиқишга ҳақли. Бу эса 200 дан 400 миллион долларгача миқдорни ташкил этиши мумкин. Айрим манбаларда қайд  этилишича эса, Шварценеггер давлати салкам бир миллиард долларни ташкил этади. Хуллас, ғалва устига ғалва!

А.Намозов тайёрлади.

You must be logged in to post a comment Login