ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН ЯНГИ УЙЛАР

5

Мустақиллик йилларида ҳарбий хизматчилар оилаларини уй-жой билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз томонидан ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини, ижтимоий ҳимоя қилиш, турар-жой ва маиший шароит билан таъминлаш борасида қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда. Ҳарбий хизматчилар янги барпо этилган замонавий уйларга кўчиб ўтиб, яшаш шароитлари яхшиланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси МХХ чегара қўшинларида хизмат қилувчи офицерлар ҳамда сержантлар таркибининг яшаш шароитларини яхшилашга эътибор қаратиляпти. Замонавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган янги уйлар бирин-кетин сарҳадларимиз посбонларига фойдаланиш учун топширилмоқда. Вилоятимизнинг чегара олди 3 та ҳудудида ўз хизмат вазифаларини бажаришда фидойилик кўрсатаётган 24 нафар ҳарбий хизматчиларнинг оилалари замонавий, барча қулайликларга эга, шинам уй-жойлар билан таъминландилар.

Уйларнинг топширилиши тантаналарида сўз олганлар юртимизда ҳарбий хизматчиларга берилаётган эътибор хусусида гапириб, 2014 йилда ҳарбийлар оилалари учун 436 та мана шундай замонавий уйлар фойдаланишга топширилганини таъкидладилар.

Хонадон соҳиблари янги уйларнинг калитини қўлига олар эканлар, яратиб берилаётган шароит  ва ғамхўрлик учун Президентимизга, МХХ раҳбариятига миннатдорчилик билдирдилар. Шунингдек, тадбирларда шинам уйларни қурилишида иштирок этган қурувчилар  ҳарбий қисмлар ёрлиғи ва Фарғона, Қува тумани ҳокимликлари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ҳар тонг кўзимизни очиб уйғонар эканмиз, тинч ва осуда ўтган тун учун Яратганга шукрона келтирамиз. Кундалик вазифаларимизни бажариб, яна хотиржам уйқуга кетамиз. Мана шу тинчлик-хотиржамликни сақлаб туришда бизга қалқон саналган МХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари  юрт тинчлиги учун камарбаста бўлиб, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Уларнинг янги уй жойлар билан таъминланиши эса мана шу масъулиятли ва шарафли вазифани бажаришларида уларга янада куч бағишлайди.

–  Мен   ҳарбий хизматчининг рафиқаси бўлганлигимдан фахрланаман, –дейди янги уй соҳибаларидан бири Ойгул Тўхтаева. – Турмуш ўртоғим лейтенант Зафар Тўхтаевнинг камтарона хизматларини эътиборга олиб, бизга замонавий уй берилганидан хурсанд бўлиб кетдик. Ҳарбийлар оиласи номидан бу эътибор учун Президентимизга чин дилдан миннатдорчилик билдирмоқчиман.

– Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Ислом Каримов томонидан ҳарбий соҳада ислоҳотлар ўтказилмоқда, – дейди Улуғбек Мўйдинов. – Айниқса, биз каби кичик сержантлар турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганидан жудаям хурсандмиз. Янги хонадонларга эга бўлдик, энди оиламиз ёнимизда, фарзандларимиз бағримизда. Биз бундан кейин ҳам юрт осойишталигини сақлашда, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашда бор куч, ғайратмизни аямаймиз. Ватанимизга хизмат қиламиз ва фарзандларимизни ҳам шу юртга муносиб қилиб тарбиялаймиз. 

– Сўнгги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига тобора кўпроқ эътибор қаратиляпти, – дейди ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи Дилдора Раҳматова қувончини яширмай. – Мактаб, болалар боғчасига фарзандларимизни жойлаш, ишга кириш масалаларида муаммо йўқ. Уйларимиз замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Ҳар бир аёл орзу қилганидек, ёруғ, иссиқ, шинам ва барча қулайликларга эга. Барча ҳарбийлар аёллари номидан Юртбошимизга катта раҳмат айтаман.

Ватан  остонадан бошланади. Чегара эса – Ватанимиз остонасидир. Эркинлигимиз қўрғони чегарани мустаҳкам қўриқлаётган довюрак инсонлар борлиги бизга ҳамиша таскин беради, кўнгилларга фахр бағишлайди. Биз уларга қараб мардлик, юртга садоқат тимсолини кўрамиз. Ана шундай фидойи йигитлар туфайли озод мамлакатда осойишта, хавф-хатарсиз ҳаёт кечираётганимизга шукрона келтирамиз.

Ўз ҳимоячиларини қадрлайдиган, уларга ғамхўрлик кўрсатадиган, тинч-тотувликда яшашни барча неъматлардан устувор қўядиган юртда эса доимо осойишталик ҳукм сураверади.

You must be logged in to post a comment Login