ФАРҒОНАДА ПРЕЗИДЕНТ АРЧАСИ ТАНТАНАЛАРИ

президент арчаси

Болажон нигоҳида акс этган табассум, қувонч, бахтиёрлик  нишоналари юртимиз тинчлиги ва ободлигидан, халқнинг фаровон турмушидан далолат беради.

Янги йил арафасида мамлакатимизнинг барча жойларида  катта хурсандчиликлар, беқиёс шоду ҳуррамликлар билан ўтказилган “Президент арчаси” тадбирлари давомида ҳам  эртамиз эгалари бўлган жажжи ўғил-қизларимизнинг қалбида  ана шундай бир олам завқу шавқ ҳукмрон бўлди.

Фарғона шаҳри марказидаги муҳташам Санъат саройида болалар учун “Президент арчаси” Янги йил тадбири ташкил этилди. Унга вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан болажонлар, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари, хизмат вақтида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари таклиф этилди.

Эрта тонгдан ота-онаси, акаси, опаси ҳамроҳлигида байрамга ошиққан ҳар бир кичкинтой кўнглида ўзгача сурур бор. Буни уларнинг қувончга тўла юзу кўзларидан англаш мумкин. Болалар вилоятимизда қурилган мафтункор ва бетакрор иншоотларни ўзгача завқ ва ҳайрат билан томоша қилишди.  “Ватан”, “Янги йил” номли гўзал шеърлари орқали қалбдаги севинч туйғуларини ифода этишди.  Ахир, шундай кунда қувонмай бўладими? Улар орзиқиб кутган тантана ажиб савлат тўкиб турган Санъат кошонасида нишонланса.

Санъат саройининг биринчи қаватида безатилган арча атрофида турли эртак қаҳрамонлари болаларни кутиб олишди, қўлни-қўлга бериб, шўх қўшиқ ва шеърлар айтган байрам иштирокчиларининг қалби  чексиз севинч ва ҳаяжонга тўлди.   Саройнинг иккинчи қаватида эса болалар учун байрам дастурхони ёзилиб, унга тўйимли, мазали, витаминларга бой бўлган ноз- неъматлар тортилди.

“Президент арчаси” театрлаштирилган байрам томошаси Санъат саройининг тантаналар залида давом этди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев болажонларни шукуҳли байрам билан муборакбод этар экан, муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида озод ва обод Ватанимизда азиз дилбандларимиз, келажагимиз ворислари саналган ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг соғлом униб-ўсишлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишларни эътироф этди. Хусусан, фарзандларимиз учун яратилаётган  мислсиз имкониятлар, қулай шарт-шароитлар, замонавий билим ва спорт мажмуалари, санъат даргоҳларининг барча-барчаси ўғил-қизларнинг  ёрқин келажаги, эртанги тақдири, бахту саодатига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Янги йил тадбири вилоятимиздаги маданият уйлари қошида ташкил этилган ёшлар ансамбль иштирокчиларининг концерт дастурлари, вилоят қўғирчоқ театри жамоасининг қизиқарли эртак томошалари билан янада қизиқарли ва мазмунли ўтди. Айниқса, болалар учун тақдим этилган янги йил саргузашти эртак спектакли, Насриддин Афанди, Карабас-Барабас томошалари байрамга келган ҳар бир болажон қалбига юксак кўтаринкилик, байрамона кайфият улашди.

– Ҳар йили юртимизда ўтказиладиган “Президент арчаси” тадбири биз болаларга бир олам қувонч, қувноқ кайфият ҳадя этади, – дейди тадбирга Марғилон шаҳридаги 1-“Меҳрибонлик” уйидан ташриф буюрган Далер Сафаров. – Мамлакатимизда ҳеч бир бола меҳр ва эътиборда четда қолмайди. Жуда-жуда ҳурсандман, ўзим севган эртак қаҳрамонлари билан қўл ушлашиб қўшиқ ва шеърлар айтдим. Президентимиз томонидан тақдим этилган совғалар  биз болаларни ниҳоятда қувонтирди. Яна шундай тантанали тадбирлар, байрамлар кўпаяверсин. Унда қатнашадиган болаларнинг севинчини сўз билан изоҳлаб бўлмайди.

Дарҳақиқат, болалар кўнглидаги шодлик ҳар қандай кишига завқ улашади. Аслида мамлакатимизда ўтказилаётган барча тантана ва байрамлар оиламиз қувончи, жамиятимиз суянчи ва таянчи саналган болаларга аталгандир. Зеро, болажон халқимиз ўз ҳаётини, умр мазмунини қоракўз фарзандларисиз тасаввур этолмайди. Мазкур  байрам тадбирида ҳам ширинтой болакайлар турли-туман совғалар олиб, Янги йил гаштини суришди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Президент арчаси” Янги йил байрами тадбирлари Фарғона шаҳридаги Санъат саройида 10 январга қадар давом этиб, ўқувчиларнинг таътил кунларини янада мазмунли ва мароқли ўтказишларига хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login