НУРОНИЙЛАР ВА ЁШ АВЛОД УЧРАШУВИ

нуроний ва ёш авлод учрашуви

Янгиланаётган Фарғона тимсолида улуғворлик билан бирга гўзаллик, кўркамлик, муҳташамлик мужассам. Президентимиз ташаббуси билан бугун вилоят маркази ҳар жиҳатдан кенгайиб, дунёнинг замонавий шаҳарлари даражасига кўтарилаётгани барчамизни беҳад мамнун этади. Кўрганда кўнгил юксалиб, кишининг баҳри дили очиладиган, кўзлар қувониб, юракда фахр туйғусини уйғотадиган санъат саройига йиғилган нуронийлар ва ёшлар ана шу фикрни қайта-қайта эътироф этдилар.

Кексаларнинг босиб ўтган умр йўли, ҳаёт тажрибаси ёшлар учун ҳамиша ибрат мактабидир. Баркамол авлод камолидан эса дуогўйларимиз доимо қувонадилар. Муҳташам санъат кошонасида ўтказилган нуронийлар ва ёш авлод  учрашуви ёрқин таассуротлар билан катта-ю кичик қалбида узоқ сақланиб қолади.

Байрам тадбирини вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев очди. Вилоят раҳбари катта авлод вакиллари ва ёшларни Янги йил байрами билан самимий қутлади.

Ўғил-қизларимизнинг аъло ўқиши, спорт ва санъатда ўз истеъдодини тўла намоён этиши учун яратилган жаҳон андозалари даражасидаги шарт-шароитларга фарғоналик йигит‑қизлар ҳам муносиб жавоб бермоқдалар. Вилоятимизда мамлакат, Осиё, жаҳон чемпионлари, юксак мукофотларга сазовор бўлаётган ёшлар, нуфузли танловлар ғолиблари сафи тобора кенгайиб боряпти.

– Ўсмирлар олимпиадаси ғолиби Бектемир Мелиқўзиев, математика билимдонлари танлови кумуш медаль соҳиби Жасурбек Имомовлар Ўзбекистон, Фарғона номини бутун дунёга танитди. Сиз азиз кексалар ёшларимизнинг ана шундай ютуқларидан қувониш билан бирга, тинчликни асрашда, ўғил-қизларимизнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигидан фахрланиб яшашларида  ўгиту насиҳатларингизни аямайсизлар, –  дея таъкидлади вилоят раҳбари.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Т.Холдоров юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, тўкин-сочинлик, амалга оширилаётган улуғвор ишлар ўз-ўзидан бўлмаётгани, бунинг учун нафақат катта маблағ, балки доимий меҳнат, куч-қувват сарф этилаётганини кексаларимиз ёшларга уқтиришлари  зарурлиги ҳақида гапирди.

Тадбирда илм-фан, санъат, спортда фаоллик кўрсатаётган навқирон авлод вакиллари номидан Жасурбек Имомов, Бектемир Мелиқўзиевлар сўз олиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун дунёга исботлаб берганликларига сабаб Президентимиз раҳнамолигида юртимизда яратилган шароит ва имкониятлар эканлигини мамнуният билан эътироф этдилар.

Ўтказилган учрашувда ана шундай юксак марраларни забт этган, турли мукофотларга сазовор бўлган ёшлар, нуронийлар, барча соҳа вакилларининг илғорлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Икки авлод учрашуви концерт дастурига уланиб кетди. “Ином” гуруҳи карнай-сурнай садолари билан бошлаб берди. Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов, хонадалар Абдужалил ва Иззатбек Қўқоновлар, Баҳодир Мамажонов, Хуршид Расулов, Хумора Шокирова, Икром Абдуллаев, Шерали Раҳмонов, Муқаддас Жўраева, Сайёра Нортожиева, “Қўқон ёр-ёри” ансамбли, Фарғона санъат коллежи ўқувчиларининг чиқишлари байрам тадбирига ўзагача шукуҳ, кўтаринки кайфият бағишлади.

– Икки авлод вакилларининг учрашуви орқали ёшлар кексаларни янада қадрлашга ўргансалар, фахрийларимиз ўғил-қизлар камолидан, эришаётган ютуқларидан қувониб, ёшарадилар. Бу тадбирнинг мана шундай замонавий ва муҳташам, янги санъат кошонасида ўтказилишида ҳам маъно бор. Катта авлод вакиллари мустақиллик, тинчлик улуғ неъматлиги, улар сабаб юртда санъат саройи каби бетакрор бинолар қурилиб, оламшумул ўзгаришлар бўлаётганини айтдилар, – дейди тадбир иштирокчиси Азамат Жумабоев.

Нуронийларимиз сув спорти мажмуаси билан ҳам танишдилар. Бу ерда уларни Олимпиада, жаҳон, Осиё ва мамлакат чемпионлари гулдурос қарсаклар билан қарши олдилар.

Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев мамлакатимизда спортга бўлган юксак эътибор, бунинг натижаси ўлароқ кундан кунга сафи кенгайиб бораётган ёш чемпионларимиз тўғрисида гапирди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси А.Йўлбарсов маҳаллаларда қурилаётган футбол майдончалари спортсевар ёшларимизга хизмат қилаётганини айтиб ўтди.

Спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун вилоят раҳбари халқаро таэквандо федерациясининг фахрий аъзолигига қабул қилиниб, унга кўкрак нишони ва вилоят таэквандо федерациясининг ташаккурномаси тантанали топширилди.  

Ёш авлод вакиллари эса отахону онахонлар олдида бундан кейин ҳам юксак марраларни забт этиб, жаҳон ареналарида мамлакатимиз байроғи янада баланд ҳилпираши учун астойдил ҳаракат қилишга сўз бердилар.

Бугун Фарғонага келган ҳар қандай инсон бетимсол улуғворликдан кўнгли яйраб, ҳур ва озод, тинч ва фаровон ҳаёт учун шукрона айтади. Ҳар ёнда гўзаллик, кўркамлик, покизалик, шукуҳли ва сурурли манзаралар руҳий хотиржамликни таъминлайди. 270 нафардан зиёд нуронийлар кичик халқа йўли бўйлаб Фарғона шаҳридаги бунёдкорликлар билан танишдилар.

 “Давр саройи” мажмуасида кексаларимиз учун байрам дастурхони ёзилди, қўшиқ-куйлар янгради, уларга эсдалик совғалари тарқатилди.

 – Нуронийлар ва ёшлар учрашувига таклиф этилганимдан жуда қувондим, – дейди бағдодлик меҳнат фахрийси Ўлмасхон ая Орипова. –Телевизорда санъат саройини кўриб юз қувонган бўлсак, ўз кўзимиз билан чиройли бу бинони томоша қилиб, минг қувондик. Иқтидорли ёшларимиз билан учрашиб, концерт кўриб кўнглимиз тоғдек юксалди. Фурсатдан фойдаланиб, Кексаларни эъзозлаш йили билан вилоятимиз аҳлини, барча кексаларимизни чин дилдан табриклайман. Юртимиз тинч,  дастурхонларимиз баракали, фарзандларимиз омон бўлсин!

– Истеъдодли ўқувчилар, фан олимпиадалари ва турли танловлар ғолиблари, “Камолот” фаоллари, Ўзбекистон, Осиё, жаҳон чемпионлари ва ташаббускор ёшларни кўриб, ўзимиз ҳам ёшаргандек бўлдик, – дейди миндонлик фахрий ўқитувчи Алимуҳаммад Мадаминов. –  Санъат саройи, сув спорти мажмуаси жаҳон андозалари даражасида қурилганлигига гувоҳ бўлдик. Кичик ҳалқа йўли бўйлаб автобусларда Фарғонани ҳузур қилиб айландик. Вилоятимиз марказидаги ўзгаришлар бизга қувонч, ғурур бағишлади. Буларнинг барчаси учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдирамиз. Биз кексалар ёшларимизни шу юртга муносиб фарзанд бўлиб тарбия топишларида насиҳатларимиз, дуоларимизни аямаймиз!                

Шак-шубҳасиз, меҳр, эътибор, рағбат бор жойда эзгулик ва яхшилик камол топади, файзу барака, фаровон ҳаёт ҳукм суради. Нуронийлар дуоси билан бошланаётган 2015 йил вилоятимиз ҳаётида ютуқларга бой йил сифатида тарих зарварақларидан жой олишига ишонамиз.

You must be logged in to post a comment Login