Амнистия акти билан озод этилган 227 нафар фуқарога биометрик паспорт олиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди

123

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан Амнистия тўғрисида”ги қарори кўплаб юртдошларимизга қувонч ҳадя этди.

Ана шу ҳужжатга мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларидан кўплаб маҳкумлар муддатидан олдин озод қилиндилар. Яна кўплаб маҳкумларнинг жазо муддатлари қисқартирилди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида  вилоятимизда ишлаб чиқилган махсус дастур асосида суд, прокуратура, ички ишлар идоралари    ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат  комиссия аъзолари томонидан аҳоли ўртасида жиноий жавобгарликка тортилганларга қўлланилаётган амнистия акти мазмун-моҳияти тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

Амнистия тўғрисидаги Қарорни қўллаш ҳамда жазодан озод этилган шахсларни ижтимоий кўникмаси ва ҳимоясини таъминловчи марказлаштирилган бошқарув тизимини ташкил этиш, хизматлар орасида ахборот алмашувини йўлга қўйиш мақсадида вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси ва шаҳар-туманлар ИИБларида  ишчи гуруҳлари тузилган.

Жазони ижро этиш жойларидан озод бўлган шахсларнинг яшаш учун танлаган жойларига етиб келишларини назорат қилиш ҳамда уларга ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатиш масалаларини олдиндан ҳал этиш борасидаги ишлар маҳаллий хокимликлар, Соғлиқни сақлаш, ўз-ўзини бошқариш идоралари, Ижтимоий кўникма марказлари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Шу кунга кадар жазони ижро этиш муассасаларидан жами 227 нафар маҳкумлар озод этилган бўлиб, яшаш манзилларига етиб келишган ва профилактик ҳисобга олинган.

Профилактик ҳисобга олинган шахслар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида, уларнинг оиласидаги муҳит атрофлича ўрганиб чиқилиб, барчасига маҳаллалардаги обрўли фуқаролар ва  тадбиркорлардан мураббийлар бириктирилган.

Амнистия акти билан озод этилиб, рўйхатга олинган 227 нафар фуқароларнинг деярли ҳаммасига Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорти олиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ҳозирги кунгача амнистия қарорига асосан жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 100 дан зиёд фуқароларнинг ҳар бирига ижтимоий кўникма марказлари томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг 6 баробари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг 110  нафарга яқини  тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек,  40 нафардан ортиғи ишга жойлаштирилди.

Қарорга асосан озод этилган барча шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, ишга жойлаштириш масалаларини қисқа муддатларда хал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Бугунги кунда Амнистия қарорини татбиқ этиш борасида прокуратура ва суд идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар давом этмоқда.

Қарорга мувофиқ жазодан озод бўлиб келган шахсларни ўз вақтида ИИБ профилактик ҳисобига олиш, уларга ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатиш масалаларини тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги «Ижтимоий кўникма марказлари», тиббиёт бўлимлари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлимлари вакиллари вилоят ИИБ ҲООБ ва шаҳар-туман ИИБлари қошида тузилган ишчи гуруҳларга бириктирилиб, уларнинг ҳамкорликдаги фаолияти йўлга қўйилган.

Жумладан, Марғилон шаҳар ИИБ ҲООБ томонидан  амнистия қарорига мувофиқ  озод бўлиб келган 20 нафар маҳкум рўйхатга олинган. Ҳозирги кунда уларнинг барчасига биометрик паспорт расмийлаштирилган, моддий ёрдам кўрсатиш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва иш билан таъминлаш ишлари жадаллик билан давом эттириляпти.

– Шу йилнинг ўрталарида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан судланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум этилгандим, — дейди Марғилон шаҳрида яшовчи Муҳриддин Зуҳриддинов. – Жазонинг 6 ойини ўтадим. Олий Мажлис Сенатининг Амнистия тўғрисидаги қарорига асосан  муддатидан 2,5 йил олдин озодликка чиқдим. Бунинг учун Президентимизга раҳматлар айтаман. Мен бир нарсадан қўрқардим — озодликка чиққанимдан кейин эл-юрт менга қандай муносабатда бўларкин, мени ёлғизлатиб, ажратиб қўйишса керак, деб ўйлардим. Йўқ, янглишган эканман.  Озодлик чиқиб, уйга келган куним маҳалла фуқаролар йиғинига, профилактика инспекторимизга учрадим. Уларнинг берган тавсиялари билан шаҳар ИИБ га бориб рўйхатдан ўтдим. Менга тиббий кўрикдан ўтиш учун, моддий ёрдам олиш учун йўлланма беришиб, биометрик паспорт расмийлаштиришимга  яқиндан ёрдам кўрсатишди.  Эртасигаёқ кўникма марказидан энг кам ойлик иш ҳақининг 6 баробари миқдорида моддий ёрдам беришди. Профилактика инспектори, маҳалладагилар, меҳнат, бандлик хизматидагилар иш билан таъминланишимга ҳам ёрдам беришяпти.  Менга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибордан бошим осмонга етди.  Бунга жавобан ҳалол меҳнат қилиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшишга ваъда бераман.

Марғилон шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан 18 нафар шахсга нисбатан амнистия қарорини қўллаш бўйича  тақдимномалар киритилган. Уларнинг  2 нафари вояга етмаган, 6 нафар аёл, 9 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахслардир.

Қарор ижросини таъминлаш борасида Тошлоқ туманида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Куни кеча туман ички ишлар бўлимида вилоят ИИБ ҲООБ раҳбарияти, қарор ижросини таъминлашга масъул бўлган идоралар  вакиллари ҳамда амнистия қарори билан озодликка чиқарилган маҳкумлар иштирокида учрашув ўтказилди. Учрашувда бу борада олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб,  мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

– 2013 йилда суд томонидан 3 йилга озодликда маҳрум қилингандим, дейди Тошлоқ шаҳарчасида яшовчи Акбархон Сайдаматов. – Жазо муддатимнинг тенг ярми амнистия қарори туфайли кечирилиб,  озодликка чиқдим.  Яшаш жойимга қайтиб келганимдан кейин туман ИИБ, меҳнат, бандлик хизмати ёрдами билан аввалги иш жойимга қайта ишга жойлашдим. Тошлоқ пахта тозалаш заводида ишлаяпман.  Бундан ташқари тиббий кўрикдан ўтишимда, паспорт расмийлаштиришда ва моддий ёрдам олишимда ҳам менга ёрдам кўрсатишди. Менга кўрсатилаётган эътибор учун Президентимиздан, қолаверса, тумандаги барча давлат ва жамоат идораларидан миннатдорман. 

Айни пайтда юксак инсонпарварлик тамойилига асосланган мазкур ҳужжат моҳиятини кенг жамоатчилик ўртасида қизғин тарғиб қиляпмиз, — дейди вилоят  ИИБ ҲООБ бошлиғининг ўринбосари, майор Икромжон Холматов. – Мақсадимиз Юртбошимиз ташаббуси билан халқимиз хоҳиш-иродасига ҳамоҳанг равишда гуноҳлари кечирилган юртдошларимизга биргаликда меҳр-оқибат кўрсатиб, уларни ёлғизлик исканжасидан фориғ этиш ва айнан шу йўл билан соғлом турмуш тарзига жалб этишдан иборатдир.

Жазодан озод этилганлар бир пайтлар билиб-билмай қонунбузарликка қўл урган бўлсалар-да, энди улар асло жиноятчи эмас. Чунки улар Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан авф этилдилар. Олий Мажлис Сенатининг Амнистия тўғрисидаги қарори эса бағри кенг ва кечиримли халқимиз хоҳиш-иродасининг ёрқин ифодасидир.

You must be logged in to post a comment Login