ВАТАН УЛАРНИ КЕЧИРДИ…

DSC05381

– Мен бугун биринчи марта  юрт олдида қарздор эканлигимни чин юракдан ҳис этяпман. Чунки мени афв этиб, яна ўз бағрига олиб, эл қаторига қўшган ватанимга қанча яхшилик қилсам, шунча оз.  Амнистия туфайли муддатидан илгари жазодан озод этилиб, оилам бағрига қайтдим. Меҳнат жамоасида ўз ўрнимни ҳам топдим.  Бундан буён, умримнинг охиригача соғлом ҳаёт кечиришга, халқимиз ишончини оқлашга ваъда бераман.

Бундай изҳорларни бугунги кунда озодликка чиқиб, эътибор ва рағбатдан руҳланган кишилар қайта-қайта такрорламоқдалар. Бу эътироф ватанимизда инсоннинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилганини ифода этади. Халқимизнинг кечиримлилиги, олижаноб қадриятларга садоқати, эзгуликка йўғрилган фазилатларини бор бўй-басти билан кўрсатади.

Халқимиз ким бўлишидан қатъий назар инсонга ҳамиша эзгу-ният билан қарайди. Қамоқ жазосидан қайтган кишини  дарров маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар  йўқлаб киради. Кўнгил сўрайди, қўллаб-қувватлайди. Мана шу эътиборнинг замирида жуда катта қадрият мужассам.

Ҳа, азал-азалдан халқимиз жазолангандан сўнг пушаймон бўлган кишиларни  кечирган.  Бу тамойил Истиқлол йилларида юқори даражада шаклланди. Жиноят қонунчилигида ярашув институтига асос солинди. Жазодан озод этилган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизими яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекисон Республикаси Конституцияси қабул  қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” ги қарори том маънода бағрикенглик, инсонпарварлик, кечиримлилик, олижанобликнинг амалдаги ифодаси бўлди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимининг шу йил 25 ноябрида 285-сонли қарори қабул қилинди.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг мазмун-моҳияти шундан далолат берадики,  жазодан озод қилинган шахсларни ижтимоий ҳаётга кўниктириш, ишга жойлаштириш, улар билан мунтазам равишда соғломлаштириш, тушинтириш ишларини олиб бориш, маънавий жиҳатдан қўллаб- қувватлаш тадбирларини ташкил этиш, тиббий кўрикдан ўтишларини таъминлаш, айниқса вояга етмаганларининг оилавий аҳволини ўрганиш каби бир қатор  вазифалар мутасадди ташкилотлар зиммасига юклатилган.

– Бир сўз билан айтганда афв этилган инсонлар энди жиноятчи эмас, — дейди вилоят ижтимоий кўникма маркази бош мутахассисис Шавкатжон Ҳасанов. – Марказимиз аъзолари  жазодан озод этилган шахсларни ҳар бирига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаркан, ана шу тамойилни ҳам уларга тушинтириб боради. 2014 йилнинг январь ойида 367 нафар озодликка чиқарилган фуқаролар марказимиз томонидан ташкил этилган тиббий – кўрикдан ўтказилди. Уларга 205 млн. сщмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. 309 нафари вилоятимиздаги ташкилот, корхона, муассасаларга ишга жойлаштирилди. Якка-ёлғизлари “Саховат” уйларида қўним топдилар.

Вилоятимиз ҳокимининг қарорига мувофиқ жазодан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни амалда рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали тарзда ҳал этиш бўйича вилоят ҳудудий комиссияси таркиби тасдиқланди, чора-тадбирлар режаси белгиланди. Марказнинг шаҳар, туманларда фаолият кўрстаётган мутахассисларига режа-топшириқлар етказилди. Бу борада ўз дастурларимизни ишлаб чиқдик.  Қарор ижросини таъминлашда “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлимлари, вилоят халқ таълими бошқармаси, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорлигимиз албатта яхши натижа беради.

Кечиримлилик анъаналарига садоқатли халқнинг яхшиликлари ҳам зиёда бўлади. Бир инсоннинг ҳаётини изга солиши, нурли ҳаётга йўллаш, оиласига қувонч бахш этишнинг ўзи юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонликнинг бир кўринишидир. Зотан тинчлик барқарор бўлган ватанда инсон қадри улуғланиб, шаъни юксалаверади.

You must be logged in to post a comment Login