ҚАЛБДА ЧЕЧАК ОТАР ОРЗУЛАР

Жонажон Ватанимизда теран ақл-идрокли,  қобилиятли фарзандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада барча қулай шарт-шароитлар яратиш борасида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда.

Марғилон шаҳрининг Тошкесар маҳалласида яшовчи Абдубанноб Абдураҳимов ҳам  ана шу юксак имкониятлардан  самарали  фойдаланиб, бугунги кунда мусиқа санъати йўналишида сезиларли натижаларни қўлга кирита олган умидли ёшлардан биридир. У ҳозирда Фарғона шаҳридаги Санъат коллежида анъанавий чолғулар йўналиши бўйича таҳсил олиб келмоқда.

Дутор мусиқа асбобидан тараладиган сеҳрли оҳанглар Абдубаннобни болалик чоғлариданоқ ўзига мафтун айлагани рост. Чунки, унинг отаси Аҳмаджон Абдураҳимов ҳам санъаткор. У санъат йўналишида самарали фаолият кўрсатиб, Фарғона Санъат коллежида узоқ йиллар ёшларга миллий чолғулар йўналишида сабоқ бериб келган.

 – Болалик чоғларимда уйимиздан асло меҳмон узилмасди, – дейди суҳбатдошимиз. – Санъатни севадиган, айниқса, миллий чолғуларимизни маромига етказиб чаладиган, ўз куйлари орқали дилларни сел қиладиган санъат усталари, санъат шинавандалари, ҳофизлар, отамнинг бошқа яқин ҳамкасблари хонадонимизга тез-тез ташриф буюриб туришарди. Ўша дамларда созлар сеҳридан таралган наволар  санъатга, мусиқага бўлган қизиқишимни, меҳр-муҳаббатимни янада оширган. Шунингдек, отам, акаларим  кўмагида дутор куйи сабоқларидан олган билимларим, кун келиб ўзининг кутилган натижаларини кўрсатди.

А.Абдураҳимов ўқиш ва машғулотлар жараёнида коллеждаги устозлари  кўмагида қатор мусиқий санъат асарларини ўрганди. Жумладан, “Роҳат”, “Сейгоҳ”, “Насруллойи”, “Сараҳбори ироқ”, “Тановар”, “Чўли ироқ”, “Наврўзи ажам” каби миллий мусиқаларимиз сир-асрорини юксак қунт ва ўзгача қизиқиш билан ўзлаштирди. Абдубаннобнинг санъат йўлидаги астойдил саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди.

2014 йилда икки нуфузли танловда муваффақиятли иштирок этди. Яъни “Созлар навоси” ёш мусиқачилар республика кўрик-танловида вилоят ва республика босқичларида биринчи ўринга мушарраф бўлди. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ниҳол” мукофоти танловининг жорий йилги вилоят босқичида фаол иштирок этиб, унда ҳам биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳозирда у яна янги куйларни яратиш завқи билан ижод қилмоқда.

You must be logged in to post a comment Login