АМНИСТИЯ АКТИ ҚЎЛЛАНИЛДИ

Азалдан халқимиз хато қилган, жиноят кўчасига кириб қолган кишини кечириб, тўғри йўлга бошлаган. Ёки хатоларини тўғрилаш учун фурсат, имконият яратган. Шу жиҳатдан қаралганда юртимизда амнистия актининг қўлланилиши халқимизнинг олижаноб фазилатларидан келиб чиққан, қадриятларимизни ўзида мужассамлаштирган муҳим воқеадир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” ги қарори моҳиятан инсон ҳаётига, унинг онгли фаолиятига бўлган ишонч ва эътибор намунасидир. Унинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан қабул қилинган ҳуқуқий дастурдир. Амнистия туфайли оилаларда тинчлик-тотувлик ўрнатилганлиги, меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланганлиги,  яна бир инсонга ҳаётдан завқ олиб яшаш саодатини насиб этганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Одилжон Қурбоновга нисбатан амнистия актининг қўлланилганлиги унинг оиласига қувонч олиб кирди. У муқаддам судланмаган эди. Бироқ, у билиб-билмай жиноят кўчасига қадам қўйди.  2014 йилнинг апрель-июль ойлари давомида Моҳира исмли аёл билан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар билан тилла буюмларни Бешариқ тумани Андархон қишлоғидан Тожикистон Республикасига чегарадош ҳудудга олиб бориб беркитади.

Шу йилнинг 25 июль куни чегарачилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда 3-Андархон пости орқали Тожикистонга пиёда ўтаётган М.Абдурашидова тўхтатилади. Унинг юклари текширилганда Одилжон Қурбонов томонидан олиб келинган  тожикистонлик “Дилором” исмли аёлга тегишли бўлган 71 жуфт сирға ва 18 дона узук борлиги аниқланади.

Суд-физик кимёвий экспертизаси хулосасига кўра  мазкур тилла тақинчоқлар  қўлбола усулида тайёрланганлиги аниқланган.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг техник экспертиза хулосасига асосан ушбу заргарлик буюмларига собиқ Иттифоқ даври олтинининг 585 рақамли қалбаки тамғалари босилганлиги аниқлангани кўрсатилган.

Шундай қилиб, О. Қурбонов юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖК 228¹ – моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида  кўрсатилган жиноятни содир этган.

Қўлимиздаги  жиноят ишини амнистия қарорига асосан ҳаракатдан тугатиш ҳақидаги ажрим баёнида О.Қурбоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 14.11.2014 йил кунги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 2-банди ва 5-бандига асосан жиноят ишини тугатиш сўралган. Чунки ушбу қарорнинг  2-бандида “Эҳтиётсизлик  орқасидан жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан олиб борилаётган жиноят ишлари тугатилсин” ва  5-бандида “Ушбу қарорнинг 1ва 2 бандларида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилсин” деб кўрсатилган.

Юқоридагиларга кўра ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖПК 84-моддаси 1-қисмининг 2-банди ва 423-моддаларига асосан О.Қурбоновга нисбатан амнистия акти қўлланилди.

You must be logged in to post a comment Login