ИСЛОҲОТЛАР – ФАРОВОНЛИККА ЭЛТАДИ

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида босқичма-босқич ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Мамлакат парламенти Ер кодекси, «Фермер хўжалиги тўғрисида», «Деҳқон хўжалиги тўғрисида» қонунларни, ҳукумат эса бир қатор қонуности ҳужжатларни қабул қилди. Юқоридаги ҳуқуқий асосларга таяниб ер фойдаланиш учун деҳқон ва фермерларга берилди.

Ривожланган, иқтисодий барқарор деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрофирмалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш тармоқлари яратилди. Энди ер ҳақиқий эгасини топди ва ундан фойдаланиш самарадорлиги юксалди. Биргина 2013 йилда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маъсулотининг умумий ҳажми 30,8 триллион сўмликни ташкил этган. Бу эса 2012 йилга нисбатан 6,8 фоиз кўп.

Маълумки, мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 2001 йилда 2013 йилга қадар ўртача йиллик ўсиши 7,2 фоизни ташкил этса, қишлоқ хўжалигидаги   ўртача йиллик ўсиши 6,3 фоизга тенг.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш таркиби ўрганилганда унинг умумий ҳажмининг 64 фоизи деҳқон хўжаликлари ҳисобига тўғри келиши аниқланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, деҳқон хўжаликларининг умумқишлоқхўжалигидаги улуши 2005 йилдан буён мунтазам равишда 62-64 фоизни ташкил этиб келмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи иккинчи йирик тармоқ – фермер хўжаликларидир. Улар ҳиссасига 2013 йилда ишлаб чиқарилган жами қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 34 фоизи тўғри келади.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, деҳқон хўжаликлари мамлакат иқтисодиёти, халқ фаровонлиги юксалишида муҳим ўрин тутади. Хўш, деҳқон хўжалигининг шакл-шамойили қандай ўзи?

У юридик мақом олиб ёки олмай оила аъзолари меҳнати эвазига оила бошлиғига кейинчалик мерос ҳуқуқи билан умрбод фойдаланишга берилган томорқа-ер участкасида қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштирувчи ва сотувчи майда хўжаликдир. Аммо деҳқон хўжалигида етиштирилаётган, истеъмол бозорига етказиб берилаётган маҳсулот ҳажми умумқишлоқ хўжалигининг деярли учдан икки қисмига тенглиги, айниқса, чорвачилик маҳсулотларининг 92,1 фоизи айнан улар томонидан ишлаб чиқарилаётгани бу тармоқ Ўзбекистон агросаноатида ҳамон етакчи эканидан далолатдир. Шундай бўлса-да ҳали деҳқон хўжалиги имкониятларини тўлиқ ишга солиняпти, деб бўлмайди. Ҳали деҳқон хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда кичик, самарадор, замонавий технологик ускуналардан кенг ва унумли фойдаланилишни кўпайтириши зарур.

Таҳлиллар шундан далолат берадики, фермер хўжаликлари қўлга киритган натижалар бундан ҳам юксакроқ бўлиши мумкин. Ислоҳотларнинг муҳим жиҳати, Юртбошимиз таъкидлаганидек, фермернинг моддий манфаатлари ошишида, демакки, қишлоқ аҳлининг турмуш тарзи янада яхшиланишидадир.

You must be logged in to post a comment Login