ФАРҒОНАДА ВАТАНПАРВАРЛАР ТАЙЁРЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари учун ҳарбий техник мутахассисларни тайёрлаш ишлари Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши тизимидаги Фарғона бирлашган техника, Қўқон ва Ёзёвон автомобил мактабларида амалга оширилади. Шунингдек, барча шаҳар ва туманларда халқ хўжалигига оммавий касб ходимларини тайёрловчи ўқув спорт техника клублари фаолият олиб боради.

Вилоят техник ва амалий спорт турлари марказида олиб борилаётган фаолият тўғрисида марказнинг ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи ва ташкилий–оммавий ишлар бўйича директор ўринбосари Тимур Умаров билан суҳбатлашдик. 

Марказ асосан, қандай мақсадларда фаолият олиб боради?

– Республикамиз Қуролли кучлари мудоффаа қудратини мустаҳкамлаш мақсадида фуқароларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлайди. Хусусан, Қуролли кучлар учун ҳарбий техника мутахассислари, халқ хўжалиги учун оммавий касб ходимларини тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш, турли ҳарбий ватанпарварлик тадбирларини ўтказиш, чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассисликларга тайёрлаш бўйича таълим жараёнини йўлга қўяди. Шунингдек, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлайди.

– Ташкилотга қандай ёшлар аъзо қилинади? Унда ёшларнинг қизиқишлари  ҳисобга олинадими? Улар учун яратилган шароитлар тўғрисида ҳам сўзлаб берсангиз?

– 7- 8 ёшдан бошлаб ўқувчи ёшлар ўзлари истаган спорт тўгаракларига келишлари мумкин. Ёшлар, асосан. 18 ёшдан бошлаб ихтиёрий равишда “Ватанпарвар” ташкилотига аъзо  бўладилар.

Ҳозирда бизда спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш мақсадида ёшларнинг қизиқувига қараб бир қатор секциялар ва тўгараклар ташкил этилган. Ҳаво милтиғидан ўқ отиш, триатлон, ёзги биатлон, дуатлон; моделсозлик (авиамодел, ракетамодел, кемамодел ва автомодел), картинг, ҳарбий амалий кўпкураш ва радиоспорт турлари шулар жумласидандир.

 Ёшлар ва фуқароларнинг марказга ўқиш, ишдан бўш вақтларида қатнашишлари учун шароитлар яратилган. Ўқ отиш учун мўлжалланган тир, спортнинг дуатлон, триатлон турлари учун спорт велосипедлари ва бошқа анжомлар мавжуд. Ҳозирда ёзги биатлон учун янги  стадион қуришни режалаштиряпмиз. Бу қурилиш 2015 йилга мўлжалланган. Шунингдек, Ёзёвон туманида ҳам спортнинг картинг тури учун картадром қурилиши кетяпти. Бу қурилиш ҳам 2015 йилда тугатилиши кўзда тутилмоқда.

Ёшлар орасида спорт турлари бўйича алоҳида кўрсатгичларга эришаётганлари ҳам борми?

– Марказимизда спортнинг техник ва амалий турлари бўйича спорт мусобақалари, кўргазмалар, танловлар ҳамда бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашишини ташкил этиш ҳам яхши йўлга қўйилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида ўтказилган очиқ Осиё чемпионатида спортнинг ёзги биатлон тури бўйича Марина Хмелевская 1-ўринни қўлга киритган бўлса, ёш спортчиларимиздан Марина Меркулова ва Зарангиз Аминжонова ўқ отиш спорти бўйича мамлакатда ўтказилаётган барча мусобақаларда мунтазам равишда ғолибликка эришмоқдалар. Шунингдек, авиамодел спорти бўйича ўтган мусобақаларда Алишер Мирзаев жаҳон чемпиони даражасига кўтарилди. Ўзбекистон чемпионати ва биринчилиги учун Фарғонада ўтган мусобақада эса Юрий Киселёв ва Нодир Абдуллаевлар биринчи ўринга, Валерий Варданян ва Михаил Суконкинлар 2-ўринга сазовор бўлдилар. Бу каби кўрсаткичларни кўплаб келтиришимиз мумкин.          

Юрт мудофааси учун ватанпарвар ёшларни етиштириб бериш бизлар учун ҳам фахр ҳисобланади. Шу соҳада ишлаётганимиздан мамнунмиз.  

– Раҳмат. Ватанпарвар ёшлар сафи янада кўпаяверсин!

You must be logged in to post a comment Login