КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК УЛУШИ 2 БАРОБАРГА ОШДИ

Бугунги кунга келиб юртимизда ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши кўпайиб, унинг мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришдаги роли сезиларли даражада ошмоқда. Мисол тариқасида, агар 2000 йилда ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 31 фоизи иқтисодиётнинг фаол ривожланиб бораётган ушбу сектори улушига тўғри келган бўлса, 2014 йилда мазкур кўрсаткич 2 баробарга ошган. Бу, ўз навбатида, солиқ юкини пасайтиришга қаратилган ва изчил амалга оширилаётган сиёсат билан боғлиқ. Зеро, “ўзбек модели”нинг тамойиллари асосида мамлакатимизни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилиш бўйича ҳар томонлама ва чуқур ўйланган тадрижий тараққиёт дастурининг ҳаётга изчил татбиқ қилиниши мазкур соҳа ривожида долзарб аҳамият касб этаётганлиги, шубҳасиз.

Юртбошимиз ташаббуслари билан мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу масаланинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бежиз эмас. Бинобарин, кичик тадбиркорликнинг ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж товарлари билан тўлдиришни таъминлашдаги ролини, бозор конъюнктурасининг ўзгаришига тез мослашувчанлигини, янги иш жойларини яратишдаги аҳамиятини, шунингдек, унинг фан-техника ютуқларини тез ўзлаштиришини ҳисобга олган ҳолда, мулкчиликнинг турли шаклларидаги кичик корхоналарга бутун чоралар билан ёрдам кўрсатиш зарурлиги талаб этилмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш нафақат давлат ва жамият тараққиётида, балки ҳар бир инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамиятга эга, яъни хизмат кўрсатиш, чакана савдо, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби соҳаларда ушбу фаолият яққол намоён бўлади.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилган муҳим йўналишлар ва устувор вазифаларни амалга оширишдан асосий мақсад — юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини яратиб беришдан иборатдир.

You must be logged in to post a comment Login