КЕКСАЛАРГА ЮКСАК ЭЪТИБОР

7

Президентимизнинг 2015 йилни Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилиши бутун республикамиз, жумладан, вилоятимиз аҳлини, айниқса, кекса меҳнат фахрийларини жуда-жуда қувонтирди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёши улуғларга бўлаётган эътибор чексиздир.

Мустақиллик йилларида фуқароларимиз амалга оширилган барча бунёдкорлик ишлари қаторида буюк аждодларимизни таниб, кимларнинг авлодлари эканимизни теран англаб етишди. Бугун нуронийларимиз ўзлигини таниган, бутун дунё тан олган келажаги буюк давлатнинг кексалари эканликларидан фахрланишмоқда.

Фарғонамиз янгидан бунёд этилди. Ҳозир вилоятимизга келганлар 2 йил давомида амалга оширилган бунёдкорликларни кўриб, ҳайратланади. Барпо этилган Санъат саройи, 20 минг ўринли футбол ўйингоҳи, ёпиқ сув ҳавзалари, спорт мажмуалари, шунингдек, кичик ҳалқа йўли келажак авлодларимизга ҳам хизмат қиладиган иншоотлар эканлигини таъкидлашимиз лозим.

Президентимизнинг жорий йил 13 октябрида қабул қилинган Фармонига биноан иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларининг саломатликларини мустаҳкамлашлари учун республикамизнинг барча санаторийларида истаган вақтида бир йилда бир маротаба имтиёзли бепул дам олишга яратилган имконият ҳам  кексаларга эъзознинг бир намунасидир.

Фарғона тумани сўлим Водил қишлоғидаги вилоят уруш ва меҳнат фахрийлари шифохонаси 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, уруш ва меҳнат фахрийлари, фронт ортида меҳнат қилганлар, байналмилал жангчилар, Чернобил ҳалокати иштирокчилари, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларнинг даволаниб, ўз саломатликларини тиклашлари учун керакли бўлган барча шароитлар яратиб берилган. Сўлим табиат қўйнида даволанаётганлар малакали  шифокорлар хизмати, кўрсатилаётган амалий ёрдамлардан миннатдор бўлишмоқда.

– Шифохонага тез-тез келиб, соғлиғимни тиклаб қайтаман, – дейди фронт ортида меҳнат қилган Неъмат ота Мадаминов. – Саксон уч ёшга кирдим, бу ердаги малакали шифокор ва ҳамширалар хизматидан мамнунман.

2015 йилининг Кексаларни эъзозлаш йили деб аталиши нуронийларимизни қувонтириш билан бирга ёшларни тарбиялашда, айниқса мустақиллик йилларида қўлга киритилган ҳар бир ютуққа Президентимиз томонидан юритилаётган доно сиёсат ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига эришилаётганини, ёшлар қалбига сингдириш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида барчалари елкадош бўлиб, меҳнат қилишлари шубҳасиз!

You must be logged in to post a comment Login