ФАРҒОНА ТАЖРИБАСИ РЕСПУБЛИКАДА ОММАЛИШТИРИЛАДИ

Фарғона шаҳрида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи шароит яратиш мавзусига бағишланган идоралараро семинар  бўлиб ўтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили бутун дунёда тахминан 57 миллион инсон вафот этади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики,  уларнинг  63 фоизи юқумсиз касалликлар билан оғриган беморлар саналади. Асосий юқумсиз касалликларга  қандли диабет,юрак қон томир, онгологик ва ўпканинг сурункали респиратор касалликлари киради. Бугунги кунда Ўзбекистонда бошқа ривожланган мамлкатлардаги каби касалланиш ва барвақт ўлимнинг асосий юкини ҳам юқумсиз хасталиклар ташкил қилмоқда. Тамаки ва алкоголни истеъмол қилиш, жисмоний фаолликнинг етарли эмаслиги, нотўғри овқатланиш  юқумсиз касалликлар келтириб чиқарувчи асосий хавф омилларидир.

“Саломатлик-3” лойиҳаси координатори Шуҳрат Шукуров юртимизда юқумсиз хасталиклар профилактикаси ва назорати борасида олиб борилаётган тадбирлар хусусида гапириб ўтди.

Саломатликни мустаҳкамлаш бўйича халқаро консультант Евгений Железняков юқумсиз касалликларнинг ижтимоий-иқтисодий  оқибатлари ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашнинг самарали чора- тадбирлари бўйича халқаро тажрибани тақдим этди.

Шунингдек, семинар давомида республика Саломатлик ва тиббий статистика институти Фарғона филиали директори Муталибхон Акбаров вилоятимизда юқумсиз касалликлар бўйича вазият, бу хасталиклар профилактикаси ва назорати борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Икки йилга мўлжалланган уч босқичли дастурни амалга ошириш учун Марғилон шаҳри  ва Ёзёвон тумани поликлиникалари ва ҚВП ларнинг тиббиёт ходимлари юқумсиз касалликларининг профилактикаси ва унга чалинган беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш бўйича ўқитилади. Таълим муассасаларида, мактаб, коллеж ва лицейларда ўқувчи ва ўқитувчилар учун тўғри овқатланишни ташкил қилиш, жисмоний фаоллик ва тамакидан холи бўлган ҳудудларни барпо этиш дастурнинг иккинчи босқичидаги вазифалардан биридир.

Саломатликни мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликлар профилактикасини амалга ошириш бўйича лойиҳанинг ижобий тажрибалари республикамизнинг бошқа вилоятларида оммалаштирилади.

Семинар якунида Фарғона вилоятида юқумсиз касалликлар хавфли омилларини камайтириш имконини берувчи шарт-шароитларни яратиш бўйича идоралараро ҳамкорликнинг стратегик дастури ишлаб чиқилди.

You must be logged in to post a comment Login