Фарғона шаҳрида Марказий деҳқон бозори қад ростлади

IMG_3511

Фарғона шаҳрида яна бир улкан бунёдкорлик намунаси– Марказий деҳқон бозори қад ростлади. Замонавий дизайн, юксак меъморчилик андозалари уйғунлигида қуриб битказилган  янги бозор барча талабларга жавоб берган ҳолда тадбиркору, савдогарлар, фермерлар ва харидорларни ўз бағрига чорлади.

Марказий деҳқон бозорининг очилиш  катта тантанага айланиб кетди.         Эътироф этиш керакки, якунига етиб бораётган 2014 йил ҳам  Фарғона вилояти тарихи солномасига зархал харфлар билан битиладиган йил сифатда халқимизнинг ёдида қоладиган бўлди. Улкан бунёдкорлик, яратувчилик, ободончилик муҳташам ва кўркам иншоотларнинг очилиш маросимлари чексиз қувонч, катта шодиёналар билан ўтказилди. Шаҳримиз жамолига ўзгача тароват, жозиба, мафтункорлик баҳш этиб турган муҳташам Санъат саройи, фарзандларимизнинг саломатлиги, жисмонан ва маънан соғлом униб ўсишларига хизмат қилувчи Сув спорти саройи, 20 минг ўринга мўлжаллаб бунёд этилган  ўйингоҳ ва мазкур Марказий деҳқон бозори мажмуаси фарғоналиклар учун мамлакатимиз конституциясининг 22 йиллик тантаналари нишонланган қутлуғ ойда, шунингдек, яқинлашиб келаётган янги 2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили арафасида катта байрам туҳфаси бўлди.

Марказий деҳқон бозорининг очилиш маросимида сўз олганлар юртимизда Президентимиз раҳнамолигида  кенг кўламда амалга оширилган  бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш борасида бажарилган эзгу ва хайрли ишларни эътироф этишди. Хусусан, янгидан қуриб битказилган ушбу бозор мажмуаси ҳам улуғвор ишларнинг амалий давоми эканлиги қайд этиб ўтилди.

Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р.Парпиев, вилоят фаоллари, халқаро экспертлар, сайлов комиссиясига бириктирилган чет эллик кузатувчилар, тадбир иштирокчилари деҳқон бозори савдо мажмуасида тадбиркорлар, сотувчи ва харидорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Янгидан қурилган  ва тартиб билан терилган савдо расталарида сотувчилар харидорларга хушмуомалалик, ҳалоллик билан сифатли хизмат кўрсатишмоқда. Қайд этиш жоизки, бозор қурилишига 21 миллард сўмдан зиёд маблағлар сарф этилиб, бозор 2300дан ортиқ савдо ўринларига эга. Мева ва сабзовотлар, нон ва нон маҳсулотлари, гўшт ва сут, балиқ маҳсулотлари, зираворлар, қуруқ мевалар савдоси учун ҳам алоҳида павилонлар ташкил этилган бўлиб, яратилган шароитлардан кўз қувонади. Бозор қурилиши давомида  вилоятимиздаги 15 га яқин қурилиш ташкилотларидан  1000 дан зиёд қурувчи усталар меҳнат қилишди.  Бозорнинг ертўла қисмида олиб борилган қурилиш ишлари ҳам эътирофга сазовор. Бу ерда эндиликда 3000 тонна мева ва сабзовотлар сиғадиган   омборхона қурилиб, махсус  замонавий музлаткичлар билан таъминланди. Шу билан бирга бозор атрофида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Турли гул кўчатлари, инсон саломатлиги учун фойдали бўлган арча, каштан каби дараҳт кўчатлари ўтказилиб, ҳудуд кўркам ҳолга келтирилди.

– Қувончим чексиз, биз сотувчилар учун яратилган бундай шароитлар, қурилган замонавий бозор мўъжизанинг ўзи, – дейди қўштепалик Мавлудахон Юсупова.

– Асосан сабзовот маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келаман. Мана бундай усти ёпиқ, ёғин-сочин кунлардан ҳимояланган, барча қулай шароитларни ўзида мужассам қилган  бозорда яйраб-яшнаб савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланаяпмиз. Ушбу эзгу ишларнинг бошида турган Президентимизга, вилоятимиз раҳбарларига катта раҳматлар айтаман. 

Марғилонлик Машҳура опа Мирзакаримова ҳам ўз ҳурсандчилигини шундай баён этди.

– Кўп йиллардан буён оиламиз билан  нонвойчилик қиламиз. Ҳалол пешона тери эвазига меҳнатларимизнинг роҳатини кўряпмиз. Айниқса, менга янги қурилган ушбу бозорда нон савдоси учун алоҳида жой ажратилганидан янада қувониб кетдим. Шароитлари ҳам бирам яхши эканки, харидорларга ҳеч қандай қийинчиликларсиз намунали хизмат кўрсатаётганимиздан, халқимиз дастурхонининг тўкин-сочин бўлишига муносиб ҳисса қўшаётганимиздан бениҳоя шодмиз. 

Ҳа, истиқлолимиз шарофати билан юртимизда халқимизнинг ҳар жиҳатдан фаровон турмуш кечиришига катта эътибор қаратиляпти Бундай эзгу ишлар, бунёдкорлик намуналари ёруғ келажак эгалари бўлмиш фарзандларимизга, меҳнатсевар, эл юрт ишига доимо камарбаста бўладиган ватанпарвар халқимиз учундир. Бундай неъматларга  шукроналик ҳисси билан яшаш, тинчлик ва хотиржамликка даҳлдорлик туйғуси билан умр кечириш барчамизнинг ҳаётимиз мазмунига айланар экан, албатта  юксалиш ва тараққиёт бардавом бўлаверади.  

You must be logged in to post a comment Login