ҲАРБИЙЛАР САЙЛОВДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТДИ

7hant_va_ofitserlar_ovoz_bermo_da_21_12_2014

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловда Фарғона вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларида ҳам муддатли ҳарбий ва шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскарлар, сержантлар, офицерлар ҳамда уларнинг оила аъзолари ўз сиёсий фаолликларини намойиш этдилар. 

Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида жойлашган 718-участка сайлов комиссияси раиси, тиббиёт майори Одил Диёровнинг таъкидлашича, сайловчиларнинг катта қисмини ёшлар ташкил қилади. Оддий аскар Абдутолиб Пўлатов ушбу сайлов участкасида биринчилардан бўлиб овоз берди. 

– Ўзим танлаган номзодга овоз бердим. Юртимиздаги бундай катта сиёсий жараёнда қатнашганимдан хурсандман. – дейди А.Пўлатов. – Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида биз, ёшларни, жумладан, ҳарбийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Биз хизмат қилаётган ҳарбий қисмда яшаш, ўқиб-ўрганиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш учун барча зарур шарт-шароит яратилган.

– Овоз бериш замирида халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси ётгани қанчалик масъулиятли эканлигидан далолатдир, – дейди шартнома асосида хизмат қилаётган сержант Баҳодир Ғаниев. – Шу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, юртимизнинг янада тараққий этиши, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қиладиган қонунлар ишлаб чиқишга муносиб ҳисса қўша оладиган номзодларга овоз бердим, деб ўйлайман. 

You must be logged in to post a comment Login