СЎЗ ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИЛАРГА

сайлов

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилаётган сайловларни кузатиш учун юртимизга келган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари Фарғона вилояти сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнлари билан танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Витторио Джорджи, хусусий адвокат, Ўзбекистоннинг Козерта шаҳридаги фахрий консули (Италия):

– Муҳтарам Президентингиз Ислом Каримов томонидан атроф-муҳитга алоҳида эътибор қаратилганлиги, экологияга бўлган эътибор туфайли  парламент қуйи палатасида экоҳаракатдан 15 нафар депутатларга ўрин ажратилганлиги ва улар сайловсиз қонунчилик палатасига қабул қилиниши ҳам атроф-муҳитга бўлган эътиборнинг натижаси ҳисобланади. Юртингизда халқнинг фаровон ҳаёт кечириши учун барча имкониятлар яратилганлиги ва улар ўз ҳаётларида жуда ҳам мамнун эканликларини бугун сайлов жараёнида кўрдим. Одамларнинг юзларидаги байрамона табассум ҳамда улар ўз келажакларига бефарқ бўлмаган тарзда сайловларга жиддий ёндашаётганини бевосита  кузатдим. Мен ўзим адвокатман, шу боис сайловнинг демократик тамойиллар асосида ўтаётганига алоҳида эътибор қаратдим ва мен амин бўлдимки, сайлов жараёнлари адолатли ва қонуний тарзда ўтказилди.

Тажрибамдан келиб чиқиб, ишонч билан айтишим мумкин, сайловлардан сайловгача халқингизнинг ҳуқуқий онги анчайин юксалган. Бу демократик давлатнинг асосий мезонларидан бири. Сайлов қонунчилиги ҳам дунёнинг ривожланган давлатлари қонунчилигига ҳамоҳанг, уйғун. Бугунги сайловларга жиддий, ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилганлигига сайлов участкаларида бўлганимда яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Фарғонага биринчи ташрифим. Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳарларида кўп бўлганман. Фарғонанинг гўзаллиги мени мафтун этди.

Аккан Сувер, «Marmara Group» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси бош директори  (Туркия):

– Мен Туркиядан кузатувчи сифатида ташриф буюрдим. Айнан Фарғонани танладим ва бу ерда ўтказиладиган сайловни ўз кўзимиз билан кўришни истадим. Ташрифим давомида 3 та сайлов участкаларни кўздан кечирдим. Сайлов участкаларида жуда ҳам жиддий ишлар олиб  борилганига гувоҳ бўлдим. Бу ерда ўз фарзанди, чақалоқлари билан ташриф буюрган аёлларни хам кўрдим. Бундан билиш муминки, бу аёл қўлидаги чақалоғининг келажаги ва фаровонлигини ўйлаб сайловга келган. Ҳар бир сайлов участкаларида она ва бола хоналарининг ташкил  этилганлиги мени ҳайратга солди. Шунингдек сайлов участкаларидаги муҳим ишларнинг айримлари аёлларга топширилганини ҳам кўрдик. Бундан жамият тараққиётида аёлларнинг роли алоҳида аҳамиятга эга эканлиги яққол кўриниб турибди. Яна бир муҳим жиҳат ногиронлар, кексаларни эъзозлаб улар учун алоҳида қути ажратилганлиги ва бу қути билан уларнинг хонадонига кириб муносиб номзодига овоз тўплашлари, демократиянинг муҳим намунаси эканлигини кўрсатади ва бу мени жуда руҳлантирди.

Фаткулин Масут,  Рассомлар уюшмаси халқаро конфедерациясининг ижроия қўмитаси раиси, халқаро кузатувчи (Россия) (Международная конфедерация союзов художников):

– Яна бир бор Ўзбекистонга келганимдан хурсандман. Фарғонага келмаганимга анча бўлди. Тўғриси худди бошқа шаҳарга келиб қолгандай хис этаяпман ўзимни. Кўплаб ҳашаматли бино, иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилибди. Айниқса, “Санъат саройи” менда катта тассурот қолдирди. Мен дунёнинг кўп давлатида бўлганман, аммо бунақанги хажми ва техник имкониятлари юқори бўлган саройни учратмаганман. Эътиборли жиҳати бу ерда опера спектакли, балет спектаки қўйиш ва катта концертларни ташкил этиш учун имкониятлар етарли. Қолаверса, атрофга қўланса ҳид тарқатадиган ёғ комбинатининг ўрнида мана шундай сайилгоҳни қурилганлиги бу қувонарли ҳол. Фарғоналиклар учун тоза ҳавода дам олиб, сайр қилгач, саройга кириб концерт томоша қилиш имконияти яратилган.

Сайловлар ҳақида шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, йилдан йилга мамлакатингизда сайловчиларга яратилаётган имкониятлар кенгайиб бормоқда. Конституцияга киритилган ўзгаришлар натижасида халқнинг давлат бошқарувидаги ўрни кенгайиб бораётганлиги бу демократиянинг кўринишларидан бири. Қолаверса, қонунчилик палатасида 30 фоиз аёллар учун 15 та экоҳаракат учун ўрин ажритилган. Бундай имкониятлар жаҳоннинг ҳеч бир давлатида йўқ. Бу ҳам бўлса юртингизда давлат бошқарувида аёлларнинг иштирокини оширишга ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга бўлган юксак эътибордан далолат. Сайловчи кимга овоз бераётганлигини ва келажакда сайланган депутат орқали аҳоли учун давлат ҳокимиятида фаол иштирок этиши имконияти яратилишини англаб етмоқда. Бу эса Ўзбекистон аҳолисининг демократик ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишини англатади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатда фуқаролар турмуш фаровонлигин юксалтириш, ҳуқуқий билимларини янада ошириш учун барча имкониятлар яратилаётганлигин кўриш мумкин.

Амея Сатае, “Diplomacy India.com” ахборот  таҳлилий порталининг  ижрочи директори, халқаро кузатувчи (Ҳиндистон):

– Ўзбекистон ёш давлатлардан бири бўлсада катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Мамлакатда демократик жамият шаклланаётганини сайлов жараёнида кўриш мумкин. Фуқароларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора ортиб бораётганлиги ёш давлат учун катта ютуқ деб биламан. Айниқса,  бўлажак сайловларда 4 та партиянинг иштирок этиши, бу сайловчи учун танлаш имкониятини беради ва соғлом рақобатни юзага келтиради. Халқнинг бўлажак сайловларга бефарқ эмаслиги улар билан қилган суҳбатлардан тушуниб етдим. Қолаверса, суҳбатлар чоғида Ўзбекистон Президенти ёшларга катта имконият яратаётганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Бир неча йиллик ташрифим чоғида шунга амин бўлдимки, мамлакат  ёшларининг  Юртбошига бўлган ишончи ҳам юқори. Ишонинг, бу оддий хақиқат. Бу эса мамлакатннг келажаги буюклигидан далолат беради.

Пье-Эммануэль Томанн, Европа халқаро алоқалар институти геосиёсий тадқиқотлар бўйича директори (Белгия):

– Мен мустиқилликка эришган мамлакатингизга олтинчи маротаба келишим. Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда унинг шаҳар ва қишлоқларидаги ўзгаришларни кўриб ҳайратланаман. Юртингизда бунёдкорлик ва ободончилик ишларига бўлган эътибор катта. Бевосита сайлов жараёнига келсак, халқаро кузатувчи сифатида илгари ҳам мазкур тадбирларда иштирок этганман. Сайловларда юртингизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг сиёсий фаоллиги халқаро кузатувчи сифатида менда ижобий фикрлар туғдиради. Яна шуни алоҳида айтиш жоизки, бу йилги сайловда юртингизда фаолият кўрсатаётган 4 та сиёсий партия иштирок этмоқда. Мазкур партияларнинг мақсадлари муштарак. Яъни мамлакатингизнинг иқтисодий тараққиёти, эртанги порлоқ келажак ва халқингиз турмуш фаровонлигини юксалишидир.

Абдулла Хўжа, Туркистон-Америка жамияти раиси (АҚШ):

– Президент Ислом Каримов мустақилликни эълон қилгандан буён  катта  ўзгаришлар бор мамлакатда. Мана сайловлар ҳам демократик йўл билан ўтяпти, ҳозирликлар, тайёргарликлар кўрилган. Вилоятнинг барча туман, шаҳарларида камчиликлар кўринмаяпти. Барчаси мустақилликнинг шарофати билан бўляпти.

Фарғонада, Марғилонда, Қўқонда сайлов участкаларини кўрдик. Тайёргарлик ишлари тартиб билан шакллантирилган. Ҳеч бир камчилик кузатилмади. Аввалги сайловлардан кўра, анча ўзгариш бор. Бу демократиянинг олдинга кетиш натижаси. Фарғона шаҳрини ҳам кўрдик, кўп катта ўзгаришлар амалга оширилибди. Кўчалари кенгайтирилган, баланд бинолар қурилган. “Санъат саройи”ни кўрдик, Европа даражасида, ҳеч бир камчилик йўқ. Марғилонда ҳам айни шаклда ўзгаришлар бор. Бутун вилоятларда, шаҳарларда, бутун Ўзбекистонга борсангиз ўзгаришлар бор. Ўзбекистоннинг яхшилиги шуки, одам ҳар бир-икки йилда келса, ўзгаришларни кўради. Бу ерда яшаганлар буни ҳис қилмасликлари мумкин, лекин бу четдан келган одамга дарров фарқига боради.

 

Фарғона вилояти сайлов комиссия матбуот хизмати.

You must be logged in to post a comment Login